Иқтисодиёт | 16:20 / 05.08.2023
103278
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors шартнома беришни бошлаганидан 1 кун ўтиб жараённи тўхтатди

Lacetti, Cobalt ва Damas учун йил охиригача мўлжалланган сотув лимити тўлгани айтилди. Шу тариқа, бу моделларни 8 ой давомида сотмай келган монопол компания контрактацияни очганидан 24 соат ўтмай, яна номаълум муддатга ёпди.

Фото: Kun.uz

Chevrolet Lacetti, Cobalt ва Damas автомобилларининг 2023 йил учун қўшимча партиясига контрактациянинг дастлабки 2 кунида тўлиқ шартнома тузилди, дея маълум қилди UzAuto Motors.

“4-5 август кунлари ушбу автомобил моделларини харид қилиш учун 50 000 дан ортиқ шартнома имзоланди. Қолаверса, сизга шуни маълум қиламизки, шартномаларнинг бир қисми бўйича тўлов ўз вақтида, 7 календар кундан кейин амалга оширилмаса, ушбу шартномалар яна қайта контрактация учун очиқ бўлади”,дейилади хабарда.

Компаниянинг кечаги эълонида “ишлаб чиқариш линияларида амалга оширилган модернизация ишлари, шунингдек завод фаолияти самарадорлигининг ошиши ҳисобига” 2023 йилда қўшимча 50 минг дона автомобил ишлаб чиқариш имкони яратилгани айтилганди.

Автомобилларга қўшимча опциялар қўшилиб, нархлар оширилди. Шу билан бирга, компания савдони ишлаб чиқариш жадвалига мослаштириши, бундан мақсад “автомобилларни етказиб бериш муддатини қисқартириш” экани маълум қилинди.

Эълондан кейин, 4 август куни оқшомдан бошлаб Uzavtosavdo онлайн платформаси катта муаммолар билан ишлай бошлади, 5 август куни тонгдан эса автосалонларда катта навбатлар, тиқилинч ва жанжаллар юзага келди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors энг харидоргир учта модели – Lacetti, Cobalt ва Damas учун шартнома беришни 2022 йил декабр ойи бошида тўхтатган эди.

Мавзуга оид