Ўзбекистон | 11:02 / 20.08.2023
29221
3 дақиқада ўқилади

«Ер сотишни касб қилиб олишган» – Зойир Мирзаев Қибрай ҳокимлигидаги ишдан бўшатишлар ҳақида

«Йиғилиш қилсам протоколнинг ҳамма варағига имзо қўяман, чунки қўрқаман, булар қайсидир варағини алмаштириб қўяди, ичига ўзининг манфаатига керак нарсани тиқворади, ҳеч нарсадан қайтмайди булар», — деган Тошкент вилоят ҳокими.

Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай тумани ҳоким ўринбосарлари ва ҳокимликнинг бошқа мутассаддиларини ер сотиш, қарорларни қалбакилаштириш каби ноқонуний ишларни касб қилиб олганликда айблади.

«Ер сотишни касб қилган бўлса, қарорни «подделка» қилишни касб қилган бўлса, бугун туман ҳокими шунинг учун жавоб беряпти. Ходимлар-чи? Уларнинг ўринбосари-чи? Қонунчлик доирасида ҳаммасига жавоб берилади.

Умуман маълумотлар тўғри келмайди. Ариза ва мурожаатларни қаноатлантириш даражаси 28 фоиз. Ариза билан шуғулланадиган ходимларнинг барчасига жавоб берворса бўлади.

Инвестиция объектига кирган объектнинг назорати йўқ. Мактаб, боғчаларнинг ҳам. 

Ҳамма нарса гапда фақат. Биттасига тегсангиз, 90 киши телефон қилади. Кеча телефон қилган бир-иккитасига айтдим: «Қўйсаларинг-чи, Қибрай тумани ҳокимиятига ҳам тоза ҳаво, янги қон кирсин».

Ҳокимни айбдор-айбдор қиляпмизку, лекин ишни қилганлар ўтирибдику жойида. Улар яна нечта ҳокимни ейиши керак? Ерни сотган туманнинг кадастри, ноинсофлари ўтирибди. Булар қаерда нима борлигини билади. 

Йиғилиш қилсам протоколни ҳамма варағига имзо қўяман, чунки қўрқаман, булар қайсидир варағини алмаштириб қўяди, ичига ўзининг манфаатига керак нарсани тиқворади, ҳеч нарсадан қайтмайди булар.

Қачондир битта туманни қилсак ва натижа берса, бошқасини ҳам шундай қиламиз», — дейди Зойир Мирзаев.

Вилоят раҳбари бўшатилган ходимлар ўрни қандай тўлдирилишини ҳам айтган.

«Уларнинг [бўшатилган ходимлар] ўрнига кимларни олиб келасиз деб ёзишибди. «Қўрқма, Қибрайнинг қизларини, йигитларини олиб келамиз» деб жавоб ёздим», — дейди ҳоким.

Аввалроқ Зойир Мирзаев Халқ депутатлари Қибрай тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокимлигининг барча ходимлари ёппасига ишдан олгани ҳақида хабар берилганди.

Йиғилишда бўшатилган ходимларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши, «тоза» чиқса, кейин ишини давом эттириши қайд этилган.

Шунингдек, тумандаги (ҳуқуқ-тартибот идораларидан ташқари) барча давлат ташкилотларининг раҳбарлари ҳам лавозимидан озод қилиниши белгиланган. Уларнинг фаолиятига ҳам бир ҳафта ичида баҳо берилиши маълум қилинган.

Вилоят ҳокими туманда қарийб 20 минг фуқаро мигрант сифатида хорижда бўлиб турганини таъкидлаб, буни «Қибрай учун ярашмайдиган ҳолат» деб атаган.

Зойир Мирзаев Қибрайда қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда кўп қонунбузарлик, бошбошдоқлик борлиги ва буни тартибга солиш вақти келганини ҳам қайд этган.

Йиғилишда Оҳангарон тумани прокурори лавозимида ишлаб келган Музаффар Рашидов Қибрай тумани ҳокими этиб тайинланган.

Мавзуга оид