Иқтисодиёт | 14:33 / 26.08.2023
49237
7 дақиқада ўқилади

Газ бўйича янги келишув, ўзбекистонликларнинг овқатга харажатлари, янгича жиноий схема – иқтисодий таймлайн

“Чаржбек” фирибгарлик схемаси экани маълум қилинди. Ташқи савдо статистикаси эълон қилинди: Хитойга боғлиқлик ортиб боряпти. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари “Иқтисодий таймлайн”да.

“Чаржбек” – жиноий схемаси оммалашяпти

Бош прокуратура “Чаржбек” жиноий схемаси ҳақида хабар берди. Бу жиноий схема Ўзбекистонда аллақачон кенг тарқалиб, айрим тадбиркорлар бундан жабр кўриб ҳам улгурган.

“Чаржбек” бу – карта эгаси томонидан хизмат кўрсатувчи банк орқали банк карта операциясига эътироз билдириш ва бекор қилиш тартиби.

Ҳимоя функциясига қарамай, “чаржбек” механизмидан ноқонуний даромад кўриш учун тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.

Масалан, мижоз интернет-дўкондан 8 миллион сўмлик ноутбукни бошқа шахснинг банк картаси орқали онлайн тўлов билан харид қилади. Бироз вақтдан кейин бу картанинг қонуний эгаси бундай операцияни амалга оширмаганини айтиб, банкдан тўловни қайтаришни талаб қилади.

Банк 8 млн сўмни товар сотувчиси ҳисобидан чиқариб, мижозга қайтаради. Шундай қилиб сотувчи ноутбукка ҳам, 8 млн сўмга ҳам куйиб қолади.

Оддий фирибгарлик схемасидан фарқли ўлароқ, “чаржбек” тартиби тўловни қабул қилиб олувчининг айбини исботлашни талаб қилмайди. Мижоз томонидан олинган товар ва хизматларнинг йўқлиги ёки компания фирибгарликда гумон қилингани ҳақидаги шикоятнинг ўзи етарли. Исботлаш мажбурияти тадбиркор зиммасига тушади, бу масофавий савдо шароитида қийин, айниқса мижоз бошқа давлат фуқароси бўлса.

“Чаржбек” механизмидан нотўғри фойдаланиш оқибатида компаниялар зарар кўрмоқда, чунки айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан “чаржбек” фирибгарлигини текшириш ва олдини олишнинг аниқ услуби ишлаб чиқилмаган.

Ўзбекистонликлар даромадининг қанчасини озиқ-овқатга сарфлаяпти?

Picodi таҳлилчилари Euromonitor маълумотларига таяниб, дунёнинг 105 мамлакатида аҳоли даромадининг қанчасини овқатга сарфлашини ҳисоблаб чиқди.

Ўзбекистон рўйхатда қуйи поғоналардан бирини эгаллади – фуқароларнинг озиқ-овқатга сарфлайдиган маблағи барча харажатларнинг деярли ярмини, 46,5 фоизни ташкил қилади, бу ривожланган мамлакатларга нисбатан 7-8 баробар кўп.

Бешта давлатда одамлар топган даромадининг 10 дан биридан камроғини озиқ-овқатга ишлатади. Рейтингда АҚШ 6,7 фоиз, Сингапур 8,4, Буюк Британия 8,7, Ирландия 9,2 ва Швейцария 9,9 фоиз билан етакчилик қилади. 

Озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланадиган маблағларнинг юқори улуши Нигерия 59 фоиз, Мянма 56,6 фоиз ва Кенияда 56,1 фоиз қайд этилган.

Пул кўринишида озиқ-овқат маҳсулотларига энг кўп маблағ сарфланадиган мамлакатлар Швейцария, Норвегия ва Дания бўлиб, улар бунинг учун 300 доллардан кўпроқ харж қилади. Бу ушбу мамлакатларда товарлар нархининг умумий юқори даражаси билан изоҳланади.

Ташқи савдо: Хитойга боғлиқлик ортяпти

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-июл ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотларни эълон қилди.

Республика ташқи савдо айланмаси 35 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 14,9 млрд долларни, импорт ҳажми эса 20 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 31 фоизга, импорт ҳажми 18,1 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 5 млрд долларга етган.

Ташқи савдо алоқаларида Ўзбекистоннинг Хитойга боғлиқлиги ортиб бормоқда. Хусусан, йил бошидан бери Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 6,9 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 19,5 фоизини ташкил қилган.

Шунингдек, жорий йилнинг январ-июл ойларида 5,6 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 37,7 фоизини ташкил этади. Ўз навбатида олтин экспорти 2022 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 89,8 фоизга кўпайган.

Газ бўйича янгиликлар

Январ-июл ойларида Ўзбекистон 201 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 49,1 фоизга кўп. Газ экспорти 35 фоизга ёки 342 млн долларгача қисқарган.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми эса пасайиб бормоқда. 2022 йилда газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,66 млрд куб метргача ёки 4 фоизга қисқарганди. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврида нисбатан 9,5 фоизга камайган.

Якунланаётган ҳафтада энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон ва Туркманистон йилига 2 млрд куб метргача табиий газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли шартнома имзоланганини маълум қилди. Вазир туркман оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида газ Ўзбекистоннинг ички эҳтгиёжлари учун йўналтирилишини айтган.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 34,1 миллиард куб метрдан 32,3 миллиард куб метрга пасайтирди. Бу конлардаги захираларнинг қисқариши билан боғлиқлигига урғу берилган.

Айни пайтда ҳукумат Газли газ омбори ҳажмини 10 млрд кубга етказмоқчи. 2025 йилгача амалга ошириш лозим бўлган лойиҳа доирасида табиий газ қазиб олишни 1,1 млрд куб метргача, нефт қазиб олишни 114 минг тоннагача ошириш режа қилинган. Лойиҳанинг умумий қиймати 557,4 млн долларни ташкил қилади.

Стратегик аҳамиятга эга давлат корхоналарининг молиявий аҳволи 

Жорий йилнинг биринчи ярмида стратегик аҳамиятга эга 31 та акциядорлик жамиятлари ва давлат корхонасидан 6 таси умумий ҳисобда 6,5 трлн сўм зарар кўрган.

25та давлат корхонасининг умумий соф фойдаси эса 25 трлн сўмни ташкил этган.

10га яқин давлат корхоналарининг активлари камайган. Жумладан “Ўзбекнефтегаз” активлари 7,1 трлн сўмга, “Иссиқлик электр станциялари” активлари – 4,3 трлн сўмга “Uzbekistan Airports” активлари – 3,7 трлн сўмга, “Ўзмиллий банк” активлари – 3,2 трлн сўмга, “Асакабанк” активлари – 2,8 трлн сўмга, “Ҳудудгазтаъминот” активлари – 0,6 трлн сўмга, “Навоийазот” активлари – 0,4 трлн сўмга қисқарган.

Яна бир муҳим маълумот: 2023 йилнинг март ойида президент қарори билан Стратегик ислоҳотлар агентлигига берилган 31 та йирик давлат корхоналари, тижорат банклари ҳамда UzAssests инвестиция компаниясидаги давлат улуши яна Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилди.

Мадина Очилова тайёрлади
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид