Ўзбекистон | 19:37 / 13.08.2023
39023
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳафта ичида: Умра монополиясига расман чек қўйилиши, доллар курси ва бошқалар

Ортда қолаётган ҳафта давомида мамлакатимизда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар шарҳи билан Kun.uz дайжестида танишинг.

Умра зиёратига оид янгиликлар

Энди Ўзбекистон фуқаролари ҳам Саудия Арабистонига кириш учун электрон виза олиши мумкин. Подшоҳлик туризм вазирлигининг маълум қилишича, фуқароларига электрон тарзда виза бериладиган давлатлар рўйхатига 8 та мамлакат, хусусан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўшилган.

Бу дегани, эндиликда Саудияга бормоқчи бўлган ватандошларимиз турфирмаларга мурожаат қилиб ўтирмай, ўзлари мустақил тарзда электрон виза расмийлаштириб олиши мумкин. Бундан ташқари, визани Саудия Арабистонига борган пайтда аэропортнинг ўзида ҳам расмийлаштирса бўлади. Виза учун тўлов миқдори чегарада олинса 480 риёл, онлайн олинса 535 риёл деб белгиланган. Бу тахминан 126-142 долларга тўғри келади.

Кириш рухсатининг бу тури мултивиза бўлгани учун уни олганлар 1 йил давомида сайёҳ сифатида Саудияга кўп маротаба кириб-чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. Асосий шарти – 1 йил ичида Арабистон ҳудудида бўлишнинг жами муддати 90 кундан ошмаслиги керак. Бу вақт давомида мамлакатда саёҳат қилиш, шунингдек, Умра ибодатларини амалга ошириш мумкин. Электрон виза Ҳаж зиёратини қилиш ҳуқуқини бермайди.

Ўзбекистоннинг ўзида эса Умра зиёратларини ташкил қилишдаги давлат монополияси расман бекор қилинди. Бу борада турфирмаларга бирмунча вақт олдин берилган рухсат норасмий характерга эга бўлиб қолаётган эди. 8 августдаги ҳукумат қарорига асосан, Умра хизматлари фақат маҳаллий туроператорлар томонидан кўрсатилиши белгиланди. Қарорда “фақат” сўзининг ишлатилгани Дин ишлари бўйича қўмита бу бозордан чиқиб кетганини англатади.

Шу билан бирга, Умра зиёратини ташкил қиладиган турфирмалар учун лицензион талаблар ҳам белгиланди. Хусусан, улар Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига камида 100 минг доллар маблағни захира қилиб қўйиши, диний соҳада дипломга эга камида битта ходимга эга бўлиши, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мутахассисларини тайинлаши керак. 1 октябрдан кучга кирадиган бу янги қоидалар қаторида, шунингдек, вояга етмаган фуқароларга Умра хизматини кўрсатмаслик талаби ҳам бор.

Сўм девалвацияси

Сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан қадрсизланишида сакраш бўлгани ҳафтанинг энг шов-шувли воқеасига айланди. Пайшанба куни АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 400 сўмдан ортиқроққа қимматлади ва биринчи марта 12 минг сўмдан ошиб, 12 135 сўмгача кўтарилди. Бунда, бир кунлик қадрсизланиш даражаси 3,5 фоизга тенг бўлди. Таққослаш учун, бу бутун ўтган йил давомидаги девалвация даражаси билан тенг. 2023 йил бошидан буён ҳисоблаганда эса, сўм долларга нисбатан 7,4 фоизга ўз қадрини йўқотди.

Марказий банкнинг изоҳлашича, бу ҳолат Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган Хитой, Россия, Туркия ва Қозоғистон миллий валюталарининг кескин қадрсизланаётгани билан боғлиқ. Йил бошидан бери рубл 32 фоизга, лира 45 фоизга, юан эса охирги бир йилда 7 фоиздан ортиқроққа қадрсизланган. Бу эса Ўзбекистонда валюта тушумининг камайишига ва импортнинг ошишига олиб келган, ўз навбатида ички валюта бозорида таклиф камайган. Шу сабабли регулятор 10 августдаги ҳолатни “фундаментал омиллар таъсиридаги тўғриланиш” деб атади. Расмийларга кўра, йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда бунақа даражадаги катта сакраш бошқа такрорланмайди.

Марказий банк сўмнинг бу қадрсизланиши ички бозорда нархлар сезиларли ошишига олиб келмаслигига ишонмоқда. “Албатта, истеъмол савати ичида маълум даражада импорт товарлари бор, уларнинг нархига кичик таъсирлар бўлиши мумкин, лекин 4 фоиз ўзгариш катта таъсир қилади деб ўйламайман”, – деди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев. У идора бошқарувининг икки ҳафта олдинги йиғилишида йиллик инфляция прогнозини 8,5–9,5 фоиз атрофида сақлаб қолишга қарор қилинганини эслатди. Яъни регулятор бу прогнозни қайта тасдиқлашда доллар курси ошишини ҳам инобатга олган.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, Марказий банк шу пайтгача олтин-валюта захиралари ҳисобига конвертация курсини ушлаб қолишга ҳаракат қилиб келган. У ҳозирги шароитда одамларга қанақа тавсия берасиз деган саволга жавобан, аҳолининг қарз юки йилдан йилга ошиб бораётганини эслатди. “Агар долларда қарзи бўлса, тезроқ тўлаш ҳаракатида бўлишсин. Лекин буни айтишга осон…” – деди иқтисодчи.

UzAuto Motors шартномаларнинг иккиламчи сотувидан огоҳлантирди

Кескин девалвациянинг эртасига, банкларда доллар курси бироз тушиши кузатилди. Бунга шу куни UzAuto Motors дилерларидан олинган шартномалар бўйича тўлов қилишнинг охирги куни бўлгани ҳам қисман таъсир қилган бўлиши мумкин. Автокорхона ўтган ҳафта охирида мижозлар билан 50 мингта шартнома тузган эди. Маълум бўлишича, бир кунлик сотувда омади келган харидорларнинг айримлари имкониятдан фойдаланиб ортиқча шартномалар ҳам олиб чиққан. Кўп ўтмай улар бу шартномаларни интернет платформаларида бир неча юз доллардан минг долларгача бўлган нархда сотувга қўйди.

Бунга жавобан UzAuto Motors одамларни огоҳликка чақириб, битимни бошқа одамнинг номига қайта расмийлаштириш имконсизлиги, автомобил етказиб берилганида у кимнинг номига чиққани ҳақидаги маълумот тегишли органларга тақдим этилишини маълум қилди.

Амалдаги тартибга кўра, битта шахс бир хил модел учун иккитадан ортиқ автомобилга буюртма берса, биринчидан кейинги автомобилларни етказиб бериш муддати 120 кунга кечиктирилади. Компания баёнотида айтилишича, олибсотарларга қарши курашни кучайтириш учун бу муддатни 270 кунгача узайтириш масаласи кўриб чиқиляпти.

67 та цистернадаги нефт воқеаси

Афғонистон Миллий стандартлар агентлиги Ўзбекистондан олиб кирилган нефт маҳсулотларини ортга қайтариб юборди. Ваколатли орган сифати паст нефт импортига қарши чоралар кўраётганини айтиб, сифатсиз деб топилган 67 вагон маҳсулот Харитан портидан илк марта Ўзбекистонга қайтариб юборилганини билдирган.

Масалага тезда “Ўзбекнефтгаз” томонидан аниқлик киритилди. Унга кўра, гап Қашқадарёдаги GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик дизел ҳақида кетяпти. Маълум қилинишича, номи ошкор қилинмаган турк компанияси GTL заводидан 3,4 минг тонна, яъни 67 вагон синтетик дизел компонентини сотиб олган. Сотув пайтида завод вакиллари харидорни синтетик дизел ва унинг компоненти бўйича стандартлар Афғонистонда ҳали жорий қилинмагани ҳақида огоҳлантирган. Харидор компания эса синтетик дизелни анъанавий дизел билан компаундлаштирган ҳолда Афғонистонга олиб кириш режа қилинганини билдирган.

Қайтарилган маҳсулот Ўзбекистонга қайтиб олиб кирилганми-йўқми, аниқ эмас. Фақат шуниси маълумки, Афғонистон томони нефт маҳсулотини GTL заводига қайтармаган. Чунки товарни қўшни давлатга завод эмас, импортёр компания олиб кирган. “Ўзбекнефтгаз”га кўра, турк компанияси сотиб олган маҳсулотининг пулини юз фоиз тўлаган. Харидор маҳсулотни қайси давлатда қандай қилиб сотишини ўзи белгилайди, дейилади расмий изоҳда.

Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг учта мулкини назоратга олди

Европанинг бир нечта давлатларида Гулнора Каримованинг коррупцион жиноятлари бўйича ҳуқуқий жараёнлар давом этяпти. 8 август куни Британия ҳукуматининг Катта фирибгарликларга қарши курашиш бюроси Каримованинг учта кўчмас мулки суд қарори билан бюро назоратига ўтганини маълум қилди. Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримовага кўра, мулклар мусодара қилинмаган, фақат вақтинча тегишли органнинг номинал назорати остига ўтган.

Гап Лондоннинг қиммат туманларидан бири Белгравияда жойлашган 2 та квартира ва Суррей графлигидаги уй ҳақида кетяпти. Бу учта мулкнинг умумий қиймати 20 млн фунтдан ортиққа баҳоланган. Инглиз расмийларининг фикрича, Гулнора Каримова ва унинг оиласи бу мулкларни Ўзбекистондаги коррупцион фаолиятдан топган пуллари ҳисобига сотиб олган.

“Бюронинг ҳисоблашича, Каримова 2004-2012 йиллар оралиғида Ўзбекистон бозорига киришига ёрдам бериш эвазига телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар пора олиб келган”, дейилади Англиянинг ваколатли органи баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 2019 йил март ойидан буён Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти. Ўзбекистон ҳукумати бир қатор хорижий давлатлардаги унга боғлиқ активларнинг жами қийматини салкам 1,4 млрд долларга баҳолаган ва бу маблағларнинг юридик жиҳатдан имконли қисмини қайтаришга ҳаракат қиляпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Президент Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Бу топшириқларни бажариш учун соҳанинг масъул раҳбарлари 11 августдан бошлаб фавқулодда режимда ишлаши айтилди. Тайёргарлик доирасида инфратузилмани таъмирлаш, энергоресурслар ишлаб чиқариш бўйича режаларни бажариш, энерготежамкорликка ўтиш, қуёш панеллари ўрнатиш, ўғриликларга қарши курашиш устувор йўналишлар бўлади. Шунингдек, кўмирда ишлайдиган иссиқхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари маълум қилинди.

Кенг миқёсда кадр ўзгаришлари давом этяпти. Ҳафта давомида 3 та вилоятда янги прокурор, 7 та вилоятда янги бош солиқчи иш бошлади. Бош прокурор, ички ишлар вазири, қишлоқ хўжалиги вазири, иқтисодиёт ва молия вазири ҳамда Марказий банк раисига ўринбосарлар тайинланди. Шунингдек, бир нечта туманларда ҳокимлар ўзгарди. Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекциясига қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов раҳбарлик қиладиган бўлди. Шунингдек, Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева билан тузилган шартнома муддатидан олдин бекор қилингани жамоатчилик эътиборини тортди.

Тошкент метросининг ерусти бекатларига ном берилди. Олмазор-Сергели йўналишидаги бекатлар эндиликда Чоштепа, Ўзгариш, Сергели, Янгиҳаёт ва Чинор деб аталади. Дўстлик–Қўйлиқ йўналиши бекатларига эса Технопарк, Яшнобод, Тузел, Олмос, Роҳат, Янгиобод, Қўйлиқ, Матонат, Қиёт, Толариқ, Хонобод, Қурувчилар, Турон ва Қипчоп номлари берилди. Ерусти метро ҳалқа йўналиши “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” деб аталадиган бўлди.

Автомобилга давлат рақами белгисини олишдаги тўлов миқдори ўзгаради. 1 ноябрдан бошлаб, тўлов ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,5 баравари деб белгиланади. БҲМнинг ҳозирги қийматида бу миқдор 1 млн 155 минг сўмга тенг бўлади.

Тошкентда 17 ёшли қизга ҳужум қилган эркак 10 йилга қамалди. Кўчадаги камерага ёзилиб қолган воқеа видеоси апрел ойида интернетда тарқалган эди. Миробод туман суди 26 ёшли эркакни номусга тегишга суиқасд қилиш жиноятида айбдор деб топиб, уни 10 йил муддатга умумий тартибли колонияда жазо ўташга ҳукм қилди. Ҳафта давомида, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида катта ёшли эркак 8 яшар қизга кўчада жинсий тажовуз қилгани акс этган видео тарқалди. Пойтахт ИИББга кўра, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, эркак қўлга олинган.

Мавзуга оид