Жамият | 12:59 / 26.08.2023
24648
11 дақиқада ўқилади

“Қиз сақлагунча туз сақла” деган мақолларни лексиконингиздан ўчиринг” – ёш ёзувчи билан суҳбат

“Кўпчилик ўзбек ота-оналари каби меники ҳам ўзларида амалга ошмаган ниятларини болаларида кўришни истаган ва бизнинг ўқиб, олий маълумот олишимизни жуда хоҳлаган. Улар ўқишимиздан ҳеч қачон пул аямаган, фақат ўқи, ўқинглар дерди”, дейди “Микрофон қизларда” лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши Моҳира Эшпўлатова. У хусусий мактабда болаларга дарс беради, наср йўналишида ижод қилади.

Моҳира Эшпўлатова – 28 ёшда, Навоий вилояти, Хатирчи туманидан. Ўзбек ёш ижодкорлари орасида ўз ўрнига эга, наср йўналишида ижод қилиб келаётган қалам эгаси. Бундан ташқари, пойтахтда ўтказиладиган турли ижодий тадбирларнинг ташкилотчиларидан. Яқиндан бошлаб ташкиллаштирилаётган “Очиқ микрофон” лойиҳасида ҳам фаоллардан бири бўляпти.

Асосий иши хусусий мактабда ўқувчиларга дарс бериш бўлган муаллима Моҳиранинг ҳаёт ҳикояси ҳам ўқишга арзийди. Шунинг учун “Микрофон қизларда” лойиҳасининг навбатдаги сонига уни қаҳрамон сифатида танладик.

Қишлоқда одамлар қандай улғайиши ҳақида

Оилада тўрт фарзандмиз. Бир қиз, уч ўғил. Мен – тўнғич фарзандман. Дадам деҳқон, аям уй бекаси. Кўпчилик ўзбек ота-оналари каби менинг ота-онам ҳам ўзларида амалга ошмаган ниятларини болаларида кўришни истаган ва бизни ўқиб, олий маълумот олишимизни жуда хоҳлаган. Дадам ўқишимиздан ҳеч қачон пул аямаган, фақат ўқи, ўқинглар дерди, шунинг орқасидан мен институтни тамомладим, икки укам айни пайтда Тошкентда университетда ўқияпти.

Қишлоқда катта бўлганман. Қаерда катта бўлсанг ҳам шаҳардами ё қишлоқда, агар пулинг бўлмаса, ёмон яшайсан. Қишлоқ одамларининг 90 фоизи деҳқончилик билан кун кўради, кам қисми давлат ишида ишлайди. Давлат ишидагиларнинг аксарияти ҳам ойлиги яхши бўлмаган шифокорлар ва ўқитувчилардан иборат. Ишлаб чиқариш йўқ, саноатлашмаганмиз, қишлоқ хўжалигидан яхши даромад олишинг учун, албатта, сув керак.

Йилдан йилга ерларни суғориш қийинлашиб бормоқда. Дадамнинг катта ерлари бор, мироб бўлиб ишлайди. Буларнинг ичида яшаганим учун сув қийинчилигини чуқур ҳис қиламан. Менинг болалигим оддий яшаш эҳтиёжларини қондириш учун курашиш билан ўтди. Светсиз, газсиз, “ўчоқ ёқ”, “кеч бўлмасидан ишингни битир, чунки кечқурун свет бўлмайди”. Қишда қанчадир пайт мактабга бормасдик, хоналари музлаткич бўлиб ётгани учун. Шароит бўлса 30 дақиқада қилиш мумкин бўлган ишга 2-3 соат уннайсан. Спорт, санъат тўгаракларига боргинг келади, улар йўқ қишлоғингда. Одамлар қанчалик маданиятдан узоқлашиб, турмуш қийинчиликлари билан ўралашгани сари ҳаётнинг бошқа соҳалари билан қизиқмай боради.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, китоб ўқишни жуда яхши кўрардим, афсуски, свет бўлмасди кечқурун. Шамда ўқиётгандим дадам “кўзингни нури кетади, қаримай кўр бўласан” деб ўша шамни олиб қўйган эди. Кейин фонарга ўтганман, униям олиб қўйгандилар. Кечқурун бошқа нима қилиш мумкин, яна китобингни қизиқ жойига келганман. Шунда дадам кўрмасин деб кўрпанинг тагига кириб, “зажигал”канинг фонарчасини ёқиб китоб ўқиганман. Хуллас, айтмоқчиманки, қишлоқда кундалик эҳтиёжинг бўлган ишларга умрингни сарфлаб яшайсан. Шаҳарда эса ундай эмас. Кейин қишлоқ одамини фикрлаши билан шаҳар одамини фикрлашида катта фарқ бор. Шаҳар боласида қишлоқда ўсаётган тенгқурига нисбатан имконияти, танлови кўп. У цивилизацияга яқин, яшаб қолиш учун курашмайди, ҳеч бўлмаса майда қийинчиликлар билан ўралашмайди.

“Мен онам учун ҳамма нарсадан муҳимроқман”

Китобга меҳрни аям уйғотган. Болалигимизда аям бизга кўп эртак айтиб берган. Ҳар куни тунда аям мен ва укаларимга эртак айтар, биз қатор жой солиб ётиб эшитардик, шу тахлит ухлаб қолганимизни ҳам билмай қолардик. Аям бизни ухлатиш учун, тинчитиш учун эртак айтиб берарди. Эртак эшитиб ухлаган туним тушимга ўша эртакнинг воқеалари кирарди. Тинч, хотиржам ухлардим, тушларим рангли, қизиқ эди. Аямнинг эртаклари такрорланмасди, ҳозир ўйлаб қарасам, аям вазиятга қараб эртаклар тўқиб айтиб кетаверган экан. Масалан, бизни аҳл-иноқ бўлишга, эрта туришга ўргатадиган, ўзидан катталарнинг айтганини қилишга ундайдиган аямнинг тасаввури маҳсули бўлган дидактик эртаклар.

Эртак эшитиб ухлайдиган бола, онаси ҳамма ишини қўйиб у билан эканини ҳис қилади. Унда “Мен онам учун ҳамма нарсадан муҳимроқман” деган фикр уйғонади. Гармония ҳосил бўлади. Катталар учун яқин инсонининг меҳр-эътибори қанчалик муҳим бўлса, болалар учун ҳам бу миллион карра муҳим аҳамият касб этади. Эслаб кўрсак, болалигимизда “ота-онам мени яхши кўрмайди” деган фикр бўлган, бу ота-она билан мулоқотнинг тўғри йўлга қўйилмаганидан.

“Қандай қилиб ўқитувчи бўлиб қолдим?”

Мен ўқитувчи бўлишни орзу қилмаганман. Телебошловчи, журналист бўлмоқчи эдим. Қачон ҳаётинг сен ўйламаган томонга бурилиб кетишини билмайсан. Ким истаганини эслолмайман, фақат бу менинг танловим эмас эди. Ҳаммаси ўз-ўзидан бўлиб кетган. Ота-онам олий маълумотли бўлиб мактабимизда ишлашимни хоҳлаган. Куннинг бир қисмида мактабдаги ишига боради, қолган қисми рўзғорининг ишини қилади деб режалар қилишган. Ҳам муаллима аёл, ҳам тўкис рўзғор бекаси бўлишимни исташарди.

Менга мактабда ишлаш, болалар билан муносабат ўрнатиш осон, ўзимни сувда сузаётган балиқдек ҳис этаман. Аммо жамиятда ўқитувчининг обрўси пастлиги, унга тенг равишда ойлиги камлиги, мактабдаги ички майда ғиди-биди гаплар, ўқувчиларнинг дарсларга қизиқмаслиги менга азоб берарди. Ишимни биринчи 2018 йил Хатирчи туманидаги 53-мактабдан бошлаганман. Илк кирган синфим 10-синфлар эди, ҳаяжондан оёқ-қўлим қалтираган, ўтирган стулимдан турмай дарс ўтганман ўшанда.

Ўша пайтларда абитуриентлар учун курс очгандим, ўқишга киришга тайёрланаётган бир қиз бола ўқувчим бўларди. Ўзи отаси йўқ, жуда одобли, яхши ўқийдиган, чиройли қиз эди. Мактабда ўқиётган пайтидан уйини совчи босган эди. Унинг ўқишга ҳаваси баланд эди, ўз кучи билан нималаргадир эришгиси, ўқигиси келарди. Ўша ўқувчим биринчи йил балли баланд жойга топшириб, ўқишдан йиқилди. Ундан кейин бу босимлар жуда ортиб кетган эди. Эсимда, у ёнимга келиб йиғлаган эди. Устоз фанини ўргатиш билан бирга психолог, жойи келса мотиватор, баланд ўрнидан тушиб дўст бўла олиши ҳам керак.

Ўшанда вазиятдан келиб чиқиб ўзи билан, кейин онаси билан гаплашгандим, қишлоқда эмас, уйидан кетиб, репетиторга бориб бир йил тайёрланишни маслаҳат бергандим. Кейин мен ҳам кетдим, бир йил ўтгач у қиз мени топиб телефон қилди, жуда хурсанд бўлиб раҳмат айтди: ўқишга кирибди.

