«Бизга яна бир айблов керак». Нега Трампнинг рейтинги унга қарши очилган ишлар сони билан бирга ўсиб бормоқда?
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга қарши аллақачон тўртта жиноий иш очилган, баъзи айбловлар бўйича уни 20 йилгача қамоқ жазоси кутяпти, аммо унинг рейтинги барқарор ўсишда давом этмоқда.
Трамп 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашиш истагини билдирган республикачи номзодлардан катта фарқ билан олдинда кетмоқда.
Бу Трампнинг умумий ғалабасини кафолатламайди: демократлар ва ҳали позициясини аниқлолмаган сайловчилар орасида унинг антирейтинги юқори.
Аммо 2016 йилги сайловларда ҳам Трамп сўзсиз фаворит статусида қатнашмаганди.
Доналд Трамп қандай қилиб «Тефлон Дон»га айланди?
2015 йил август ойида Американинг Politico нашри ижтимоий сўровномаларда Доналд Трампнинг ғайритабиий даражада барқарор машҳурлигига эътибор қаратган мақолани эълон қилганди — Трамп нима қилган бўлишидан қатъи назар, ўз рейтингини сақлаб қолган.
Ўшанда Трампнинг журналистлар билан мулоқот услуби «дабдабали ва очиқча» дея таърифлаганди.
Улар Трамп барча ноқонуний муҳожирларни «жиноятчи ва зўравонлар» деб атаганини эслаган. Трамп сенатор Жон Маккейнни, унинг барча ҳарбий мукофотлари ва беш йил Виетнамда асирликда бўлганига қарамай уруш қаҳрамони сифатида тан олишдан бош тортган.
Унинг аёлларни камситувчи баёнотлари шунчалик кўп эдики, ялтироқ журналлар уларни тўпламларга бирлаштирди. «Агар Ҳиллари Клинтон эрини бахтли қила олмаса, нега у Американи бахтли қила оламан деб ўйлаяпти», деганди Трамп ўзининг асосий рақиби, демократлар номзоди ҳақида.
«Агар (Трампнинг республикачилар партиясидаги рақиби) Жэб Буш, Ҳиллари Клинтон ёки бошқа исталган номзод Трампдек гапириб, у қилган ишларни қилганида, уларнинг сайловолди кампаниялари кўплаб салбий сарлавҳалар сабаб аллақачон ўлган бўларди. Аммо Доналд Трамп тирик ва одатдаги қоидалар унга тааллуқли эмаслиги аниқ», деб ёзганди Politico нашри.
Ўшанда журналистлар бундай барқарорлик Трампнинг карьера сиёсатчиси эмаслиги билан боғлиқ деган хулосага келган. У сиёсат оламига ташқаридан кириб келган йирик тадбиркор; у олдиндан мавжуд бўлган қоидалар, оммавий ахборот воситалари ва сиёсий институтлардан нафратланади — бу эса сайловчиларга ёқади.
Ўшандан кейин Доналд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонди, бир муддат президентлик қилди ва кетишни шунчалик хоҳламадики, тарафдорларини исёнга қўзғади. Унга қарши очилган ҳар бир жиноий иш доирасида у бир неча ўнлаб моддалар бўйича айбланмоқда, уларнинг баъзилари учун 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Айбловлар орасида: юқоридаги исённи ташкиллаштириш, сайлов натижаларини бекор қилишга уриниш, махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш ва бошқалар бор.
Ва энди Трамп яна Республикачилар партиясидан президентликка асосий номзод бўлиш учун ишонч билан бормоқда.
Жиноий ишлардан бошқа факторлар ҳам бор
2023 йил баҳорида демократларнинг 85 фоиздан ортиғи ва партиясиз сайловчиларнинг 55 фоизи Трампга нисбатан очилган жиноий айбловлар уни 2024 йилда президентликка қайтадан номзодини қўйиш имкониятидан маҳрум қилиши керак, деб ҳисоблаган.
Аммо Quinnipiac ижтимоий хизмати томонидан ўтказилган сўровномаларга кўра, республикачилар орасида атиги 23 фоиз сайловчилар шундай деб ҳисоблаган, яна 75 фоизи эса унинг президентликка номзодини қўйиши кераклигига ишончи комиллигини таъкидлаган.
Респондентлардан бири, Оҳайо штатидан бўлган 65 ёшли Ричард Ҳолтон социологлар батафсилроқ жавоб бериш имкониятини берган одамлардан бири эди. Унинг айтишича, «Трампни қачондир айблашган айбловларнинг ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқди».
2023 йил баҳорида ҳозирда Трампга қўйилган барча айбловлар ҳали эълон қилинмаганди. Сиёсат билан боғлиқ ишларнинг ҳеч бири бўйича ҳали суд қарори чиқарилмаган.
Худди ўша кунларда (баҳорда) бошқа социологик хизмат, Marist Poll томонидан ўтказилган яна бир сўровномага кўра, республикачиларнинг учдан икки қисми Трамп жиноий ишларда айбдор деб топилган тақдирда ҳам унга овоз беради (АҚШ қонунчилигида бунга ҳеч қандай чекловлар йўқ).
Кўпроқ айбловлар керак
Доналд Трамп президентликка номзодини қўйишини 2022 йил ноябрида эълон қилганди. 2023 йил январ ойи бошида FiveThirtyEight лойиҳаси (бу ABC телекомпаниясининг бўлими бўлиб, у маълумотлар массивларини қайта ишлашга ихтисослашган) унинг рейтингини 40 фоиздан кўпроқ дея қайд этди. Трампнинг Республикачилар партиясидаги асосий рақиби Рон Десантис ўша кунларда 40 фоиздан сал камроқ овозга эга бўлганди.
Номзодлар рейтингини акс эттирувчи графикда Трамп ўшандан бери доимий равишда юқорига кетмоқда, Десантис эса пастламоқда.
2023 йил май ойида Десантис ўз номзодини расман эълон қилди, аммо ҳозирча у Трампдан ўзиб кетиши мумкин дейишга асос йўқ. Бундан ташқари, улар ўртасидаги тафовут 2023 йил январдаги тахминан 5 фоиздан август ойида 37,8 фоизгача ортди.
Трампга қўйилган ҳар бир янги айблов унинг Десантис устидан устунлигини янада оширмоқда ва унинг рейтингини кескин кўтаряпти.
Бу фақат Трамп 2023 йил июн ойида махфий ҳужжатларни рухсатсиз сақлашда айбланганида содир бўлмади. Қисқа муддатда унинг рейтинги ҳатто тушиб ҳам кетди.
ABC News нашрининг маълумотлар таҳлили бўлими бошлиғи Эллиотт Моррис бу воқеанинг (Трамп рейтинги пасайиши) иккита сабабига эътибор қаратган.
Биринчидан, ҳужжатларни нотўғри сақлаш айблови олдиндан маълум бўлган бошқа барча айбловлардан фарқли ўлароқ кутилмаган бўлди.
«Иккинчидан, миллий хавфсизлик мавзуси, ўртача америкалик сайловчи учун жуда муҳим. Сўровномаларга кўра, америкаликларнинг миллий приоритетлар рўйхатида, миллий хавфсизлик иқтисодиёт ва соғлиқни сақлашдан кейин учинчи ўринга қўйилган», дейди Моррис.
Доналд Трамп ҳатто ўз жиноий ишлари билан мақтаняпти. «Ҳар сафар улар айблов эълон қилганда, биз сўровномаларда кўтариляпмиз. Бу сайловни ёпиш учун бизга яна бир айблов керак. Яна бир айблов ва ҳеч кимнинг (бизга қарши) имконияти қолмайди», деган у август ойида Республикачилар партиясининг Алабама штатидаги кечки овқатидаги нутқида.
Давлатнинг ҳимояланиши
Аммо шуни эсда тутиш керакки, праймериз якунига қадар Доналд Трамп учун бу босқичда фақат партия ичидаги рейтинглар муҳим.
У расман Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлганидан кейин вазият ўзгаради.
ABC ходими Эллиотт Морриснинг ёзишича, 2024 йил январида бошланиши мумкин бўлган суд жараёнларининг таъсири айбловларнинг таъсиридан анча жиддийроқ бўлиши мумкин. Биринчидан, Трамп айбланувчи сифатидаги мақоми туфайли ҳужум қилишдан кўра кўпроқ ҳимояланиши аниқ. Иккинчидан, судлар, шубҳасиз, Трампдан барча мумкин бўлган ресурсларни, шу жумладан молиявий ресурсларни тортиб олади.
CNN сиёсий шарҳловчиси Стивен Коллинсоннинг ёзишича, Трампнинг сайлов ва суд жараёнларида бир вақтда иштирок этиши АҚШга катта зарар етказади.
Унинг фикрича, республикачи сайловчилар демократлар бошқарувидаги ҳукумат Трамп билан ҳисоб-китоб қилиш учун давлат машинасидан фойдаланишига ва уни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилишига қаттиқ ва чин дилдан ишонади. Трамп эса сайловчиларни 2020 йилги президентлик сайлови натижалари сохталаштирилганига ишонтиришга уринган усуллари билан, бу сафар ҳам ишончни кучайтирмоқда.
«Унинг ўзини ҳукумат қурбони сифатида кўрсатиш ва сайлов кампаниясидан ўзининг ҳимоя воситаси сифатида фойдаланиш истаги, олдинда ноаниқ ва ҳатто хавфли давр бўлиши мумкинлигини англатади», деб ёзади Стивен Коллинсон.
FiveThirtyEight лойиҳаси ҳар куни АҚШнинг барча йирик социологик агентликларининг маълумотларини жамлайди. Уларнинг маълумотларига кўра, Доналд Трампга ишонч рейтинги 17 август ҳолатига кўра 39,3 фоизни ташкил қилган (сўровномада қатнашганларнинг 56,4 фоизи унга ишонмаган).
Жо Байденнинг худди шундай мета-рейтинги ҳозирча бироз яхшироқ: респондентларнинг 40,7 фоизи унга ишонади ва 54,5 фоизи эса унга ишонмайди.
Мавзуга оид
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
17:01 / 23.12.2024
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:17 / 23.12.2024
Трамп Пентагон раҳбари ўринбосари лавозимига миллиардер Файнберг номзодини илгари сурди
10:43 / 23.12.2024