Жаҳон | 15:35 / 19.08.2023
27485
3 дақиқада ўқилади

Энди ярашиб олган Бурак Ўздемир ва унинг отасига қамоқ жазоси таҳдид солмоқда

Ижтимоий тармоқлар юлдузи туркиялик CZN Бурак ўзи фирибгарликда айблаган отаси билан ярашиб олганди. Энди эса ота-болага 5 йилгача қамоқ жазосини назарда тутувчи даъво қўзғатилди. Улар «Шаҳар қўриқхона зонаси»да рухсатсиз, ўзбошимчалик билан иншоот қуришда айбланмоқда.

Бурак Ўздемир отаси Исмоил билан. Коллаж:

CZN Burak номи билан ижтимоий тармоқларда машҳур Муҳаммад Бурак Ўздемир ва унинг отаси Исмоил Ўздемир ўрталаридаги совуқчиликни бартараф этишгани билан, бошқа кўнгилсизликлардан халос бўла олишмаяпти. (Эслатиб ўтамиз, июл ойида Бурак Ўздемир ўз отаси Исмоил Ўздемирни ўзига тегишли ресторанни хорижлик кимсага сотиб юборганлиги учун фирибгарликда айблаб, судга берган эди).

Ота ва боланинг муносабатлари яна кун тартибига қайтди, уларга нисбатан судда даъво қўзғатилган.

Муҳаммад Бурак Ўздемир ва унинг отаси Исмоил Ўздемирга нисбатан «шаҳар қўриқхона зонаси»да рухсатсиз қурилиш ишлари олиб боришгани учун 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Истанбул шаҳар жиноят ишлари судининг биринчи инстанциясида ўтган дастлабки суд мажлисида Исмоил Ўздемир ва унинг адвокатлари ҳозир бўлишган. Бурак Ўздемир ўрнига унинг адвокати иштирок этган, деб ёзади «Туркия газетаси» «İhlas» хабар агентлигига ҳавола қилиб.

Жавобгар Исмоил Ўздемир суд мажлисида кўрилаётган кўчмас мул кнга тегишли эканини таъкидлаб, «Мен ўз уйимда оддий таъмирлаш ишларини амалга оширдим. Таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун шаҳар маъмуриятидан тегишли рухсатнома ҳам олдим. Менга нисбатан қўйилаётган айбловларни тан олмайман», деган ва ўзини оқлашни талаб қилган.

Айбланувчи Муҳаммад Бурак Ўздемирнинг адвокати эса ўз мижозини суд мажлисига тайёрлай олмаслиги, у хоржда эканини айтган ҳамда жиноят содир этганликда айбловни тан олмаслигини таъкидлаган.

Суд мажлисида фикри сўралган прокурор етишмаётган пунктларни тўлдиришни талаб қилган.

Ўзининг дастлабки қарорини эълон қилар экан, Бурак Ўздемирнинг адвкатига ўз мижозини судга тайёрлаш учун вақт тақдим этилиши кераклигини таъкидлаб, суд мажлисини кейинроққа қолдирган. Маданият ва туризм вазирлигининг судда иштирок этиш талаби ва ишда мавжуд камчиликларни баратараф этиш тўғрисидаги талаблар қаноатлантирилган.

Истанбул Бош прокуратураси томонидан тайёрланган айблов хулосасида айтилишича, рухсатсиз қурилиш ишлари бошлангани тўғрисидаги хабарнома олинганидан сўнг шикоят қилинган объектга киришнинг иложи бўлмаган, шунга қарамасдан иншоот қурилиши давом эттирилмоқда ва ҳали у якунига етказилмаган.

Айблов хулоасасида участкада қурилиш ишлари олиб бориш учун рухсат берувчи ҳужжат топилмагани ҳам қайд этиб ўтилган.

Прокуратуранинг айблов хулосасида Муҳаммад Бурак Ўздемир ва Исмоил Ўздемирни «2863-сонли маданий ва табиат қимматликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун»га зид ҳаракатлар олиб боришгани учун 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқариш талаб этилган.