«Тарихий имконни бой берганлардан нафратланаман» — Навалний 90-йиллар ва Елцин ҳақида
Россия мухолифати етакчиси, Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навалний устидан навбатдаги суд маҳкамаси ўтказилди. Сиёсатчи умумий ҳисобда 19 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, жазони қатъий тартибдаги колонияда ўташи белгиланди. Навалний узоқ муддатли жазо олганидан кейин катта баёнот берди. Қуйида тўлиқ матн келтирилади.
Анчадан буён бу ҳақда ёзмоқчи эдим. Майли, айтадиганларим ҳукмдан кейинги илк пост деб қабул қилина қолсин. Гўёки иқрор мисоли. Мен танамдаги қўрқув ва нафратни енгишим керак. Балки ёзадиганларим бунга ёрдам берар.
Нафрат. Бу ҳақда кўп ёзишади. Ва мана, яна битта хат келибди: судяни ёмон кўрасанми? Путиндан энди янада кўпроқ нафратланасанми? Аввал ҳам айтганман: қамоқхонада курашиш керак бўлган асосий нарса – нафрат. Бу ерда нафратланиш учун сабаблар етарли. Имконсизлик эса вазиятни янада қийинлаштиради. Агар бу ерда ичингдаги нафратга эркинлик берсанг, сени еб битиради.
Аммо тан оламан, менда нафрат бор. Қанақа дейсизми? Катта ёшдагилар интернетдаги «телбаларча нафратланаман» деган мемни эслайди. Менда ҳам шунга ўхшаш ҳолат, айниқса «судлар»дан кейин. Айтганча, менга 19 йил берилган охирги суд бундан мустасно. Унда биз бир-биримизга ёқимли тилаклар билдиришда мусобақалашдик. Бундайлар судяларнинг энг хавфли турига киради. Улар сенга 19 йил қамоқ жазоси беришади-да, кейин сенда уларга нисбатан симпатия пайдо бўлишига ҳаракат қилишади.
Район судларидаги маҳкамалардан кейин эса тўғриси ғазабланаман. У ерда жуда оддий ишлар кўрилади, ҳуқуқий ҳимояланишга ҳеч қандай имкон йўқ. Судялар ҳам қора рангга қараб «Бу оқ, тушундингми, чунки маълумотномада оқ ёзилган» дейишади. Ва ноқонуний ҳукмни ҳеч уялмай эълон қилишади.
Баъзан ўзимни тута олмай Самойловга ўхшаган «судя»ларга бақириб юборишим ҳам бор гап. Биласизми, мен ўзимдаги танамга сиғмас нафрат билан айнан бу судядан нафратланмайман. Ёки қамоқхонадаги безори-ўғри-милиционерлардан ҳам, уларни бошқарадиган ФСБдагилардан ҳам, ҳар қанча ҳайратланарли бўлмасин Путиндан ҳам нафратланмайман. Бундай лаҳзаларда бир вақтлар мен яхши кўрган инсонлардан, томоғим бўғилгунча тортишиб ҳимоя қилганларимдан ва уларни яхши кўрганим учун ўзимдан нафратланаман.
Ҳозир жарима изоляторида ўтириб Натан Шаранскийнинг «Зулмдан қўрқмайман» асарини ўқияпман. Шаранский СССРда 9 йил қамоқда ўтирган ва 1986 йил уни алмаштиришган. Шундан кейин Исроилга кетиб партия тузган, катта муваффақиятга эришган ва ҳатто мамлакат ташқи ишлар вазири лавозимигача кўтарилган. Бир сўз билан айтганда, ажойиб одам. Дарвоқе, карцерда ва жарима изоляторида 400 кун яшаган. У бундай шароитда қандай омон қолганини тасаввур қилолмаяпман.
Шаранский китобда қўлга олиниши ва терговни тасвирлайди. 1977 йил, ўша вақтда мен 1 ёшда бўлганман. Китоб СССРда 1991 йил, мен 15 ёш вақтимда чиққан. Ҳозир 47 ёшдаман ва китобни ўқиб худди ўзим ҳақимда ўқиётгандек бўляпман. Масалан, жарима изолятори биноси – симтўр билан ажратилган алоҳида казарма, изоляторда бўлиш учун максимал муддат – 15 кун. Буларни ўқир эканман, кетма-кет «15 кунликлар»дан кейин шафқатсиз жиноятчи каби камерага олинганимдан ҳам ажабланмай қўя қолдим. Ҳаммаси ўхшаш.
Шаранский кириш сўзида айнан қамоқхоналарда «эркин фикрлаш вируси» сақланиб қолгани, КГБ «бу вирусга қарши малҳамдори» топмаслигига умид қилиши ҳақида ёзган. Эслатиб ўтаман, гап 1991 йил ҳақида кетмоқда. Аммо Шаранский адашди. Малҳамдори ўйлаб топишди.
Ҳозир Россия қамоқхоналарида сиёсий маҳбуслар Брежнев ва Андропов давридагидан ҳам кўпроқ. Аммо бунда КГБнинг нима алоқаси бор? Ахир мамлакатда махсус хизматдаги одамлар томонидан давлат тўнтариши қилинмаган бўлса. Улар ҳукуматга келиб ислоҳотчи демократларни ундан чиқариб ташлашгани ҳам йўқ. Ўзлари уларни таклиф қилишди. Ҳа, ўзлари! Сайловларни қандай сохталаштиришни, саноатдаги бутун бошли мулкларни соҳаси билан ўғирлашни, ОАВда одамларни лақиллатишни, қонунларни ўзларига мослашни, мухолифатни куч билан йўқ қилишни, етмаганига тентакларча уруш бошлашни ҳам ўзлари ўргатишди.
Шундай экан, 90-йиллар бошидаги тарихий имконни бой берган сотқинлардан тентакларча нафратланишдан ўзимни тия олмайман. Елцинни «Таня ва Валяси» билан бирга (қизи ва куёви назарда тутилмоқда – тарж.), Чубайсни ва Путинни ҳукуматга олиб келган бошқа сотқинларни ёмон кўраман. Биз негадир ислоҳотчи деб атаган фирибгарларни ёмон кўраман. Бугун улар ўз манфаатлари йўлида интрига уюштиришдан бошқа ҳеч нима билан шуғулланмагани кундай равшан бўлиб қолди.
Қайси давлатда «ислоҳотчи ҳукумат»нинг бу қадар кўп вазирлари миллионер ва ҳатто миллиардер бўлиб кетди? Президентга ўша вақтдаёқ мутлақ монарх ҳуқуқини берган ва бизга демократик деб уқтирилган авторитар конституция муаллифларидан нафратланаман.
Уларнинг ҳаммасини суд ислоҳоти ўтказиш орқали қонунсизликка қарши курашишга жиддий уриниб ҳам кўрмагани учун айниқса ёмон кўраман. Ахир суд ислоҳотисиз бошқа ҳар қандай ислоҳотлар самарасиз бўлиб қолади-ку?
Ҳозир ўша воқеаларни кўп ўрганаман. Эсимда, 1991 йил Россияда суд ислоҳоти бўйича яхши концепция ишлаб чиқишганди. Аммо 1993 йилга келиб контрислоҳотлар орқали судлар устидан вертикал назорат ўрнатиш бошланди. Ўшанда барча сиёсий кучлар мамлакатда ҳаққоний судлар бўлишини истаган, бутун жамиятнинг фикри бир эди. Агар одил судлов жорий қилинганида, янги узурпация бўлмас ёки уни тузиш камида жуда қийин бўларди.
Шунинг учун чалғиб кетманг, айби йўқ одамларни 8-15-20 йиллаб қамаб юбориш тизими Путингача тузиб бўлинганди. Энди маълум бўляптики, ҳозир Кремлда ўтирганлар 90-йилларда мустақил судлар бўлишини истамаган. Чунки мустақил ва одил судлов коррупцияга, сайловларни сохталаштиришга, губернатор ва мэрларни князларга айлантиришга халақит берарди.
Тарихимиздаги энг жиддий бурилиш нуқталаридан бири бўлган 1996 йилдаги президентлик сайловларини сохталаштиришни таъминлаб берган «мустақил ОАВ» ҳамда «демократик жамоатчилик»ни ёмон кўраман. Такрорлайман, ўшанда мен буларнинг барчасини фаол қўллаганман. Сайловлардаги сохталикни эмас, албатта. Бу нарса ўша вақтда ҳам менга ёқмаган бўларди. Аммо мен ўша вақтда бўлган воқеаларни пайқамаслик учун ҳамма нарса қилганман. Сайловлардаги ноҳақликлар эса мени умуман безовта қилмаган. Биз 1996 йилда сайловларни сохталаштириш доим ҳам ёмон ҳолат эмас деган сафсатани қабул қилганимиз учун бугун товон тўлаяпмиз. Мақсад ажратилган пулларни оқлаган.
Диссидентларни таъқиб қилишда бош-қош бўлган КГБ раҳбари ўринбосари Бобковни ишга олгани учун олигарх Гусинскийни (ҳозир олигарх ҳам эмас) ёмон кўраман. Ўшанда Бобковни ишга олиш унинг учун шунчаки ҳазилдек гап бўлган: аввал айбсизларни қамаганди, энди менинг қўл остимда ишлайди дегандек. Худди ливрейдаги айиқдек. Ўша вақт лаънатиларни рағбатлантириш оддий ҳол бўлган. Бугун ўша Бобковнинг қўл остида ишлаган ёш ходимлар Яшинни, Кара-Мурзани, мени қамамоқда.
Елцин давридаги ҳукумат ҳеч нарса қила олмасди, парламентда коммунистлар уларга кун бермаган, қабилидаги гапларни кўп эшитаман. Қизиқ, 1996 йил гаровли аукционлар ўтказишга халақит бермаган нарса негадир махсус хизматларни ва суд тизимини ислоҳ қилишга халақит берган.
1991 йил (исёнгача) ва 1993 йилдаги (парламент ўққа тутилганидан кейин) Россия ҳукуматидаги ҳаммани ёмон кўраман. Чунки улар очиқчасига демократик ислоҳот қилишни истамаган. Чехияда (ўртача маош 181 минг рубл), Полшада (ҳозир у ерда демократия ва ўртача маош 179 минг рубл), Эстонияда (ҳозир у ерда демократия ва ўртача маош 192 минг рубл), Литвада (ҳозир у ерда демократия ва ўртача маош 208 минг рубл) ва Шарқий Европадаги бошқа давлатларда қилинган оддий демократик ислоҳотларни.
Ҳа, ўша вақтда ҳукуматда тўғри, яхши, самимий инсонлар ҳам бўлган. Аммо бу жуда оз сонли инсонларнинг курашдаги муваффақиятсизлиги ўша вақтдаги коррупция ва виждонсизликни янада яққол кўрсатиб беради, холос.
Биз 2011 йил Путин билан эмас, 1994 йил Елцин, Чубайс ва барча комсомол партиясидаги бандалар, олигархлар ва ўзини «демократ» деб кўрсатганлар билан Европа томон эмас, Марказий Осиё томон юз тутдик. Европадаги келажагимизни «Таня ва Валя»нинг (Елциннинг қизи ва куёви – тарж.) Сен-Бартдаги «миллионерлар ороли»да қурилган виллаларига алмашдик.
Путин бошчилигидаги КГБчи/ФСБчилар сиёсий лавозимларни эгаллаш учун эркинликка эга бўлгач, уларнинг қиладиган иши ҳам қолмаганди. Улар шунчаки ҳайрат билан «Нима, шунақа қилса ҳам бўладими?» дейишди холос. Ва ўйин қоидалари ўғирлаш, сохталаштириш, цензуралаш бўлса, барча судялар бизнинг назоратимизда бўлса, ҳаммасини уддалашимизга ишонинг, дейишди.
Биз эчкини карам омборига киритиб юбордиг-у, энди у ҳамма карамни еб қўйибди деб хафа бўляпмиз. Ахир у эчки, унинг миссияси ва мақсади карамни еб битириш, калласига бошқа нарса келмайди. Унга ниманидир тушунтириш бефойда. Путиннинг мулозимлари ва ФСБчиларнинг калласида ҳам фақат бир хил ўй бўлади: каттароқ уй қуриб, ўзига ёқмайдиганларни қамаш. Ҳа, мен эчкига тоқат қила олмайман, лекин ундан эмас, уни карам омборига қўйиб юборганлардан нафратланаман.
Шундай бўлса ҳам, кимдандир нафратланиб ўтиргандан кўра яхшиси бунақаси яна такрорланмаслиги учун нима қилиш ҳақида ўйлаш кераклигини биламан. Шунда ўзимдаги асосий қўрқувга етиб келаман. Мен Россияда яна имкон юзага келишига, бу тарихий жараён бўлишига нафақат умид қиламан, балки бунга ишонаман ҳам. Бизда яна тарихий имкон бўлгани, лекин биз 90-йиллардаги хато йўлдан кетганимиз тушларимга кириб, совуқ терга ботиб уйғониб кетаман. Ўша хато йўл бошидаги йўлкўрсаткичда «мақсад воситани оқлайди» деб ёзилган бўлади.
Кетаётганда эса ҳали кичик ҳарфлар билан ёзилган «сайловларни сохталаштириш доим ҳам ёмон эмас», «халқнинг аҳволини қара, улардан қанақасига судялар ҳайъати чиқади», «ўғри эканининг фарқи йўқ, асосийси технократ ва велойўлаклар тарафдори», «бу одамларга эркинлик бер ва улар яна шунақасини танлайди», «ҳукумати европалик биргина Россия қолди» каби авторитаризмга бағишланган яна бошқа ақлли ёзувлар чиқади.
90-йиллар ҳақида ёзганим тарих дарси бўйича машғулот эмас, Европага йўл тарафдори бўлган ва демократик ривожланишни қўлловчиларни ўйлантириши керак бўлган асосий саволдир.
Биласизми, бизнинг Александр Венедиктов ва Ксения Собчак ҳақида қилган суриштирувимизга муносабатлар менда катта таассурот қолдирди. Улар единороссларга хизмат қилувчи бюджет фондидан юз миллионлаб пул олишган. Масалан, Венедиктов кузатув штабини бошқарган ва овозларни сохталаштиришда қатнашгани учун 550 миллион рубл олган. У сизнинг овозингизни олиб «Единая Россия» номзодига бериш учун мўлжалланган электрон овоз бериш дастурининг юзи ва тарғиботчиси бўлган.
Овозлар сохталаштирилгани яхшигина исботланган ва бунга шубҳа йўқ. Лекин бунга ишонмайдиган одамлар ҳам кўп экан. Улар «Исбот йўқ-ку, шунчаки пул тўлашган, сохталаштириш эса бунга боғлиқ бўлмаган тарзда шунчаки амалга оширилган» деб ўйларкан. Яна улар буни арзимаган пул деб ҳам атаган. Аммо ҳаммаси «мамонтлар даврида» бўлган, 2019 йил бошланган. Кўпчилик бу ишларни аллақачон унутиб ҳам юборган. Ҳозир эса у «урушга қарши».
Бу бир мисол, лекин у Мурзагулов билан боғлиқ ҳолатга ва Ходорковскийнинг қурол олиб Пригожиннинг ёнида туришга чорловига ўхшайди. Бу воқеалардан шундай хулосага келиш мумкинки, 2023 йилда ҳам, уруш, репрессия ва қама-қама вақтида ҳам принципларга содир қолиш кўпчилик томонидан романтик нарса деб қабул қилинмоқда. Шахсга содиқлик, корпорацияга мансублик ва эски дўстлик кўпчилик томонидан муҳимроқ деб қаралмоқда.
