Тошкент – Доҳа йўналишида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди
Centrum Air авиакомпанияси томонидан Тошкентдан Доҳагача тўғридан тўғри парвозлар йўлга қўйилди. Маълумотларга кўра, дастлабки босқичда икки шаҳар ўртасида чартер рейслар, кейинроқ мунтазам қатновлар амалга оширилади.
21 август куни Centrum Air авиакомпанияси Ўзбекистон ҳамда Қатар пойтахтлари ўртасида дастлабки авиақатновини йўлга қўйди. Илгари бу йўналишда тўғридан тўғри парвозлар қилинмаган. Кўп йиллик музокаралардан сўнг, Тошкент – Доҳа йўналиши барча фуқаролар учун биринчи марта очилмоқда. Дастлабки босқичда 200 га яқин йўловчи чартер рейсда ўз манзилига етказилди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида қатнов олди ўтказилган тадбирда шу ҳақда батафсил маълумот берилди.
“Аслини олганда, Доҳага рейсларни очганимизда жуда катта қизиқиш билдирилади деб ўйламаган эдик, ижтимоий тармоқларда тур ҳақида маълумот берганимизда кўплаб одамларнинг ўзи бунда иштирок этишларини билдиришди.
Билет нархлари ҳақида эса бир нима дейиш қийин. Чунки танланган тарифлар бўйича нархлар ўзгариши мумкин.” – дейди Centrum Air маркетологи Анора Ходжаева.
Йўловчиларга Қатар саёҳатини ташкил қилиш учун EASYBOOKING компанияси Centrum Air билан ҳамкорликда ишлаётгани, нима учун айнан Қатар танлангани ҳақида ҳам гапириб ўтилди.
“Айтиш керак, футбол бўйича жаҳон чемпионатидан сўнг Қатар [туристлар учун] ишлаб келмоқда. У ерда янги меҳмонхоналар, инфратузилмалар қурилди, кўчаларга кондиционерлар ўрнатилди. Бунақаси бошқа мамлакатларда камдан кам кузатилади. Қолаверса, ажойиб архитектураси, янги ва замонавий меҳмонхоналари, стадион, пляжлар – умуман жаҳон чемпионати учун тайёрланган шу каби хизматларнинг нархи минг-минг долларга тушади. Ҳозир эса Ўзбекистонда яшовчилар бу хизматлардан бошланишига 350 доллардан (саёҳат пакетларига қараб нархлар кўтарилади) фойдаланиши мумкин. Бу – жуда ажойиб таклиф.
Шунингдек, биз фуқароларга дунё бўйлаб саёҳат қилишга, янги давлатларни ўрганиб, унинг маданиятини кўришга ёрдам берамиз.
Ҳозир бу ишларнинг ҳаммаси компаниямиз томонидан амалга оширилади”, – дейди EASYBOOKING компаниясининг маркетинг бўйича бош мутахассиси Станислав Иаковлев.
Унинг қўшимча қилишича, тур болаларга бепул ҳисобланиб, ҳар бир йўловчининг виза хизматларини ўз бўйнига олади. Яъни виза олиш хизматлари ҳам бепул бўлади. Аммо жами саёҳат учун кетадиган маблағ 3 та рейсдан сўнг кўтарилиш эҳтимоли ҳам бор.
“Биз бозорда ишлаймиз. Шунинг учун умид қиламизки, Ўзбекистондан қанча етарли йўловчилар учса, яъни улар қанча кўп бўлса, биз ҳам пастроқ нархларни таклиф қиламиз.
6-8 октябр кунлари Қатарда “Формула-1” пойга ўйинларининг финал босқичи бўлиши кутилмоқда, шундан келиб чиқиб нархлар ошиши мумкин. Агар шунга ўхшаш тадбирлар бўладиган бўлса, нархлар кўтарилиши табиий”, – деди Станислав Иаковлев.
Компания келгусида бошқа, хусусан, БАА, Рас ал-Ҳайма, Дубай, Абу-Даби, Қатар йўналишларида ҳам саёҳатлар ташкил қилишни режа қилган.
22 август куни Қатарда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси Осиё чемпионлар лигасининг саралаш босқичида “ал-Вақра” жамоаси билан ўйинга тушиши белгиланган. Йўловчилар орасида асосий мақсади саёҳат эмас, мана шу жамоани қўллаб-қувватлаш бўлган фан клуб аъзолари ҳам топилди.
“Наманган “Навбаҳор” жамоаси Осиё чемпионлар лигасида иштирок учун йўлланмани олганимизда ўйиннинг вақтлари аниқ қилинди. Кейин биз ўзимиз турфирмаларга алоқага чиқиб, улардан Наманган ёки Тошкентдан тўғридан тўғри рейс борми деб сўраб-суриштиришни бошладик. Хурсанд қилгани, 2 кундан сўнг сизлар учун яхши хабар бор дейишди, кейин бизга Тошкентдан Доҳага авиарейслар қўйилганини айтишди”, – дейди “Навбаҳор” фан-клуби етакчиси.
“Аслида дўстларим билан Грузияга кетаётган эдим. Орада баъзи сабаблар билан бу сафаримиз бекор бўлди. Кейин бу ердан “Навбаҳор” клубидан Қатарга кетиш, ўйинни кузатиш учун таклиф тушди, нархи ёққани учун рози бўла қолдим”, – дейди Аълохон Боқиев.
Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача Ўзбекистондан Қатарга бориш транзит рейслари орқали амалга оширилган. Пандемия сабаб парвозлар тўхтаб қолганди.
Тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйиш учун музокаралар олиб бориш 2018 йилдан бери бўлиб келаётганди. Ўша йили Ташқи савдо вазирлигида Қатар Савдо-саноат палатаси юридик бошқарма бошлиғи Абдулазиз ал-Қуварий бошчилигидаги ҳукумат делегацияси билан учрашув бўлиб ўтганди. Унда йирик шаҳарлар ўртасида тўғридан тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш таклиф этилганди.
2021 йилда Ўзбекистон Қатар авиация идоралари делегациясини қабул қилганди. Унда Қатар фуқаро авиацияси хизмати департаменти бошлиғи Муҳаммад Фалеҳ Алхажри Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳаво қатнови тўғрисида битим имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, сайёҳлик ва ишбилармонлик алмашувининг жадаллаштирилишига хизмат қилишини айтганди.
2023 йил июн ойида эса Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим билан учрашувида икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Элчи Qatar Airways авиакомпанияси Доҳа – Тошкент – Доҳа йўналишида авиақатновларни амалга ошириш бўйича компания ички тартибларини ишлаб чиқаётганини маълум қилганди.
Шу йил август ойида Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқов билан ҳам учрашиб, Самарқанд шаҳрида имзоланган Тошкент ва Доҳа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича англашув меморандуми ижроси юзасидан йўл харитасини тайёрлаш масалалари кўриб чиқилганди.
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:26 / 08.11.2024