Ўзбекистон | 11:37 / 24.08.2023
4632
2 дақиқада ўқилади

Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзгаришлар қонун билан мустаҳкамланмоқда

Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида сенатор “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. 

Фото: Senat.uz

Қонунда махсус ваколатли давлат органи сифатида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат назорати амалга оширилиши, ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Шунингдек, кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини стандартлаштириш, сертификатлаштириш, тамғалаш ҳамда ишлаб чиқаришга доир талаблар назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, қонунийлик, тизимлилик ва узлуксизлик, биологик усулни қўллаш устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик каби ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар мустаҳкамланяпти.

Қонун билан кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш, қўллаш, ташиш, муомаладан чиқариш, ташиш, сақлаш қоидаларига риоя қилишга, шунингдек, яроқсиз ҳолга келган ва қўлланиши тақиқланган воситаларни зарарсизлантиришга, утилизация қилишга доир талаблар кучайтирилиши ҳам назарда тутилган. 

Қонун муҳокамаси жараёнида ҳужжатда белгиланган қоидалар ҳозирги глобал иқлим ўзгариши шароитида мавжуд ўсимлик дунёсини асраб-авайлашга ҳамда озиқ-овқат хавфсизилигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Аҳоли сонининг ўсиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда агро-экологик омиллар кўплаб соҳалар қатори ўсимликлар ҳимояси соҳасида ҳам янги, замонавий ёндашувларни тақозо этмоқда.

Ҳозирда мазкур йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий, институционал асослар яратилган. Ушбу Қонун эса соҳани ҳуқуқий жиҳатдан бугунги кун талабларига мос ҳолда янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Инсон соғлиғи ва атроф-муҳит хавфсизлиги ҳамда биологик усулни қўллаш устуворлиги ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар сифатида мустаҳкамланаётгани бу борадаги янги ёндашувнинг туб мақсади ва мазмунини акс эттиради, деган Сенат раиси Норбоева қонуннинг аҳамияти ҳақидаги нутқида.

Мавзуга оид