Мен Александр Венедиктовни отиб ташлаш, осиш ёки сездирмай «кесиш» тарафдори эмасман. Ҳеч қандай ёввойилик шарт эмас. Лекин унинг қилганларини қўлламаслик, уни ҳамфикр деб атамаслик мумкин-ку. Кечирасиз-у, «Единая Россия»га овозларимизни совға қиладиганлар бизнинг иттифоқчиларимиз бўлса, биз ким деган одам бўламиз? Биз нега керакмиз ўзи? Унда юринг, «Единая Россия» сафига қўшилиб, у ерда мустаҳкам собянинчилар фракциясини тузамиз. Асос тайёр. Коррупцияга қарши кураш фонди суриштирувининг барча қаҳрамонлари тезда дрим-тимни оқлашга тушади: Ксения Собчак (бир, икки), Алексей Венедиктов, Максим Кац (бир, икки, уч) ва собиқ «нашист», ҳозир негадир «Новая газета» бош муҳаррири Кирилл Мартинов.
Ҳаммаси яхши бўлади, пул кўп бўлади. Биз мустаҳкам собянинчилар сифатида ёмон Путинни четлаштиришни ва бизга яхши Собянин ва Мишустинлар, Шувалов ва Ликсутовларни беринглар деймиз.
Шубҳа қилманг, эртага янги имкон бўлади. Аммо биз яна қаерлардадир сайловларни сохталаштириш мумкин (акс ҳолда «экстремистлар»ни сайлаб қўйишади), журналистларни сотиб олиш нормал ҳолат («биз ҳеч кимга пул тўламадик, шунчаки таниш олигархдан бу канални сотиб олишни сўрадик»), судяларни назоратда ушлаш керак (акс ҳолда уларни сотиб олишади»), ҳукуматдаги кадрларнинг асосини алмаштириш керак эмас («ахир уларни кўчадан топиб келмаганмиз-ку, улар профессионаллар») деб ўйлайдиганлар билан тўқнаш келамиз.
Ҳали ана у кўприк қуриш учун конкурс ўтказиш шарт эмас, яхшиси узоқ йилдан буён биз билан ишлайдиган «ишончли пудратчи»га берақоламиз деб ўйлайдиган одамлар яна чиқади. Ва бундай одамлар путинчи ёки коммунист бўлмайди. Улар ҳам ўзларини демократ ва либерал деб таништиради.
Ҳақиқий ҳаёт мураккаб, оғир ва ёқимсиз одамлар билан муросага тўла. Аммо биз ҳеч бўлмаса ёқимсиз одам бўлмаслигимиз ва ҳеч бўлмаса вазият компромисс талаб қилгунига қадар коррупциянинг ҳар қандай кўринишини олқишламаслигимиз керак. Қарашлар учун кураш «реал сиёсат» шиори остида бой берилиши мумкинлигидан қўрқаман.
Бундай қўрқув ва нафратдан қандай қутулиш ҳақида менга маслаҳат беринг. Бу ҳақда сизнинг фикрингизни ўқиш мен учун жуда қизиқ. Имкон бўлса, фикрингизни почта орқали юборинг. Менимча, ҳозир ўзингга содиқ қолишдан яхшироқ нимадир қила олмайсан киши. Одамларга эса демократик принциплар, прагматиклик, мустақил суд, ҳаққоний сайловлар, қонун олдида ҳамма тенг экани, ривожланиш ва яхши ҳаёт учун танланадиган энг тўғри йўл эканини тушунтиришдан чарчамаслик керак. Яхши диктатор ҳақида орзулар эса шунчаки сафсата.
Рус мухолифатининг аксар қисми ҳар қандай ҳолатда ҳам сайловларни сохталаштириш, ноҳақ суд, коррупцияни оқламайдиган одамлардан иборат бўлсагина биз кейинги имконда тўғри қарор беришимиз мумкин. Шундай тўғри йўлки, ҳеч ким 2055 йилда Шаранскийнинг китобини ўқиб, буни қара-я, худди ҳозиргидек демасин.
Мавзуга оид
12:34 / 11.12.2024
Навалний ва унинг адвокатлари колонияда яширин камера билан видеога олинган
21:37 / 12.11.2024
Португалияда Алексей Навалний мемориали очилди. У Россия элчихонаси яқинида жойлашган
14:10 / 14.10.2024
Жаҳон ОАВ Навалнийнинг хотираларидан парчаларни чоп этди
13:10 / 05.10.2024