Спорт | 14:23 / 16.08.2023
24548
12 дақиқада ўқилади

«ПСЖ» Неймарга ўринбосар топди, «Бавария» эса — Нойерга. Сўнгги трансфер хабарлари

«Ал-Ҳилол»да дунё терма жамоаси йиғилмоқда, «Арсенал» эса Рамсдейлга топ-рақобатчи олди.

15 август куни трансферлар бозорида навбатдаги янгиликлар рўй берди. Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи ҳам Саудия Арабистонига кетди, «Арсенал» эса дарвозабон чизиғини мустаҳкамлади. Бу ҳақда сўнгги трансфер хабарлари дайжестида.

«Ал-Ҳилол» Неймар трансферини эълон қилди

Бу ёзнинг кутилмаган ва энг шов-шувли трансферларидан бири рўй берди. Ҳа, Неймарнинг «ПСЖ» билан йўллари айрилиши муқаррар эди, аммо  бразилияликни Европанинг топ-клубларида кутишаётганди. Масалан, ОАВ у «Барса»га ўтиши ҳақида тинимсиз ёзиб турганди. Аммо Неймар каталонияликларнинг ҳозирги бош мураббийи Хавининг режаларидан ўрин олмаганди, қолаверса, клуб унинг молиявий талабларини қондириши даргумон эди.

Шу туфайли футболчи 31 ёшида Саудия Арабистонига йўл олди - Неймар расман «Ал-Ҳилол» футболчисига айланди. Олти йилдан буён «ПСЖ» сафида тўп суриб келган бразилиялик юлдуз футболчи Саудия Арабистони чемпионати грандларидан бири билан икки йиллик шартнома тузди.

«Ал-Ҳилол» — Осиёдаги энг яхши, ажойиб фанатларга эга бўлган улкан клуб. Шу туфайли менда тўғри вақтда тўғри қарор қабул қилганим ва муносиб жамоага ўтганим ҳақида ҳиссиёт пайдо бўлди», — деган Неймар трансфердан кейин.

Футболчининг маоши миқдори турли манбаларда турлича кўрсатилган. L'Еquipe манбаси бразилиялик футболчига икки йил учун 160 млн еврони ташкил этиши ҳақида айтган бўлса, Sky Sports хабарида ҳар бир мавсум учун 150 млн евродан тўланиши ёзилган, Globo Esporte нашри аниқлик киритишича, сумма бироз кўпроқ: икки йил учун футболчининг ҳисобига 320 миллион евро келиб тушади. Футболчининг бу икки мавсумдаги жами даромади бонуслар ва тижорий келишувлар ҳисобига 400 млн еврога етиши ҳам мумкин.

«ПСЖ» эса бу сотувдан камида 90 млн евро (бонуслар қўшиб ҳисобланганда 120 млн евро) ишлаб олади.

«Арсенал» янги дарвозабон олди

Давид Райя. Фото: DAVID PRICE/ARSENAL FC VIA GETTY

«Арсенал» испаниялик дарвозабон Давид Райя трансферини эълон қилди. 27 ёшли дарвозабон лондонликлар сафига ижара асосида келиб қўшилди, бир йиллик ижара учун вице-чемпионлар «Брентфорд»га 3,5 млн евро маблағ тўлайди. «Арсенал» уни кейинги йил ёзида 31,5 млн еврога сотиб олиши мумкин бўлади. 

«Брентфорд» «Арсенал» молиявий фэйр-плейга амал қилиши учун шундай келишувга рози бўлди. Энди бу мавсумдан ЕЧЛда ҳам иштирок этувчи «Арсенал»да икки нафар юқори савияли дарвозабон бор.

Райя янги клубида 22-рақамни олди ва асосий таркиб учун Рамсдейл билан рақобатлашади.

«Давид — биринчи даражали дарвозабон, у бир неча йилдан буён «Брентфорд» билан премьер-лигада барқарор ўйнаб келмоқда. У билан таркибимизга сифат ва танлов қўшилди, бу орқали барча турнирларда максимал юқори даражада иштирок этишимиз мумкин бўлади», — деган «Арсенал» спорт директори Эду.

«Рома» Паредес трансферини эълон қилди

Леандро Паредес. Фото: «Рома» клуби матбуот хизмати

Леандро Паредес Италия чемпионатига қайтди. Рим клуби аргентиналик яримҳимоячи фаолиятини «Рома»да давом эттиришини эълон қилди. «Бўрилар» 29 ёшли Паредеснинг трансфери учун Париж клубига 4 миллион евро тўлайди. Аргентиналик футболчи римликлар билан 2025 йилга қадар шартнома имзолади. 

У жамоани тарк этган Неманя Матичнинг ўрнига таклиф этилган. Паредес 2014-15 ва 2016-17 йилги мавсумларда ҳам «бўрилар» шарафини ҳимоя қилганди.

«ПСЖ» Неймар ўрнига «Ювентус» вингерини оладими?

Неймар билан хайрлашган «ПСЖ» унинг ўрнига ҳужумкор футболчи қидирмоқда. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, парижликлар «Ювентус» вингери Федерико Киезани кўз остига олишган. Туринликлар 25 ёшли футболчиси учун 50–60 млн евро тўлайди. Киезанинг «Юве» билан шартномаси муддати тугашига яна икки йил вақт бор, аммо футболчи майдондаги жойлашувидан норози. Шунинг учун «ПСЖ»га ўтиш вариантини Чемпионлар лигасида ўйнаш ва яна ўзи учун севимли бўлган позицияда - ҳужум қанотида ҳаракат қилиш имконияти сифатида кўрмоқда.

Федерико Киеза. Фото: LIGHTROCKET VIA GETTY IMAGES

«Челси» яна бир яримҳимоячи олмоқда

Кайседо, Лавиа, энди эса Олисе. The Athletic хабарига кўра, «Челси» «Кристал Пэлас» билан ушбу 21 ёшли футболчини 40 млн еврога трансфер қилиш бўйича келишиб олган. Майклнинг шартномасида айнан шунча сумма бадал пули сифатида кўрсатилган.

Футболчи «Челси» билан узоқ муддатли шартнома имзолайди. Эътиборли жиҳати, Олисе «кўклар» академиясида етти йил ўтказган (2009 йилдан 2016 йилга қадар). Энди эса уйига қайтмоқда. Бу «Челси» сўнгги кунларда трансфер қилаётган учинчи яримҳимоячидир. 14 август куни «Брайтон»дан эквадорлик 21 ёшли таянч яримҳимоячиси Мойзес Кайседо рекорд даражадаги 133 миллион еврога трансфер қилинди, шунингдек «Саутҳемптон»дан яна бир таянч зонаси футболчиси, белгиялик 19 ёшли Ромео Лавиани 67 миллион еврога (бонуслар билан бирга) трансфер қилиш бўйича ҳам келишувга эришилган. Майкл Олисе эса ҳужум чизиғига яқин футболчи ҳисобланади.

«Астон Вилла» италиялик юлдузни олмоқчи

Фабрицио Романо хабар беради: Николо Дзаниоло «Галатасарой»дан «Астон Вилла»га ўтмоқда. Италиялик футболчи Бирмингҳем клубига ижара шартномаси асосида келмоқда. «Вилла»да уни мавсум якунида 27 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи бўлади.

Эътиборли жиҳати, «Галатасарой» Николони феврал ойида «Рома»дан 15 млн еврога сотиб олганди. Дзаниоло аввалроқ хочсимон пайларидан жароҳат олган, натижада Тоттининг вориси сифатида кўринган ушбу футболчи Моуринога керак бўлмай қолганди. Энди унинг фаолиятида янги саҳифа очилмоқда. У АПЛ клубида етакчи бўла оладими?

Николо Дзаниоло. Фото: ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Неймарга ЖЧ-2022 қаҳрамони жамоадош бўлади

«Ал-Ҳилол» трансферлар ойнаси охиригача тинмоқчи эмас. Саудияликлар кучли дарвозабонга ҳам эга бўлмоқчи. Фабрицио Романо хабарига кўра, «Севиля» посбони Яссин Буну ҳам Яқин Шарққа йўл олади. Саудияликлар клуби андалусияликлар клуби босслари билан келишувга эришган, трансфер суммаси 19 млн евро атрофида бўлади.

Куртуа ўрнига «Реал» номзодлари қаторида бўлган футболчига «Бавария»дан ҳам қизиқиш бор эди, аммо Буну учун каттароқ маош таклиф қилган «Ал-Ҳилол» мақсадига эришган. Яссин «Севиля» дарвозасини 2020 йилдан буён қўриқлаб келаётганди, ЖЧ-2022 ўйинларида эса марокашлик дарвозабон турнирнинг энг яхши уч дарвозабонидан бири бўлганди.

