Спорт | 07:35 / 16.08.2023
18580
2 дақиқада ўқилади

«Интер Майами» йирик ғалаба эвазига Лигалар кубоги финалига чиқди, Месси 9-голини 30 метрдан киритди

Лигалар кубоги биринчи яримфинали доирасида «Интер Майами» сафарда «Филадельфия Юнион» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониб, финалга йўлланма олди. 

Фото: Getty Images

Учрашувнинг 3-дақиқасида Мартинес ҳисобни очган бўлса, 20-дақиқада Месси чамаси 30 метрлардан рақиб дарвозасини ишғол этишга эришди – 2:0. Лионель кетма-кет 6-ўйинида ўз ҳисобига 9-голини ёзиб қўйиб, «Интер Майами» тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 3-ўринга кўтарилди.

Биринчи бўлим якунида эса Жорди Альба янги жамоасидаги дебют голини ўз услубида киритиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди – 3:0.

Рақиблардан Бедойя фарқни қисқартирган бўлса, Давид Руис 84-дақиқада ўйинга нуқта қўйди – 4:1. Шу куни Месси ва Бускетс тўлиқ ўйнади, Алба 87-дақиқада алмаштирилди.

Шу тариқа, «Интер Майами» ўтган мавсум финалчисини йирик ҳисобда мағлуб этди ва энди  ўз тарихидаги биринчи совринни қўлга киритиш имкониятига эга. Иккинчи финалчи «Монтеррей» – «Нэшвилл» ўйинидан кейин маълум бўлади. Финал ҳафта охирида бўлиб ўтади.

Лигалар кубоги. Яримфинал.
16 август (чоршанба)
«Филадельфия Юнион» – «Интер Майами» – 1:4

Голлар: Бедойя 73 – Хосеф Мартинес 3, Месси 20, Алба 45+3, Давид Руис 84.

Мавзуга оид