Ўзбекистон | 11:41 / 12.08.2023
9351
2 дақиқада ўқилади

ДХХ қўшни давлатлардан олиб келинган қарийб 11 кг «опий»ни мусодара қилди

Гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида, Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қўшни давлат ҳудудидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган катта миқдордаги наркотик модда топилди.

Видеодан кадр

ДХХ хабарига кўра, Музработ туманининг чегара ҳудудидан ўтувчи Амударё қирғоғидаги қамишлар орасига номаълум шахслар томонидан яшириб кетилган 1 дона полиэтилен қоп топилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг ичида 10 дона ўрамда гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда соф вазни 10 кг 38 гр бўлган “опий” моддаси борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу наркотик модда эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Сурхондарё – Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Кўкдала туманида жойлашган “Умакай” ЙПХ масканида тўхтатилди.

Денов туманида яшовчи фуқаро бошқарувида бўлган ушбу автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, унинг салон қисмига яшириб қўйилган 935 гр “опий” ва 200 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид