Жаҳон | 20:47 / 28.08.2023
47915
8 дақиқада ўқилади

Кремлдагилар 2024 йилги президентлик сайловларида Путинга кимлар рақиб бўлишини аниқлаб олган

Номзодларни саралашда асосий мезон — ёш ҳисобланади.

Максим Блинов / EPA / Scanpix / LETA

РФ президенти маъмуриятининг Сергей Кириенко бошқарувидаги сиёсий блоки 2024 йилги президентлик сайловларида Владимир Путин билан «рақобатлашадиган» «спарринг-ҳамкорлар» вазифасини кимлар бажариши бўйича бир қарорга келган. «Медуза»нинг Кремлга яқин манбаларига кўра, уларни саралашда асосий мезонлардан бири ёш бўлган. Унга кўра, рўйхатга олинадиган номзодлар орасида 50 ёшга чиқмаган сиёсатчилар бўлмаслиги керак. Президент администрацияси мулозимлари бюллетенда ёш номзодлар ҳам бўлиши россияликларни 70 ёшга чиққан Путин — «энди ҳокимиятга қаттиқ қўл билан келган одам эмас» деб ўйлашга ундаши мумкин, деган фикрда шу қарорга келган.

Айни вақтда президент администрациясидагилар мўлжалига кўра, сайловларда Путиндан ташқари парламентдаги уч партия вакиллари номзод бўлади: КПРФ, ЛДПР ва «Новые люди» («Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов аллақачон унинг партияси сайловда ўз номзодини илгари сурмаслиги ва Владимир Путинни қўллаб-қувватлашини билдирган). Кремл КПРФ партиясидан Геннадий Зюгановни номзод сифатида кўрмоқда. «Грудинин каби [коммунистлар томонидан 2018 йилги сайловларда номзод сифатида кўрсатилган бизнесмен Павел Грудинин] қора тойчоқлар керак эмас. Зюганов президентга яхши таниш, партия етакчиси сифатида мақоми бор, унинг фамилиясини ҳар бир сайловчи билади. Шу билан бирга, унда юқори чегара бор — КПРФнинг азалий электорати, у янги сайловчиларни жалб қилмайди», — дея изоҳлаган нашрнинг президент администрациясига яқин суҳбатдоши.

Коммунистлар етакчиси Геннадий Зюганов

2008 йилги президентлик сайловларида Зюганов 17 фоиз овоз олган, 2012 йилда — 18 фоиз. Бундай барқарор рейтинг Кремл учун муҳим — бўлажак сайловларда Путин «рекорд натижа» қайд этишини таъминлаш режалаштирилган. Амалдаги президент сайловдаги давомат 70 фоиздан ортиқ бўлган ҳолда 80 фоиздан ортиқ овозга эга бўлиши керак. Бунга эса назарий жиҳатдан Грудинин билан бўлган воқеа такрорланиши халақит бериши мумкин — ўшанда Кремл билан келишилган номзод рейтинги кутилмаганда кўтарилиб кетган ва администрация унга қарши тўлақонли қора пиар кампанияси олиб боришига тўғри келганди. «Зюганов билан эса бундай эксцесслар (издан чиқиш) бўлмайди», — дея ишонч билдирган администрацияга яқин суҳбатдош. Ҳозирда Зюгановга ишонч рейтинги 3 фоизни («Левада-Центр» маълумоти) ташкил этади, Коммунистик партия рейтинги эса — 10,2 фоиз (ВЦИОМ - Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази).

Кремлдагилар ЛДПРдан партия етакчиси Леонид Слуцкий номзод бўлишини исташмоқда. Манбанинг сўзларига кўра, Слуцкийнинг ўзи ҳам сайловларда қатнашишни истайди, чунки у «пиар қилишни ёқтиради». ЛДПР партияси раҳбариятига яқин бўлган манба бу маълумотни тасдиқлаган ва Слуцкий «жамоатчилик қаршисига чиқишни ёқтириши» ва «ўз машҳурлигини ошириш»ни исташини қўшимча қилган. Манба сўзларига кўра, ҳозирда Слуцкий худди шу мақсадда регионал сайловларда партия рўйхатини бошқармоқда: «Унинг фотосурати — партия газеталарининг муқоваларида чиқмоқда, президентлик сайловлари пайтида ва дебатлар пайтида телеэфирлар ҳам кўпроқ бўлади».

Жириновскийнинг вориси Леонид Слуцкий

Кремлнинг сиёсий блокка яқин манбаси Слуцкийнинг номзоди илгари сурилиши билан боғлиқ вазиятни қуйидагича таърифлаган: «У тўла мос келади — жиддий эркак, лавозими бор, пиджакда юради. Ҳеч ким буни соф спойлер дея олмайди. Аммо Слуцкийнинг шахсий рейтинги жуда паст, унинг ўзи эса кучли сиёсатчи эмас…»

«Новые людей» (НЛ) партияси билан боғлиқ вазият эса мураккаб. Кремлдагилар партиядан унинг раиси, бизнесмен Алексей Нечаев номзод бўлишини исташади. «Бундаги мантиқ ҳам Слуцкийдаги каби: пиджак кийган жиддий киши, партия намояндаси, тўғри одам. Аммо таниқли эмас ва у қадар харизматик эмас. Рейтинги [олдинга] чиқиб кетадиган ва KPI (самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари) бўйича Путинга таҳдид соладиган даражада», — дея изоҳлаган манба.

Алексей Нечаев

Аммо Нечаевнинг ўзи билан бу режани ҳозирча келишишнинг имкони бўлмаган. Кремлга яқин манбалар таъкидлашича, у «кўп фоиз олишга йўл қўйилмаслигини тушуниб турибди, шу билан бирга арзимаган 2 фоиз овоз билан Леша бўлишни ҳам истамаяпти».

«Нечаев 2026 йилги Давлат думаси учун сайловларда партияси камида учинчи ўринни эгаллашини истайди. Президентлик сайловидаги паст кўрсаткичи эса бу мақсадга эришишга тўсқинлик қилади деб ўйлайди», — дея изоҳлайди манба.

«Медуза» суҳбатдошларига кўра, Нечаев ўзининг ўрнига Давлат думаси вице-спикери, ҳозирда Москва мэрлиги учун номзодини қўйган Владислав Даванковни таклиф этмоқда. Аммо президент администрациясини бу номзод қониқтирмайди. Кремл Нечаевнинг ўзи иштирок этишини талаб қилишда давом этмоқда, лекин Даванков ҳам — мутлақо тизимли сиёсатчи ҳисобланади:

«Гап ёшда. Даванков 39 ёшда, у пиар қилишни ёқтиради, омма олдида яхши чиқишлар қилиши ҳам мумкин. У катта фоиз ололмаслиги тушунарли, аммо ёш ва фаол номзод сайловчиларни президентнинг ёши ҳақида ўйлашга мажбур қилиши мумкин. Бу ноқулай контраст бўлади. Гап [Путиннинг] сайловлардаги натижаси ҳақида эмас, балки кейинги йиллар ҳақида кетмоқда, у вақтга бориб Путин, албатта, яхши, аммо қандайдир ёшроқ сиёсатчи пайдо бўлиши мавриди келмадими, деган фикрлар пайдо бўлади. Ёш номзодлар иштироки эса ана шундай фикрларга турки бўлиши мумкин», дейди манба.

Russian Field компанияси шу йил май ойида ўтказган сўровларга кўра, россияликларга амалдаги президентдаги қайси жиҳат ёқмаслиги ҳақидаги саволга энг кўп берилган жавоблар учлигида ёш масаласи ҳам бор — бундан юқорироқда Путиннинг «юмшоқлиги» (бунда нима назарда тутилгани — мутлақо тушунарсиз) ва унинг мамлакат ички ишларига эътиборсизлиги ҳақидаги жавоблар жойлашган.

«Медуза»га интервю берган ҳудудий мулозимлар ва единоросслар ҳам сўнгги йилларда россияликларни чиндан ҳам Путиннинг ёши ташвишга сола бошлаганини тасдиқлаган. «Ворис ҳақида ўйлаш вақти келмадими, балки дам олиш вақти келгандир, янги қарашлар керакдир?» — дея аҳоли вакилларининг саволларини санайди ҳудудлардаги юқори мартабали единоросслардан бири.

Мулозимларнинг ўзлари ҳам Путинга етмиш ёшга чиққанидан кейин бошқача кўз билан қарай бошлаган. «Медуза»нинг амалдорлар, единоросслар, ҳокимиятга содиқ бизнесменлар ва политтехнологлар орасидаги суҳбатдошлари авваллари амалдаги президентни «биринчи», «бошлиқ», «олиймақом» ёки «ота» деб атаган бўлишса, энди уни кўпроқ «бобой» деб атай бошлашган. Кремлга яқин суҳбатдошлардан бири бунинг сабаби сўралганида шундай жавоб қайтарган: «Бобойми, бобой-да, бунда салбий маъно йўқ. Унинг ёши шунақа».

Мавзуга оид