Спорт | 16:11 / 21.08.2023
40186
6 дақиқада ўқилади

Роналду ОЧЛда рўйхатдан ўтказилди. Криштиану, Неймар ва Бензема қайси ўзбек клубига қарши ўйнаши мумкин?

Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти «Ан-Наср» клуби Осиё Чемпионлар лигаси учун рўйхатдан ўтказилган таркибга Криштиану Роналдуни киритганини эълон қилди. Португалиялик афсонавий форвард Ар-Риёд клуби сафида 22 август куни ОЧЛда дебют қилиши кутилмоқда. Янги мавсумда Саудия Арабистонида йиғилган юлдузларнинг Ўзбекистонга келиш эҳтимоли катта.

Роналду Азиз Ғаниевга қарши

Криштиану Роналду Осиё Чемпионлар лигасидаги дебютини сешанба куни Бирлашган Араб Амирликларининг «Шабоб Ал-Аҳли» жамоасига қарши ўтказади. Азиз Ғаниев тўп сураётган жамоа ОЧЛ 1-саралаш босқичида Иорданиянинг «Ал-Ваҳдат» клубини йирик ҳисобда (3:0) мағлуб этди. Баҳсдаги дастлабки голни ўзбекистонлик легионер 57-дақиқада жарима зарбасидан йўллади. Энди эса Ғаниев етакчилигидаги амирлик жамоаси 22 август куни Роналду етакчилигидаги «Ан-Наср»га қарши саф тортади. Ар-Риёддаги ўйин ғолиби ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олади. Саудия вице-чемпионининг БАА чемпионига қарши бир ўйиндан иборат тўқнашувида мезбонларнинг имконияти юқори баҳоланмоқда.

«Ан-Наср» плей-оффдан ўтса, қайси ўзбек клуби рақибига айланиши мумкин?

Ар-Риёд клуби БАА жамоаси тўсиғидан ўта олса, ОЧЛ гуруҳ босқич баҳсларида Ўзбекистон жамоаларига рақиблик қилиши мумкин. Осиё футбол конфедерацияси июль ойида Чемпионлар лигаси 2023/24 йилги мавсум гуруҳ босқич саватчаларини эълон қилган. Унга кўра, Криштиану Роналду фаолият олиб бораётган жамоа плей-оффдан ўтса, 4-саватчадан жой олади.

ОЧЛ гуруҳ босқичига даъвогар бўлган «Навбаҳор» ва ОКМК клублари ҳам Қатарда ўтадиган плей-офф ўйинида ғалабага эриша олган тақдирда қуръа олдидан 4-саватчадан жой олади. Шундан келиб чиқилса, «Ан-Наср»нинг Наманган ёки Олмалиқ клуби билан бир гуруҳдан жой олиш эҳтимоли йўқлиги ойдинлашади.

Роналду етакчилигидаги жамоа «Пахтакор» ёки «Насаф» билан бир гуруҳдан ўрин олиши мумкин. Сабаби Тошкент жамоаси 1-саватчадан жой олган бўлса, Қарши клуби 2-саватчага тушган.

Бензема Тошкентга келмайди, «Насаф»га қарши тушиши мумкин

ОЧЛ қуръа жараёнидан аввалги саватчалардан Саудия Арабистонининг икки жамоаси – амалдаги чемпион «Ал-Иттиҳод» ва 3-ўрин соҳиби «Ал-Ҳилол» биринчи саватчадан жой олган. Шундан келиб чиқсак, Карим Бензема ва Нголо Канте гуруҳ босқичида «Пахтакор»га қарши ўйнамаслиги аниқ. Қолаверса, бир мамлакат жамоалари гуруҳ босқичида ўзаро тўқнаш келмайди.

«Ал-Иттиҳод» гуруҳ босқичида Қаршига келиши мумкин. «Насаф» жамоаси иккинчи саватчадан жой олгани сабабли Бенземанинг Қашқадарёга келиш эҳтимоли бор. Шунингдек, ОКМК ва «Навбаҳор» гуруҳ босқичига йўлланма олса, франциялик юлдуз етакчилигидаги Жидда клубининг Наманган ёки Олмалиққа ташрифи кузатилиши мумкин.

Неймар Қашқадарёга келиши мумкин

Неймар сингари юлдузнинг «Ал-Ҳилол»га ўтиши ўзбекистонлик мухлисларни ҳам қувонтиргани бежизга эмас. Бразилиялик юлдузни энди фақат Саудия Арабистонида эмас, ОЧЛ ғарб минтақасидаги бир қатор мамлакатларда кутишмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Ўтган мавсумда Осиё чемпионлар лигаси финалчисига айланган Ар-Риёд клуби сентябрдан старт оладиган гуруҳ босқичида Ўзбекистонга келиши мумкин.

«Ал-Ҳилол» қуръа олдидан 1-саватчадан жой олган. Демак, бу клуб «Пахтакор»га рақиб бўлмаслиги аниқ. 2-саватчадаги «Насаф» эса ар-риёдликлар билан бир гуруҳдан ўрин олиши, Неймар, Малком, Кулибали, Невеш сингари юлдузларнинг Қашқадарё жамоасига қарши майдонга тушиш эҳтимоли мавжуд. 

«Ал-Ҳилол» юлдузларини водий ёки Олмалиққа бориш имконияти ҳам бор. Бунинг учун Наманган ва Олмалиқ клуби 22 август куни плей-офф саралашидан гуруҳ босқичига йўлланма олиши шарт. Акс ҳолда Саудия клубларидаги юлдузларнинг «Навбаҳор» ёки ОКМКга қарши ўйнаш имконияти саробга айланади.

ОЧЛ саралаши: «Навбаҳор» ва ОКМК Қатар клубларига қарши

Суперлига-2022нинг кумуш медали соҳиби «Навбаҳор» ва 4-ўрин эгаси ОКМК ОЧЛ гуруҳ босқичида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган 3-4-жамоаларга айланиши мумкин. Бунинг учун, Самвел Бабаян шогирдлари 22 август куни Қатарнинг ўтган мавсумдаги 4-ўрин соҳиби «Ал-Вақра» жамоасига қарши саф тортса, Миржалол Қосимов шогирдлари 2-ўрин эгаси «Ал-Араби» меҳмони бўлади.

Учрашувларнинг Қатарда ўтказилиши мезбонларга устунлик берса-да, бу мамлакатда мавсум энди бошлангани, Ўзбекистонда эса қизғин палласида экани вакилларимиз фойдасига ишлаши мумкин. Наманган ва Олмалиқ клублари якшанба куни Доҳага етиб борган. Сешанба куни плей-офф баҳслари ғолиблари аниқлангач, 24 август куни ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Ғарб минтақасида 5та гуруҳ борлиги ва бир мамлакат клубларининг бир гуруҳдан ўрин олмаслигини инобатга олсак, жаҳон даражасидаги юлдузларнинг Ўзбекистонга ҳам келиши катта ажиотажга сабаб бўлишини кутиш мумкин.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид