Ўзбекистон | 17:32 / 22.08.2023
40706
5 дақиқада ўқилади

Мандатдан сўнг – талаба бўлган ва бўлмаганларни қизиқтираётган энг муҳим саволларга жавоблар

Айни пайтда талаба бўлган абитуриентларда “Ётоқхонага қандай жойлашамиз?” ,“Бошқа йўналишга супер-контракт қилсам бўладими?”, талаба бўлолмаганларда эса “супер-контракт нархи қанча бўларкин?” деган саволлар пайдо бўляпти. Kun.uz шу каби саволларга жавобларни тўплади.

Фото: Kun.uz

ОТМ билан боғланиш зарур

Талабаликка қабул қилинганлар энг аввал ўзлари топширган ОТМ расмий саҳифаларини топиб кузатиб боришлари – энг тўғри вариант. Ҳар бир ОТМга оид энг сўнгги янгиликлар уларнинг расмий саҳифаларида бериб борилади.

Бундан ташқари, супер-контракт асосида талаба бўлишни режалаштираётган абитуриентлар учун ҳам ОТМга оид янгиликларни кузатиб бориш фойдали.

1-курслар ётоқхонага қандай жойлашади?

Талабаликка қабул қилинганлар энг биринчи навбатда ўқиш бошланишидан олдин турар жой топиш ҳақида бош қотиради. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, яқин орада 1-курс талабаларидан ётоқхона учун онлайн аризалар олиш бошланди.

Талабалар давлат олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойига жойлашиш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон ариза юборишлари мумкин.

Агар талабанинг аризаси қаноатлантирилмай ётоқхонага жойлаша олмаса ҳам, унга ижара пуллари қоплаб берилади. 1-курслар учун шартнома бўлмаса ҳам, сентябр-октябр ойларининг ижара пуллари тўлаб берилади.

Бунда Тошкент шаҳрида ўқиётган талабалар учун ойига 330 минг сўм, вилоятларда ўқиётган талабалар учун 165 минг сўмдан тўлаб берилади.

Бундан ташқари, ҳар бир ОТМда талабаларга ижара топиш ва ётоқхонага жойлашишга ёрдам берадиган махсус марказлар иш бошлаган.

Супер-контракт масаласи қандай?

Агар абитуриентнинг балли қабул квотасидаги баллга жуда кам етмай қолган бўлса, камроқ, аксинча, кўп етмаган бўлса, кўпроқ пул тўлайди.

Амалдаги қонунга кўра, тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига:

  • 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
  • 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
  • 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
  • 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар миқдорида тўлов қилиб ўқиши мумкин.

Минимал баллдан (бу йил 56,7 балл) кам тўпламаган, лекин қабул квотасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган абитуриентлар учун йўналишларига қараб супер-контракт миқдори базавий контрактнинг бир неча баробари кўринишида белгиланади.  

Масалан, ўтган 2022 йилги миқдорда педагогика йўналиши учун белгиланган контрактнинг 8 баравари 10 фоизлик чегирма билан (46,1 млн сўм), юриспруденция йўналишига эса базавий контрактнинг 25 баравари (220,7 млн сўм) этиб белгиланган.      

Яъни агар абитуриент 56,7 баллдан кўп тўплаган, бироқ ўтиш баллига 4,05 баллдан кўпроқ етмай қолган бўлса, унда шунақа миқдордаги пулни тўлаб талаба бўлиш имконига эга бўлган.  

Агар абитуриент минимал баллни ҳам тўплай олмаган бўлса, унда унга ўз йўналиши бўйича белгиланган энг юқори контракт миқдорининг 2 бараварини тўлаб талаба бўлиш ҳуқуқи берилади. Масалан, юриспруденция йўналишига супер-контракт миқдори 220,7 млн сўм этиб белгиланган бўлса, минимал баллдан кам тўплаганлар шунинг икки бараварини тўлаб ўқиш имконидан фойдаланиши мумкин.  

Бироқ ҳали бу йил учун контракт миқдори, табақалаштирилган контракт миқдорлари эълон қилинмади. Бу савол билан қизиқаётган абитуриентлар ҳали яна бироз кутишларига тўғри келади.

Бир абитуриент ўрнига бошқаси кирса бўладими?

Квота доирасида талабаликка қабул қилинган, бироқ ўқишни хоҳламаган абитуриентларнинг ўрни бўш қолади. Билимларни баҳолаш агентлиги матбуот хизматидан аниқлаштирилган маълумотга кўра, ўқимайдиган, лекин талабаликка қабул қилинган абитуриентдан кейинги тест топширганлар юқорига кўтарилмайди. Агар қабул чизиғидан пастдаги абитуриентлар талаба бўлишни хоҳласа, унда супер-контракт вариантини танлашига тўғри келади.

Ўтган йили биринчи йўналишга “супер” қилиш имкони берилган

2022 йилда Давлат қабул комиссияси қарорига кўра, абитуриент ўзи танлаган биринчи йўналишга кира олмаган, лекин 2-, 3-, 4- ёки 5-йўналишлардан бирига ўқишга кирган бўлса, ўз хоҳиши билан биринчи танлаган йўналишида супер-контрактда ўқишига рухсат берилганди.

Бу истисно 2-, 3- ёки 4-йўналишга тааллуқли эмас. Яъни бешинчи йўналишга ўқишга кирган абитуриент иккинчи ёки тўртинчи йўналишни танлаб супер-контракт қила олмайди, фақат биринчи йўналишга қилиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид