Иқтисодиёт | 18:03 / 19.08.2023
43508
9 дақиқада ўқилади

“Иномаркалар”га оид янгилик, Президентдан бизнесга енгилликлар ва автомобил бозорида кўтарилиш – Иқтисодий таймлайн

Якунланаётган ҳафтада президент тадбиркорлар билан учрашди: солиқчилар кескин танқид қилинди, солиқ маъмурчилиги ислоҳ қилинадиган бўлди. Давлат ташқи қарзига оид маълумотлар очиқланди. Янги импорт автомобилларни фақат расмий дилерлар сотишига оид талаб бекор бўлди. Ҳафта иқтисодий янгиликлари “Иқтисодий таймлайн”да.

Президент тадбиркорлар билан учрашди

18 август куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

“Солиқчилар тадбиркорларни кўп қийнаяпти” – деди давлат раҳбари бизнес вакиллари билан учрашувда.

Президент солиқ органларини жиддий танқид қилди. Хусусан, солиқ узилиш коэффициентини қўллаш амалиёти бекор қилинишини эшитган тадбиркорлар бу янгиликни қарсаклар билан қарши олишди.

Уларнинг бу хурсандчилигини президент мана бундай изоҳлади: 

“Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу. Сенинг тизимингга баҳо бу. Олаётган ойликларингни оқламаяпсизлар, халққа, тадбиркорга ёрдам бермаяпсизлар, тўсиқ бўляпсизлар. Мана, tax gap деган бало буларни қандай қийнаяпти, катта коррупцияга сабаб бўлаётгани учун тикка туриб қарсак чаляпти”.

Шундай қилиб 1 октябрдан “Tax Gap” тизими бекор қилинадиган бўлди.

Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади.

Бунда, келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар:

·        барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади;

·        уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади;

·        қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.

“Тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади. Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга туширилади”, – деди президент.

Яна бир янгилик, «Қишлоқ қурилиш банк» «Бизнесни ривожлантириш банки»га айлантириладиган бўлди.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи

Ва ниҳоят 2022 йилнинг якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзига оид маълумотлар эълон қилинди.

Шундай қилиб, 2022 йилда давлат қарзи 2,9 млрд долларга ошиб, 29,2 млрд долларга етган. Шундан ташқи қарз – 25,9 млрд доллар, ички қарз эса – 3,3 млрд долларни ташкил этган.

Ўзбекистон номидан умумий қиймати 4 млрд 486 млн доллар миқдоридаги 23 та ташқи қарз битими имзоланган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг тушунтиришича, давлат қарзи ўсишининг энг катта қисми бюджетни қўллаб-қувватлаш йўналишига тўғри келган. Бу йўналишдаги қарз қолдиғи 2,7 млрд долларга кўпайган ёки 2022 йилда жамғарилган давлат қарзининг 93 фоизи бюджетни тўлдириш учун йўналтирилган.

Соҳалар бўйича эса 3 млрд доллар қарз электроэнергетика ва 2,84 млрд доллари энергетика саноатига жалб қилинган. Булар бюджетдан кейинги ўринларда қарз энг кўп йўналтирилган соҳалардир.

Давлат ташқи қарзининг 2,54 млрд доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 2,51 млрд доллари транспорт инфратузилмасига, 2,3 млрд доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига тўғри келади.

Маълумотларга кўра, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 36,4 фоизга пасайган. 2021 йилда бу кўрсаткич 39 фоизни ташкил этган. “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги керак.

Қарзнинг асосий қисми, яъни 75,7 фоиз АҚШ долларида олинган.

2022 йил бюджети: муҳим маълумотлар

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2022 йилги бюджет ижроси юзасидан маълумотларни очиқлади.

Унда ТОП-10 йирик солиқ тўловчилар маълум қилинди. Унга кўра, Навоий кон-металлургия комбинати”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ва “Ўзбекнефтгаз” энг кўп солиқ тўлаган корхоналар рўйхатини бошқармоқда. Ўтган йилда давлат бюджетининг солиқ тушумларида йирик солиқ тўловчиларнинг улуши 33,1 фоизни ташкил қилган.

Релиздаги аҳамиятли жиҳатлардан яна бири 2022 йилдаги бюджет тақчиллигига оид. Маълум бўлишича, бюджет тақчиллигининг 47 фоизи халқаро молия институтларидан олинган қарз эвазига қопланган.

Ўтган йили бюджет тақчиллиги белгиланган меъёрдан ошиб, 4 фоизни ташкил қилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақчиллик ошиб кетишини ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ва ишлаб-чиқариш инфратузилмасига инвестиция харажатларининг ошиши билан изоҳлади.

2022 йилда имтиёзлар туфайли олтин ва мисдан бюджетга тушумлар камайди. Гап 2022 йилдан ер қаъридан фойдаланганлик учун олтиндан тортиб газгача солиқ ставкалари кескин пасайтирилгани ҳақида кетяпти. Бу имтиёз сабаб ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 12,2 фоизга камайди.

2021 йилда фойда солиғининг 67 фоизи олтин ва мис қазиб олувчилар ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2022 йилда уларнинг улуши 46 фоизга тушиб кетди. Бу олтин ва мис қазиб олувчиларнинг бюджетга ҳиссаси кескин камайганини англатади.

“Иномарка”лар бўйича янгилик

Ҳукумат қарори билан, янги импорт автомобиллар фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сотилишига оид талаб бекор қилинди.

Бу нимани англатишини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бунга қадар амалда бўлиб келган тартибга кўра, хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобилларни фақатгина ишлаб чиқарувчи компания билан тегишли дилерлик келишувига эга юридик шахсгина Ўзбекистонга олиб кириши ва сотиши мумкин эди.

Масалан, “Toyota” компанияси билан дилерлик шартномасига эга бўлмаган фирма бу бренддаги янги автомобилларни Ўзбекистонга сотиш мақсадида олиб кира олмаган, олиб кирса ҳам уни сотиш ҳуқуқи бўлмаган.

Бу бозордан хабардор шахсларнинг айтишича, фирмалар бу тартибни айланиб ўтиш учун янги машиналарни божхонада “бир йил юрган эски машина” деб расмийлаштиришган ва олиб кириб сотишган.

Янги машинани олиб кириш учун дилерлик шартномасидан ташқари мувофиқлик сертификатини ҳам олиш талаб қилинарди. Шу сабабли янги машина олиб келишдан ҳеч кимда манфаат бўлмаган.

Бундан бу ёғига исталган юридик шахс янги машинани тўсиқсиз олиб кириб сота олади. Айтиш керакки, бу норма фақат юридик шахсларга тегишли.

 

Якунланаётган ҳафтада содир бўлган муҳим иқтисодий янгиликларга қисқача тўхталамиз:

·       АИ-92 бензини сезиларли даражада қимматлашди. “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-92 бензини нархи 8600 сўмдан 9200 сўмга оширилди. Бу март ойидан буён амал қилиб келган чегирма бекор қилингани билан боғлиқ.

·       Тошкентдан 700 км узоқликда Қозоғистондаги биринчи атом электр станцияси қурилиши мумкин. АЭС учун Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғи ҳудуди танланган.

·       Июн ойидаги кескин пасайишдан сўнг автомобил бозори яна кўтарилди. Таҳлилларга кўра, июл ойи давомида сотувлар 17 фоизга ошди ва энг катта ўсиш енгил электр транспорт воситалари сегментида 28,9 фоизга қайд этилди.

·       Қозоғистон ҳукумати 1,5 млрд кубдан 10 млрд кубгача ҳажмдаги Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни муҳокама қиляпти. Бу ҳажм янада оширилиши мумкин. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги шартномага кўра, Ўзбекистон 2 йил давомида йилига 2 млрд 800 млн куб метр газ импорт қилади.

·       UzAuto Motors 2024 йилдан бошлаб автомобилларни 3 ой ичида етказиб беришни ваъда қилди. Компания август ойида пули олдиндан тўланган автомобиллар йил якунигача ўз эгаларига топширилишини айтди.

 

Мадина Очилова тайёрлади.

Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

 

Мавзуга оид