Ўзбекистон | 09:42 / 09.08.2023
32141
3 дақиқада ўқилади

Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг 20 млн фунтлик мулкларини назоратга олди

Буюк Британия судининг қарори билан, Катта фирибгарликларга қарши курашиш бюроси (Serious Fraud Office, SFO) мамлакатда Гулнора Каримовага тегишли учта кўчмас мулк устидан назоратни қўлга киритди. Бу ҳақда назорат органи тарқатган баёнотда айтилади.

Фото: Getty Images

Маълум қилинишича, гап Лондоннинг нуфузли Белгравиа туманидаги иккита квартира ва Суррей графлигидаги уй ҳақида бормоқда. Бюрога кўра, уларнинг нархи 20 миллион фунт стерлингдан ошади.

Инглиз расмийларининг фикрича, Гулнора Каримова ва унинг оиласи бу мулкларни Ўзбекистондаги коррупцион фаолиятдан топган пуллари ҳисобига сотиб олган.

“Бюронинг ҳисоблашича, Каримова 2004-2012 йиллар оралиғида Ўзбекистон бозорига киришига ёрдам бериш эвазига телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар пора олиб келган”, дейилади Англиянинг ваколатли органи баёнотида.

Суррейдаги ҳовли уй / Фото: gorsehillsurrey.com

SFO Каримованинг Британиядаги активларини, жумладан, шу учта мулкка тақиқ қўйиш юзасидан судга 2018 йил октябр ойида мурожаат қилган. Кеча, 8 август куни суд бу даъвони қаноатлантирган.

“Биз бугун бу мулклар устидан назоратни қўлга киритиш учун кўплаб офшор ҳисобрақамлар ва компанияларни ўз ичига олган мураккаб молиявий занжирларни ўрганиб чиқдик. Суднинг бу қарори бизнинг Бирлашган Қиролликдан ифлос пулларни йўқотишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизда олдинга силжиш бўлди”, – деган Катта фирибгарликларга қарши курашиш бюроси директори Лиза Ософски.

Суррейдаги ҳовли уй / Фото: gorsehillsurrey.com

Гулнора Каримова 2019 йил баҳоридан бери Тошкент вилоятидаги 21-сонли колонияда жазо муддатини ўтамоқда. 2020 йил март ойида Олий суд у жиноий гуруҳ ташкил этиш, фирибгарлик, давлат мулкини ўзлаштириш ва бошқа жиноятларда айбланиб, 13 йил-у 4 ойга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эди.

Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатларда Гулнора Каримовага алоқадор активларнинг умумий миқдори қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Хусусан,, Kun.uz хориж нашрларига таяниб Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Британияда камида учта уйга эгалиги ҳақида ёзган эди.

Тўлдириш: Kun.uz ва бошқа бир қатор нашрлар мазкур ҳолат бўйича эълон қилган илк хабарларида Британиянинг ваколатли органи Каримованинг учта мулкини мусодара қилгани ҳақида маълум қилган эди. Каримованинг қизи Имон Каримова Instagram'даги саҳифасида мулклар мусодара қилинмагани, фақат вақтинча тегишли органнинг номинал назорати остига ўтганини маълум қилди.

Мавзуга оид