Жаҳон | 11:43 / 13.08.2023
22989
6 дақиқада ўқилади

Примореда йирик сув тошқини: Уссурийскда тўғон бузилган

Уссурийскда қурилиши охиригача тугалланмаган тўғон бузилиб кетди, айрим ҳудудларда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Икки бола чўкиб кетган, ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари сув остида қолган.

Фото: YURI SMITYUK/TASS

Приморе ўлкасида минтақага кириб келган «Ханун» тўфони туфайли кучли ёмғирлар ёғмоқда — бунга қадар ушбу циклон Япония ва Жанубий Кореяга зарба берганди. Ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари автомобил алоқасидан узилиб қолган, қатор муниципалитетларда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган, дарёларда сув даражаси критик нуқтага етган. Област ФВВнинг 12 август тонгидаги маълумотига кўра, табиий офат туфайли 17 та муниципалитетда 543 та турар жой, 1393 та томорқа ва 40 та автойўл участкалари «сув остида қолган». Шунингдек, регионда алоқа билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Қутқарувчилар жабрланган ҳудудлар аҳолисини ёппасига эвакуация қилмоқда. 12 август куни кечқурун ўлка расмийлари ёғингарчилик ва сув тошқинларидан 60 дан ортиқ аҳоли яшаш манзиллари жабр кўрганини маълум қилди.

Сув тошқини оқибатида икки бола ҳалок бўлган. Приморе ўлкаси прокуратураси 11 август куни Хорол муниципал округидаги Дальзаводское қишлоғида 10 ва 12 ёшлардаги болалар ҳалок бўлганини хабар қилди. «Болалардан бири тошқин вақтида оқим билан сув ўтказиш қувури ичига кириб кетган, кейин унга ёрдам бермоқчи бўлган акаси ҳам унинг ичига тушиб кетган», — дейилган идора хабарида. Бундан ташқари, PrimaMedia агентлиги маълумотига кўра, Уссурийскда бир аёл чўкиб кетган.

Приморе ўлкасида аҳоли сони кўплиги бўйича (180 минг киши) иккинчи шаҳар бўлмиш Уссурийскда — сув тошқинини тўхтатиб туриши керак бўлган тўғон бузилиб кетган. Шаҳар Ягона навбатчи диспетчерлик хизматига кўра, тўғон 12 августга ўтар кечаси бузилган. Округ расмийлари Уссурийскдаги сув тошқинларини сўнгги 10 йилликдаги «энг кучли ва вайронкори» деб баҳолашмоқда. Бироз аввалроқ шаҳарда ёғингарчиликнинг қарийб бир ойлик нормаси ёғганди — 117 миллиметр. Қирғоқларидан тошган Раздольная дарёсида сув сатҳи биринчи бор 10 метрга кўтарилган — бу ҳали охиригача қуриб битказилмаган ва 2023 йил октябрида фойдаланишга топширилиши кутилган тўғон сатҳидан юқори деганидир. Маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш ишлари ҳали якунланмаган, аммо мэрияларнинг ҳисобларига кўра, 150 киши аллақачон вақтинчалик жойлаштириш пунктига олиб келинган: «[Жабрланганлар] барча зарур воситалар, иссиқ овқат билан таъминланади. Тиббиёт ходимлари ишламоқда, ҳаммани текширамиз, овқатлантирамиз, кузатиб борамиз. Жой, бошпана — барчаси бор». Айни вақтга келиб сув сатҳи кўтарилиши тўхтагани айтилмоқда.

Фото: РФ ФВВ

Тўғон бузилишидан бироз олдинроқ губернатор томонидан кўздан кечирилганди, ҳозир эса маҳаллий ҳукумат уни тиклашнинг имкони йўқлигини тан олмоқда. Бир ой муқаддам, «Семь метров» микрорайонини сув босганида, тўғонни Приморе ўлкаси раҳбари Олег Кожемяко шахсан бориб текширганди. 7 июл куни қайиқда амалга оширилган рейд чоғида Уссурийск шаҳар округидан бўлган мулозим унга шундай деган: «[тўғон бузилмаслиги учун] ҳаммаси пайвандланган, сув ташланадиган жойни бетонлаб ташлаш учун бир кун етарли эмас». Шундан кейин губернатор пудратчи шиддатли ёғингарчилик туфайли «режадан бироз ортда қолаётгани»ни айтиб, «микрорайон бўлғуси сув тошқинларидан ҳимояланиши учун» қурувчи ишни июл ойи охирига қадар якунлашини ваъда қилганди. Сув тошқинидан кейин, 12 август куни, Уссурийск мэри Евгений Корж «айни вақтда [тўғондаги] ёриқни ҳеч қанақасига бартараф этиб бўлмаслиги»ни айтди, аммо вазият назорат остида эканини таъкидлади: «Биз сув жуда кўп эканини олдиндан билардик. Менимча, тўғон ёрилиши жиддий хавф солмайди, биз барчани огоҳлантиргандик, барчани олиб чиқдик».

Сув тошқини туфайли кўплаб жониворлар ҳалок бўлишган. Шаҳардаги «Коммунар Уссурийск» телеграм-канали йўқолиб қолган уй итларининг фотосуратларини эълон қилган, уларнинг айримлари эвакуация вақтида «бегоналар билан бирга кетишдан бош тортган». Маҳаллий UssurMedia агентлиги 11 август куни Новоникольскдаги 700 дан ортиқ уйсиз ит ва мушуклар сақланадиган хусусий бошпана сув остида қолганини хабар қилди, шу куннинг ўзида шаҳар мэрияси улар қутқарилгани ҳақида ҳисобот берди: «Бошпана раҳбарияти ёрдам сўраб мурожаат қилди, аммо қутқарувчилар етиб боргунича, барча қафасларни очиб, жониворларни олиб чиқишга улгуришганди». Аммо 12 август куни бошпана раҳбари Ирина Мудрова «7×7» нашрига учта кучукча ва битта катта ит нобуд бўлганини айтган. Жониворлар яшаган уйларнинг барчаси чўкиб кетган. Ўзининг айтишича, Мудрова ФВВнинг жониворларни эвакуация қилиш бўйича таклифини рад этган, чунки ҳукумат уларни қаерга жойлаштириши мумкинлиги ҳақида маълумот бўлмаган. Ҳозирда кўнгиллилар жониворлар сув юзасида қолиши учун ҳудудда баррикадалар қурмоқда. Сув Борисовка қишлоғидаги ҳайвонот боғига ҳам етиб борган — ва у ердан ҳам жониворлар эвакуация қилинган.

Катта эҳтимол билан, Приморе ўлкасида кучли ёмғирлар ҳали тугамайди. Гидромет маълумотига кўра, регионга яна бир кучли тўфон — LAN яқинлашмоқда. Хизматнинг бош синоптиги Борис Кубайга кўра, унинг йўлининг бир неча эҳтимолий траекторияси мавжуд бўлса-да, «прогнозларнинг ҳеч бири ўлка учун ижобий эмас». Янги тўфон бўйича якуний хулоса 14 август куни берилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид