Ўзбекистон | 10:00 / 31.08.2023
5603
5 дақиқада ўқилади
Реклама

100 ёшга тенг Бўзсув ГЭС-1 янги қувватларда ишга туширилди

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Мамлакатимизда аҳоли сони муттасил равишда ўсиб бораётгани, сўнгги йилларда миллий иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва шу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида кўплаб замонавий, янги саноат корхоналари пайдо бўлаётгани, табиийки, электр энергиясига бўлган талабни ҳам оширмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда электр энергия ресурсларини ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда янги экологик тоза ишлаб чиқиш қувватларини ташкил этиш, соҳада замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш ва шу асосда корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришни таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар қаторида миллий иқтисодиётимизнинг муҳим қувват манбаи ҳисобланган гидроэнергетика тармоғи ҳам изчил ривожланмоқда.

Бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги ГЭСлар барпо этилмоқда ҳамда инвестициявий лойиҳалар доирасида узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинаётган, ўзининг ўрнатилган электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини йўқотган ГЭСлар модернизация қилиниб, янги самарадор қувватлар ўрнатилмоқда.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

30 август куни давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги 100 ёшга тенг Бўзсув ГЭС-1 модернизациядан сўнг, янгиланган энергетик қувватда ишга туширилишига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ижро аппарати раҳбари Суҳроб Хамраев ҳамда Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиев табрик нутқи билан очиб берди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Маросимда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги мутасаддилари, Жамият тизим корхона ва ташкилотлари вакиллари, ҳамкор хорижий компаниялар масъуллари, гидроэнергетик муҳандислар ҳамда марказий телеканаллар, босма ва электрон ОАВ вакиллари иштирок этди.

Бўзсув ГЭС-1 нинг аввалги ўрнатилган қуввати 4 МВт (4 та гидроагрегат) бўлган бўлса-да, узоқ йиллар давомида эксплуатация қилингани сабабли қуввати 2 МВт га пасайиб қолган эди. Модернизация ишлари якунига етказилгандан сўнг, ГЭСнинг энергетик қуввати 6 МВт (2 та замонавий гидроагрегат)га етказилди. Бу, ўз-ўзидан, ГЭС қуввати 4 МВтга оширилганини кўрсатади. Янгиланган ГЭС йилига ўртача 44,4 млн кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқаради.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

МАЪЛУМОТ УЧУН: Ўзбекистонда бунёд этилган биринчи гидроэлектр станция Бўзсув ГЭС-1 ҳисобланади. Мазкур ГЭС Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган. ГЭС қурилиши 1923 йилда бошланади. Бўзсув ГЭСнинг қурилиши (1923-1926 йй.) халқ ҳашари билан амалга оширилади.

Мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириб бориш, энергетика ресурслари мувозанатини ошириш ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада тўлиқ қондиришни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сон Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 апрелдаги “Чирчиқ ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-10), “Самарқанд ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-2Б), “Тошкент ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-1) модернизацияси” инвестициявий лойиҳанинг техник иқтисодий асосини тасдиқлаш тўғрисида”ги 276-сонли Қарори қабул қилинди. Унга асосан, Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги томонидан “Тошкент ГЭСлар каскади” УК модернизацияси (ГЭС-1)” инвестициявий лойиҳасини молиялаштириш учун имтиёзли кредит берилиши маъқуллангани, “Гидропроект” АЖ томонидан инвестициявий лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилгани қайд этилиб, инвестициявий лойиҳанинг молиялаштириш манбалари сифатида ХХР Эксимбанкининг 20 йил муддатга, шу жумладан, 5 йиллик имтиёзли даврга йиллик 2,2 фоиз ставкаси билан, “Туронбанк” АТБ орқали қайта молиялаштириладиган ва қайта молиялаштирувчи банкнинг 0,2 фоиз миқдоридаги маржаси қўшилган ҳолда бериладиган кредит маблағлари, шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг ўз маблағлари белгиланганди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Модернизация ишлари ХХРнинг соҳада етакчи ташкилотларидан бири бўлган “CNTIC” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Жамият томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ва самарали фаолият, хусусан, янги ГЭСларни қуриш, мавжудларини модернизация қилиш, ГЭСларда жаҳон стандартидаги замонавий технологияларни жорий қилиш орқали халқимизнинг хонадонларини ёритиш, кундалик маиший эҳтиёжлари учун зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, халқимиз хонадонлари янада обод бўлиши, ёруғлик манбаи билан нурафшон бўлиши, энг асосийси, халқимиз турмуш фаровонлигининг ошишига муҳим пойдевор бўлади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид