Москвага қаторасига олтинчи кун дронлар ҳужум қилди — улардан бири «Москва-Сити»гача етиб келган
Москва шаҳрига дронлар ҳужуми кундалик ҳолатга айланиб қолди. Қаторасига олтинчи кундирки дронлар ёки Россия пойтахтига киришда ёки шаҳар ичида уриб туширилмоқда. Ёз ичида тўртинчи бор дрон «Москва-Сити» ҳудудигача учиб келди. Белгород области расмийлари эса дронлар орқали берилган зарба оқибатида уч киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Тунда кўплаб москваликлар ва Москва области аҳолиси яна бир бор портлашлар овозидан уйғониб кетди. «„Москва-Сити“, Воротинская, Ангарская кўчалари, шунингдек Химки ва пойтахтдаги Митино районида кучли шовқин овозлари эшитилгани ҳақида хабарлар келиб тушган», — дейилади ТАСС агентлиги хабарида. «Коммерсант» газетаси корреспонденти эса соат 2:50 атрофида «Москва-Сити» ҳудудида портлаш овози эшитилганини хабар қилган.
Тахминан ярим соат вақт ўтиб Москва шаҳри мэри, эндиликда деярли ҳар куни тунда ўз телеграм-каналига янги хабар қўйишга мажбур бўлаётган Сергей Собянин дронлардан бири «Москва-Сити»да «қурилаётган бино»га келиб урилгани, бошқаси Можайск яқинида уриб туширилгани ҳақида ёзди.
Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги яна бир дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Якунда ҳужум қилган дронлар сони учта бўлиб чиқди. Вазирлик версиясига кўра, уларнинг иккитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари орқали Москва областининг Можайск ва Химки районларида уриб туширилган, учинчиси эса Москвага учиб кирганидан кейин радиоэлектрон кураш воситалари орқали «бостирилган», шундан сўнг «Москва-Сити»даги «қурилаётган бино» билан «тўқнашув содир бўлган».
«Москва-Сити»даги яна бир минора
ОАВ ва телеграм-каналларда тарқалган фото ва видеоларда дрон деярли қуриб битказилган минорага урилгани, натижада тахминан 12-қаватда битта панорамали ойна қулагани, унинг атрофидаги ойналар ёриқлар ва қоракуя билан қопланганини кўриш мумкин.
«Осторожно, Москва» канали версиясига кўра, дрон «Меркурий» минораси ёнида қурилаётган осмонўпар бинога урилган. «Агентство» нашри эса дрон Moscow Towers минорасига урилганини тахмин қилган ва бу бино ака-ука Ротенбергларга алоқадор эканини билдирган.
Фотосуратларда ишбилармонлик мавзеси ҳудудидаги шиша парчалари, шунингдек бу ҳудудга туташ жойлашган эски хрушчевка уйларнинг синган ойналари ҳам акс этган. Собянин атрофдаги иккита беш қаватли уйларда ҳам бир қанча деразалар синиб кетганини тасдиқлаган.
Химки устидаги портлашлар
Химкида уриб туширилган дрон парчалари Старбеево квартали ҳудудига тушган — эълон қилинган фотога кўра, қурилиш дўкони атрофига. «РИА Новости» манбаси «хусусий уйдаги шикастланиш» ва «нотураржой бино деворида шикастланиш аниқлангани» ҳақида ёзган.
Кейинроқ шаҳар мэри Дмитрий Волошиннинг аниқлик киритишича, Старбееводаги хусусий уйнинг иккинчи қаватининг бурчаги қулаб тушган, яна бир неча уй, озиқ-овқат дўкони ва қурилиш материаллари сақланадиган ангарда шикастланишлар қайд этилган.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари дронлардан бирини уриб туширган Химки ҳудудидаги портлашлар овозини Москва дарёсининг нариги соҳилидаги Долгопрудний шаҳрида ҳам эшитишган. «Шундай портладики, ойна титраб кетди, кейин яна икки марта шундай бўлди», —дея ёзган VK фойдаланувчиси «Типичный Долгопрудный» паблигида. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қандай иш олиб бораётгани балкондан кўриниб турарди. Уч марта, тунги соат учда», — дея ёзган шу пабликда фойдаланувчи Александра. «Ҳатто Дмитровский районида ҳам қўрқинчли эди», — дея тасдиқлаган яна бир фойдаланувчи Дмитрий.
Белгород ўққа тутилиши
Москвада ҳам, Химкида ҳам, Можайск районида ҳам жабрланганлар ҳақида маълумотлар бўлмаган. Чоршанба куни тонгда Белгород области губернатори Вячеслав Гладков эса дронлар ҳужуми оқибатида қурбонлар бўлгани ҳақида хабар берди.
Унинг маълумотига кўра, Лава қишлоғига икки бор ҳужум уюштирилган, натижада тинч аҳоли вакилларидан уч киши ҳалок бўлган. «Одамлар кўчада эканида Украина қуролли кучлари дрондан портловчи модда ташлашди — деган губернатор. — Икки киши олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна бир жабрланувчининг ҳаёти учун шифокорлар охиригача курашишган».
Кейинроқ маълум бўлишича, қурбонларнинг иккиси чегара ҳудудларидан эвакуация қилинган аҳоли вакилларидан эди, учинчиси эса ҳужумга учраган санаторий ходими бўлган.
Қаторасига олти кун
Тунда Москвадаги барча тўрт аэропорт, олдинги кунларда ҳам бўлгани каби самолётларни қабул қилиш ва парвозларни тўхтатди. Бир неча самолёт захира аэродромларига юборилди.
Москва шаҳрига дронлар ҳужуми жума кунидан буён узлуксиз давом этмоқда, ўтган ҳафта охирида дрон «Москва-Сити» билан ёнма-ён жойлашган Краснопресненская соҳилидаги «Экспоцентр» павильонига зарба берганди.
«Москва-Сити» кварталининг ўзига дронлар ёз давомида икки марта учиб келган ва икки сафар ҳам битта бинога, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳамда Рақамли тараққиёт вазирлиги ходимлари ишлайдиган бинога урилганди. Давлат думаси мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов бу ҳафта «Москва-Сити»даги осмонўпар бинолар дронларга нишон бўлишининг сабаби «уларга урилиш осонроқ» экани ҳақидаги фаразни билдирганди.
Дам олиш кунларида эса Москва йўналишида учган ва уриб туширилган дронлар ҳақидаги хабарларга жиддий эътибор қаратилмади, душанба куни эса учувчисиз учиш қурилмалари Рузск ва Истринск районларида, жумладан пропагандачи Маргарита Симоняннинг уйига яқин ҳудудда уриб туширилди, сешанба куни — Красногорск ва Одинцово районларида, Красногорскда 25 қаватли турар жой биноси шикастланди.
Шу тариқа, ҳужумлар қаторасига олтинчи кун давом этди, камида уч кундаги ҳужумлар дейрли битта йўналишда учиб келди — ғарб ва шимоли-ғарбдан.
Президент Владимир Путин ҳозирча Москва йўналишидаги дронларнинг янги серияси юзасидан муносабат билдирмади. Тунда Кремл Путин Украинанинг Луҳанск ва Запорижжя областларининг оккупация остидаги қисмлари раҳбарлари билан учрашиб, фронтдаги вазиятни барқарор деб атагани ва уларга сентябр ойидаги сайловларда муваффақият тилагани ҳақида хабар берди.
Украина ҳафта давомида Москвага дронлар ҳужуми юзасидан расман изоҳ бермади. Украин расмийлари ва ҳарбийлар чоршанба куни россияликлар Shahed-136/131 камикадзе дронлари билан Одесса областидаги ғалла сақланадиган омборга ҳужум қилганини маълум қилди. Уларнинг маълумотига кўра, тўққизта дронни уриб туширишга муваффақ бўлишган. 23 августга ўтар кечаси Украина осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами учирилган 20 та зарбдор дрондан 11 тасини уриб туширган.
Москвага украинларнинг илк дронлари май ойида етиб борган, жумладан Кремл ҳудудигача. Кремлдагилар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари самарадорлиги тўғрисидаги саволларга жавоб беришдан бош тортиб, буни ҳарбийлардан сўраш лозимлигини айтиб келади.
Мавзуга оид
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
19:20 / 15.12.2024
Украина дронлари Грознийдаги базага ҳужум қилди
15:29 / 11.12.2024
Москвадаги ҳарбий суд терроризм бўйича деярли барча ишларни яширди
20:42 / 04.12.2024