Спорт | 17:35 / 22.08.2023
19994
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 2-клуби Қатарнинг 4-жамоасига қарши. «Ал-Вакра» - «Навбаҳор» ўйини олдидан

Бугун, 22 август куни «Навбаҳор» Осиё Чемпионлар лигаси тарихидаги илк учрашувини ўтказади. Наманган жамоаси гуруҳ босқичига ўтиш ўйинида Қатарда «Ал-Вакра» клубига қарши саф тортади.

Фото: Навбаҳор ФК

«Навбаҳор»нинг ОЧЛдаги илк ўйини

Суперлига-2022нинг кумуш медали соҳиби «Навбаҳор» ва 4-ўрин эгаси ОКМК ОЧЛ гуруҳ босқичида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган 3-4-жамоаларга айланиши мумкин. Бунинг учун, Самвел Бабаян шогирдлари бугун, 22 август куни Қатарнинг ўтган мавсумдаги 4-ўрин соҳиби «Ал-Вакра» жамоасига қарши ўйнаса, Миржалол Қосимов шогирдлари 2-ўрин эгаси «Ал-Араби» меҳмони бўлади.

Фото: Навбаҳор ФК

Бир ўйиндан иборат учрашувнинг Қатарда ўтказилиши мезбонларга устунлик берса-да, аммо бу мамлакатда мавсум энди бошлангани, Ўзбекистонда эса чемпионат қизғин палласида экани вакилларимиз фойдасига ишлаши мумкин. Жамоаларимиз якшанба куни Доҳага етиб борган. Қайд этиш жоиз, Қатардаги «Ал-Жануб» стадионида ўтадиган баҳс «Навбаҳор» тарихида Осиё Чемпионлар лигасидаги илк ўйин сифатида тарихдан жой олади.

«Лочинлар»нинг халқаро майдондаги ўтмиши

Наманган клуби ҳозиргача уч маротаба халқаро майдонда иштирок этган. Хусусан, водийликлар 1997/98 йилги мавсумда Ўзбекистон кубоги ғолиби сифатида Осиё кубок эгалари Кубогида иштирок этиб, иккинчи саралаш босқичидан ўта олмаганди. 1998 йилда эса Осиё Чемпионлар кубогида Ўзбекистон чемпиони сифатида иштирок этиб, гуруҳдан чиқолмаган. Сўнгги уриниши – 1999/2000 йилги мавсумда эса Осиё кубок эгалари кубогида ярим финалга қадар етиб борган.

«Ал-Вакра» қандай жамоа?

«Ал-Вакра» Қатарнинг ўз тарихига эга клубларидан бири саналади. Уй ўйинларини ЖЧ-2022 баҳсларини қабул қилган «Ал-Жануб» стадионида ўтказадиган жамоа 1959 йил ташкил этилган бўлиб, Қатарнинг 2 карра чемпиони ва 4 карра Қатар Суперкубоги ғолиби саналади.

Бартоломе Маркес қўл остидаги клуб ўтган мавсум Қатар чемпионатида 4-ўринни эгаллаган. Испаниялик 61 ёшли мутахассис мураббийлигидаги «Ал-Вакра» янги мавсумни ўтган ҳафтада «Ал-Муайдар» устидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади.

Легионерларга таянган жамоа

Қатарнинг бошқа клублари сингари «Ал-Вакра» ҳам асосан легионерлар эвазига натижа кўрсатиб келади. Жамоа таркибида 7 нафар – Лукаш Мендеш (Бразилия), Трент Сейнсбери (Австралия), Омар Салоҳ (Иордания), Ҳамди Фатҳи (Миср), Муҳаммад Бениеттоу (Жазоир), Желсон Дала (Ангола), Аюб Ассол (Марокаш) сингари легионерлар фаолият юритмоқда. «Навбаҳор»га қарши ўйинда қатарликларнинг асосий таркиб ўйинчиларидан бири Ал-Маҳди Али дисквалификация сабабли майдонга туша олмайди.

Фото: Getty images

Қайд этиш жоиз, Самвел Бабаян таркибида ҳам йўқотиш мавжуд. Жамоа етакчиларидан бири Остон Ўрунов жароҳат сабабли бугунги ўйинда ёрдам бера олмайди.

Таркиблар баҳоси: «Навбаҳор» «Ал-Вакра»дан қимматроқ

Transfermarkt портали ўйин олдидан икки жамоанинг таркиблари баҳосини келтирган. Унга кўра, Наманган клуби умумий таркиби қиймати бўйича Ал-Вакра жамоасидан қимматроқ саналади. Қатарнинг ўтган мавсумдаги 4-жамоасининг умумий баҳоси 9,58 миллион еврони ташкил этса, «Навбаҳор» клуби таркиби баҳоси 10,4 миллион еврога нархланган.

Қатарликлар сафидаги анголалик форвард Желсон Дала жамоанинг энг қимматбаҳо ўйинчиси саналади – 2,5 миллион евро. Бу борада наманганликларнинг энг қиммат ўйинчиси Жамшид Искандеров – 850 минг евро.

Фото: Навбаҳор

«Ал-Вакра»нинг энг қиммат 5 футболчиси:

1. Желсон Дала (Ангола) – 2,5 млн евро

2. Ҳамди Фатҳи (Миср) – 2 млн евро

3. Трент Сеинсбери (Австралия) – 650 минг евро

4. Лукаш Мендеш (Бразилия) – 550 минг евро

5. Ҳазем Аҳмад (Қатар) – 400 минг евро.

«Навбаҳор»нинг энг қиммат 5 футболчиси:

1. Жамшид Искандеров – 850 минг евро

2. Остон Ўрунов – 800 минг евро

3. Милош Милович (Черногория) – 750 минг евро

4. Йован Жокич (Сербия) – 700 минг евро

5. Темурхўжа Абдухолиқов – 650 минг евро

Плей-офф ўйини стадиондаги катта экранда намойиш этилади

«Навбаҳор»нинг ОЧЛдаги илк ўйини мухлисларда катта қизиқиш уйғотган. Бир гуруҳ ишқибозлар бугунги баҳсда суюкли жамоаларини «Ал-Жануб» ўйингоҳидан туриб қўллаб-қувватлашса, яна минглаб мухлислар Намангандаги «Марказий» стадиондан туриб «Навбаҳор»ни олқишлашади.

«Қатарда бўлиб ўтадиган ўйинга қизиқиш жуда юқори. Наманганлик мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан «Навбаҳор» стадионига катта монитор ўрнатилиб, жамоамиз ўйини жонли эфирда намойиш этилади. Фан-клуб ҳам стадионда ажойиб атмосфера яратишга астойдил бел боғлаган. Сиз ҳам ташриф буюринг ва жамоамизни масофадан қўллаб-қувватланг!», – дейилади «Navbahor news» хабарида.

ОЧЛ-2023/24. Плей-офф ўйини.

22 август (сешанба)

«Ал-Вакра» (Қатар) - «Навбаҳор» (Ўзбекистон)

Ҳакам: Хироюки Кимура (Япония)

Стадион: «Ал-Жануб», Ал-Вакра.

Ўйин бошланиш вақти: 20:30.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид