Жамият | 23:38 / 07.08.2023
24726
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 5 та метан-шохобча салкам 1 млн долларлик газ ўғирлагани аниқланди

Пискентда учта, Чиноз ва Сергели туманларида биттадан АГТКШлар томонидан газни ҳисобга олиш ускуналарига ташқи таъсир кўрсатиш оқибатида давлатга жуда катта миқдорда зарар етказилган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Ўзэнергоинспекция, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида тезкор тадбир ўтказилди. Унда бир қанча қонунбузарликлар аниқланган.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Пискент туманида жойлашган «К.И.К» корхонасига қарашли 3 та шохобчада ўрнатилган газни ҳисобга олиш ускуналарида назорат қилинадиган маълумотлар истеъмолчилар аралашуви билан қисман йўқотилишига йўл қўйилган. Яъни газни ҳисобга олиш ускунасининг электр таъминоти тизимидан вақти-вақти билан узиб қўйиш йўли билан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмининг ҳақиқий кўрсаткичлари яширилган. Оқибатда, истеъмол қилинган табиий газ ҳажми ҳисобини юритиш учун ўрнатилган ускуналарнинг электрон хотира маълумотлари йўқотилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 3 та шохобча умумий ҳисобда 8 миллиард сўмга яқин табиий газдан ноқонуний фойдаланган.

Тошкент вилояти, Чиноз туманида жойлашган «К.П.» корхонасига қарашли шохобчада ўрнатилган «АвтоПилот ПРО» русумли электрон ҳисоблагичга ўрнатилган бир маротабалик назорат тамғаси қасддан бузилган ва ҳисоблагичдаги кўрсаткичлар ташқи таъсир ёрдамида камайтириб кўрсатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 1,9 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Тошкент шаҳри, Сергели туманида жойлашган «Н.З.Ф.Б» корхонасига қарашли шохобчада газ ҳисобдонига ташқи таъсир кўрсатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 1,3 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларига тақдим қилинган.

Мавзуга оид