Ўзбекистон | 22:21 / 10.08.2023
9095
2 дақиқада ўқилади

Антикоррупция агентлиги 1,65 млрд сўмлик давлат харидининг бекор қилинишига эришди 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти буюртмачилигида ўтказилган давлат хариди жараёнида қонунбузарликлар аниқланган. 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қонунбузарликка йўл қўйилгани туфайли, 1,65 млрд сўмлик давлат харидининг бекор қилинишига эришди. 

Қайд қилинишича, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти буюртмачилигида 2023 йил 4 июль куни қуёш фотоэлектр станциясини харид қилиш ва ўрнатиш юзасидан 1 млрд 650 млн сўмлик давлат хариди ўтказилган. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишда мазкур давлат харидида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддаси (баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларига тааллуқли қоидалар), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилганлиги ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Хусусан, ушбу харидда иштирокчиларнинг таклифлари харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларига зид равишда баҳоланган. 

Мазкур ҳолатлар бўйича 2023 йил 21 июль куни харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган ва қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган. 

Агентликнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти томонидан 24 июль куни харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.

Мавзуга оид