«Ал-Ҳилол» Неймаргача Калид Кулибали («Челси»), Милинкович-Савич («Лацио»), Рубен Невеш («Вулверҳемптон») ва Малком («Зенит») каби футболчиларни сотиб олганди. Айни вақтда франциялик яримҳимоячи Марко Верратти («ПСЖ»), сербиялик ҳужумчи Александр Митрович («Фулҳэм»), франциялик ҳимоячи Лукас Дин («Астон Вилла») каби футболчилар ҳам «Ал-Ҳилол» радарида турибди. 

Магуайр «МЮ»да қолмоқда

Фабрицио Романо хабарига кўра, Ҳарри Магуайр «Вест Ҳэм»га ўтмайди. Ҳимоячи «болғачилар» билан оғзаки келишувга эришгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади. У «МЮ»да қолади ва янги мавсумда ўйин амалиётига эга бўлишга умид қилади. Магуайр 2019 йилда 87 млн евро эвазига «Лестер»дан «Юнайтед»га ўтган ва ўшанда тарихдаги энг қимматбаҳо ҳимоячига айланганди. Ҳозир эса Transfermarkt порталида 30 ёшли ушбу англияликнинг трансфер баҳоси 20 млн евро этиб кўрсатилган.

«Бавария» Нойерга ўринбосар топди

Журналист Флориан Плеттенберг хабарига кўра, «Бавария» «Манчестер Сити» дарвозабони Штефан Ортегани трансфер қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. «МС» бош мураббийи Хосеп Гвардиола эса дарвозабонини қўйиб юбормоқчи эмас. Аммо барчаси футболчининг ўзига боғлиқ. «Бавария» «Интер»га ўтиб кетган Ян Зоммерга, шунингдек жароҳатидан тўлиқ тикланиб улгурмаган ва ёши ўтиб бораётган Мануэл Нойерга ўринбосар қидирмоқда.

30 ёшда бўлган Ортега ўтган мавсумда «Сити» сафида 14 ўйинда майдонга тушиб, етти гол ўтказиб юборган, тўққиз ўйинда эса дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. «Бавария»да у мавсумнинг биринчи даврасида асосий дарвозабон бўлиши мумкин. Нойер сафга қайтганидан кейин эса, катта эҳтимол билан «Сити»даги каби захира  дарвозабонга айланади.

Де Хеа яна Роналду билан жамоадош бўлиши мумкин

Саудия клублари трансферлар бозорида кўзга кўринган футболчи борки, сотиб олишни истамоқда. Хусусан, «Ан-Наср» бу ёзда эркин агентга айланган Давид де Хеани сафига қўшиб олишни кўзламоқда. Marca хабарига кўра, клуб испаниялик посбонга шартнома таклиф қилган. Де Хеага «Бавария» ҳам даъвогарлик қилмоқда, аммо мюнхенликлар молиявий томондан саудияликлар билан рақобат қила олиши даргумон. 32 ёшли испаниялик қаршисида ажойиб танлов бор: Европада совринлар учун курашувчи «Бавария» ёки пул ишлаш ва яна Криштиану Роналду билан жамоадош бўлиш учун Осиёга йўл олиш.

Бу ёзда Мане, Брозович, Фофана, Алекс Теллес каби юлдузларни ҳам сафга қўшиб олган «Ан-Наср» бразилиялик яримҳимоячи Луис Алберто («Лацио») ва испаниялик ҳимоячи Аймерик Ляпорт («Манчестер Сити»)га ҳам кўз тикмоқда.

Давид де Хеа ва Криштиану Роналду
Фото: SIMON STACPOOLE/OFFSIDE/OFFSIDE VIA GETTY IMAGES

«Тоттенҳэм» Кейнга ўринбосар қидирмоқда

Ҳарри Кейн «Бавария»га трансфер қилинганидан кейин «шпорлар» марказий ҳужумчига эҳтиёж сезмоқда. La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, «Тоттенҳэм» бир неча номзод вариантини кўриб чиқмоқда. Лондонликларда «Арсенал»нинг 22 ёшли ҳужумчиси Балогун (унинг учун 55 миллион евро сўралмоқда), «Порту»нинг 31 ёшли ҳужумчиси Меҳди Торимий ҳамда «Челси»нинг 30 ёшли ҳужумчиси Ромелу Лукаку вариантлари бор.

Мавзуга оид