Хонанда Зоҳид Рисқиевга суд ҳукми ўқилди
Собиқ «Уммон» гуруҳи солисти ЖК 266-моддаси бўйича айбдор деб топилди. У 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини – 2 йил синов муддатида шартли ўташи белгиланди.
Собиқ «Уммон» гуруҳи собиқ хонандаси Зоҳид Рисқиевга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 9 августдаги ҳукмига кўра, у ЖК 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбдор деб топилган.
Унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Хонандага нисбатан ЖК 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланган ҳамда тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланган.
Суд Зоҳид Рисқиевга жазо тайинлашда, унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, уларнинг судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб берган фикрини, судланувчининг соғлиғи оғир аҳволда эканлигини инобатга олган. Шу сабабли унга нисбатан тайинланаётган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамасдан туриб ҳам уни хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган фикрга келиб, тайинланаётган жазони шартли деб ҳисоблаш ҳамда синов муддати белгилашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган.
Бундан ташқари, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.
- Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 29 сентябрда Юнусобод туманида жойлашган Mega Planet савдо маркази яқинида Зоҳид Рисқиев бошқарувидаги автомобил ЙТҲга учраган эди. Натижада унинг ўзи ва икки ҳамроҳи шифохонага ётқизилган, машинада бўлган яна бир киши эса воқеа жойида вафот этганди.
- Хонанда маълум вақт жонлантириш бўлимида ётган, ССВ унинг аҳволи оғирлиги ҳақида маълум қилганди.
Мавзуга оид
08:12
Тошкентда учта автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
13:20 / 17.12.2024