Кўнглим тўладиган ҳеч қандай ютуғим йўқ, лекин ёшларга озгина бўлса-да нафим тегаётганини кўрсам, қувонаман. Шунчаки яшаётганим йўқ-ку, дейман.

Ёшлар билан ишлаш яхши, уларнинг кўзида ёниб турадиган нимадир бор, доим ҳаракатда, олдинга интилади. Уларда тирик ҳаётни кўрасан. Ҳар неки бўлган тақдирда ҳам, ўқитувчи касби эгасилигимдан хурсанд бўламан. Чунки ўқувчиларим мени яхши кўришади.

“Курашувчанликни қандай ўргандим”

Ўзбек аёллари кўрган-кечирганининг ҳаммаси менга дарс. Ўзимга менинг ҳаётим бундай бўлмайди деганман ва шунинг учун курашиб келяпман. Мен катта фарзанд эканлигим, қолган 3 укамга ўрнак бўлишим кераклиги ва “Сенинг қўлингдан келмайди” мазмунидаги гаплар катта куч беради.

Ҳозир айни пайтда ўқитувчиман, пойтахтда хусусий мактаблардан бирида ишлаяпман.

Фаол ўқиш ва ижод ичидаман. Шу йил 2 та китобим чиқиши мўлжалланган. Ва яна кейингиси устида ишлаяпман. Тил ўрганиб, чет элда ўқишимни давом эттирмоқчиман. Оилавий ва ижодий бир нечта режаларим амалга ошгач, кетаман. Адабиётимизни, ижодкорларни қўллаб қувватлайдиган ННТ очиш ҳаракатидаман, яхши янгиликлар бўлади. Кўп пул топиб, дадам ва аямга пойтахтдан уй олиб беришни ҳам мақсад қилганман. Улар қолган умрини иссиқ-совуқни, газ-светни ўйламай фаровон яшаб ўтказишларини хоҳлайман.

Қизларга

Сиз ўзингиз бўлинг, кечаги ўзингиздан яхшироқ бўлинг, тамом. Миянгизга иккинчи даражалисан ва ожизасан, кучсизсан деган нарсани сингдиришларига йўл қўйманг.

Аёллар, бир-бирингизни доим ҳар жойда қўллаб-қувватланг. Чунки аёл дардини, оналик машаққатларини фақат аёлгина тушуна олади. Қизлар, билимли бўлинг, меҳнатсевар ва жасоратли бўлинг. Молиявий мустақиллик сизга кўп имкон эшигини очади. Ўзингизга жуфт танлашда танловингиз кенг бўлади ва эркакни сизни севиши ва ҳурмат қилишига қараб танлайсиз, моддиятига ё бировнинг тавсиясига қараб эмас. 

Қўрқманг, “Қиз сақлагунча, туз сақла, Ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди, Ит қариса този бўлар, қиз қариса қози бўлар, Ҳар кимнинг ўз дарди бор, кал қизнинг эр дарди бор, Элакка чиққан хотиннинг, эллик оғиз гапи бор, Шошган қиз эрга ёлчимас, Эпсиз келин, сепсиз келин. Қиз бола бировнинг хасми, Ит вафо, хотин жафо, Аёлларнинг гўри чуқур бўлади, Жойи чиқса текин бер, Ишонмагин хотинга, қарши қилар зотингга, Аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади, Аёл кишини қирқ та жони бор, Дарахтни тепса, қиз ёғилади, Сочи узун ақли калта, Хотин киши деворга бир мих қоқса, уй қурдим дейди, Қиз бола палахмон тоши, Қиз боланинг бозори тез тарқайди” каби мақолларга “сен ожизасан, сенинг қўлингдан келмайди, ўқиб нима қиласан, ким ҳам бўлардинг сен” деган гапларга мутлақо эътибор берманг. Буларни лексиконингиздан чиқариб ташланг. Бу гаплар эскилик сарқити ва уни бугун бизни камситишни, ерга уришни истовчи ўзига ишонмайдиган эркаклар ва ўзини ҳурмат қилмайдиган аёлларгина айтади.

…Моддиятга, осон яшашга учманг, ҳар қандай нарсанинг тўлови бор. Сиз миллиардлаб инсонларнинг бирисиз, алоҳида шахссиз, дунёда ўз ўрнингиз бўлсин, ҳеч ким учун бўлмаса ҳам ўзингиз учун исботлай олинг қўлингиздан нималар келишини.

Моҳиранинг ҳикояларини Izlam.uz шахсий блогида ўқиш мумкин.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид