Ўзбекистон | 08:25 / 25.08.2023
6241
2 дақиқада ўқилади

Ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчилари солиқ ҳисоботига аниқлик киритиши мумкин

Тугатилаётган солиқ тўловчининг ҳисоботлари ва солиқ маслаҳатчисининг маълумотлари ўртасида тафовут аниқланганда, хулоса олингунга қадар, солиқ тўловчига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш имконияти берилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 ноябрдаги 664-сон қарори билан тасдиқланган Солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқлар бўйича хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари рўйхатини юритиш ва солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқларга доир хулосаларни бериш тартиби тўғрисидаги низомга Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 400-сон қарори қабул қилинди.

Ўзгартиришлар билан солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда, солиқ органларини хабардор қилишнинг сўнгги муддати 7 иш кунидан 10 иш кунигача узайтирилмоқда.

Шунингдек, тугатилаётган солиқ тўловчининг ҳисоботлари ва солиқ маслаҳатчисининг маълумотлари ўртасида тафовут аниқланганда, хулоса олингунга қадар, солиқ тўловчига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш имконияти берилмоқда.

Шу билан бирга, солиқ маслаҳатчисининг тегишли хулоса шакли тасдиқланмоқда.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22 августдан кучга кирди.

Мавзуга оид