Жаҳон | 18:45 / 01.09.2023
26096
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Орихив йўналишида Украинанинг жанубдаги ёзги кампанияси тақдири ҳал бўлмоқда

Украина қўшини Орихив йўналишидаги Работине қишлоғи озод этилганидан кейин Россиянинг ушбу қишлоқдан жануб ва шарқда жойлашган навбатдаги мустаҳкам мудофаа чизиқларига юриш қилишда давом этмоқда.

Фото: Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Работине шарқидаги мудофаа чизиғи ёриб ўтилган, украин бўлинмалари бир неча километр жануби-шарқда жойлашган Новопрокопивка қишлоғи атрофига етиб келган.

Аммо Украина қуролли кучларининг илгарилашига Орихивдан Работинегача бўлган йўллар қанотлардан Россия артиллерияси томонидан ўққа тутилаётгани халал бермоқда. Бу қўшимча кучлар ва ўқ-дориларни олиб келишни, шунингдек, ярадорларни эвакуация қилишни қийинлаштирмоқда. Қанотларни хавфсиз қилиш учун Украина қуролли кучлари Работинедан шарқ ва ғарбдаги — Вербове ва Копани қишлоқларини ҳам озод этишга ҳаракат қилмоқда. 30 август куни украин бўлинмалари Вербове қишлоғи чеккаларига чиқишди. 

Россия қўмондонлиги мудофаа чизиғи ёриб ўтилиши хавфини англаб турибди: Работине атрофига РФ қуролли кучларининг йирик захираларини юбориш бошланган. Жанубий гуруҳнинг катта қисми аллақачон жангларга ташланган ва энди бошқа йўналишлардаги қўшинларнинг ҳам бир қисми олиб келинишини кутиш мумкин.

Работине ва Вербове

  • Украина қуролли кучлари ўтган ҳафта озод этган Работине ҳамда ҳозирча РФ ҚК назорати остида қолган Вербове қишлоғи ўртасида катта эҳтимол билан Россия мудофаасида ёриқ пайдо бўлган, бу ёриқни ёпиш учун ажратилган кучлар эса етарли эмас. Россиянинг асосий мудофаа чизиғидаги нисбатан энг кучсиз истеҳкомлар ҳам айнан шу ерда жойлашган. Буларнинг бари биргаликда РФ ҚК учун кризис келтириб чиқарди.
  • Украиналик ҳарбийларни 29 ва 30 август кунлари Вербове чеккаларида ва Новопрокопивка шарқдаги тепаликларда кўришган. Новопрокопивка эгалланиши уларга Токмак сари йўл очади, аммо рақиб мудофаа чизиғини ёриб ўтиш қийин бўлади: бунинг учун Украина ҚК аввал Вербове томондаги қанотдан келадиган хавфни бартараф этиши керак.
  • Келгуси ҳафталарда Работине — Вербове — Новопрокопивка учбурчаги бутун ёзги кампания тақдирини ҳал қилиши мумкин. Украина қуролли кучлари июл ойи охири ва август ойи бошида бир неча янги бригадаларни жангга ташлагани туфайли ҳозирча устунлик ва ташаббусга эгалик қилмоқда. Аммо украин қўмондонлигининг муаммоси шундаки, у аллақачон ўзида мавжуд бўлган деярли барча захираларни ишга солиб бўлди, РФ ҚК эса асосий йўналишга ўзининг янги кучларини ташлашни эндигина бошлаган. 
  • Работине ва Вербове ҳудудларида сўнгги ҳафталарда РФ ҚК Жанубий гуруҳи захира кучлари пайдо бўлган: 7-десант-штурм дивизияси десант полки ва 503-мотоўқчилар полки, улар июн — июл ойларида Украина қуролли кучларининг Работинедан 30 километр ғарбдаги Пятихатки ҳудудига ҳужумларини қайтаришда қатнашганди. Бу ҳудудда Россия қўшинлари вазиятни барқарорлаштиришга эришган, бу эса қўшиннинг бир қисмини Орихий йўналишига ўтказишга имкон берган.
  • Аммо Жанубий гуруҳнинг ўз захиралари украинлар юришини қайтариш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Катта эҳтимол билан, РФ бош штаби гуруҳга қўшимча кучлар юборишига зарурат бўлади. Бундай кучларни юбориш аллақачон бошланган бўлиши ҳам мумкин: Россия қўмондонлиги, афтидан, Луҳанск областидаги Креминна атрофидаги 76-десант-штурм дивизиясидан икки ёки учта полкни Работине ҳудудига йўллаган. Дивизиянинг телеграм-канал саҳифасида 29 август куни Запорижжя областининг қайсидир чеккасида олинган видео эълон қилинди, 30 август куни эса Креминна — энди «аллақачон тарихга айлангани» хабар қилинди.
  • Россия қўмондонлиги «тешикларни тезда ёпиш» учун фойдаланадиган ҳаво-десант кучлари ва денгиз пиёдаларидан иборат бошқа бўлинмаларнинг аксарияти аллақачон турли йўналишлардаги жангларда қатнашмоқда. Аммо РФ қуролли кучларида бошқа захиралар ҳам бор: хусусан, Россиянинг Купянск йўналишида турган Ғарбий гуруҳи ҳали ўз захираларини жангларга олиб кирмаган (камида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот пайдо бўлмаган, бу йўналишдаги ҳарбий ҳаракатлар эса бир неча ҳафтадан буён тўхтаб қолган). Аммо Бош штаб уларни жанубга юбориб, бошқа гуруҳ қўмондонлигига ўтказишга қарор қилиши аниқ эмас: бундай қарор Россиянинг Харкив областида катта юриш бошлаш ва ташаббусни қўлга олиш ғоясини барбод қилган бўлади.

Велика Новосилка йўналиши

Украин армияси жанубда бераётган иккинчи зарба — Донецк ва Запорижжя областлари чегарасида, Велика Новосилка райони марказидан жанубида — суръатини йўқотган. Старомайорске ва Урожайне қишлоқлари (Мокрие Яли дарёси бўйида) озод этилгач, Украина қуролли кучлари ҳозирча жанубга — РФ ҚКнинг Старомлиновка ҳудудидаги асосий мудофаа линияси йўналишида илгарилашда давом этмади. Катта эҳтимол билан, украин қўмондонлиги жанубга силжишдан олдин қанотлардаги амалиётларни якунлаб қўйишни муҳим деб топган: Старомайорскедан ғарбдаги Приютне қишлоғи ва Урожайнедан шарқдаги ўрмонзор ҳамда далаларни тозалаш.

Днипронинг сўл соҳили

Украина қуролли кучлари июл ойида Днипронинг чап соҳили ва унга параллел оқувчи Конка дарёси бўйида ҳосил қилинган плацдармларининг бир қисмини бой берди. Аммо плацдармлар қайта тикланиши хавфи сақланиб қолишининг ўзи Россияни асосий ҳарбий ҳаракатлар театридан ажралиб қолган бу ҳудудларда захира кучларни ушлаб туришга (жумладан десант қисмлар ва денгиз пиёдалари бўлинмалари) мажбур қилади.

Купянск йўналиши

Россиянинг фронтнинг шимолий участкасидаги ҳаракатларини тушуниш қийин: икки рақиб ҳам РФ ҚК бу йўналишда жиддий босим ўтказаётгани ҳақида хабар берган, аммо ҳужумларнинг муваффақияти бўйича ҳеч қандай далиллар тақдим этилмаган. Бир неча ҳафтадан буён Лиман Первий — Синковка — Олшани учбурчагида жанглар олиб борилмоқда, лекин ҳамон Россия қўшинлари рақиб мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, Купянск шаҳрига яқинлашиб келишидан дарак йўқ. Жануброқда РФ ҳарбийлари Новоселковске посёлкаси ва Куземовка станциясини эгаллаган, аммо бу томондан ҳам Купянскка илгарилаш кузатилмаяпти.

Ҳолдан тойдириш учун жанг

Украина қуролли кучлари Россия мудофааси ичкарисига ёриб кира олмагани ва оператив кенгликка чиқа олмагани туфайли, Россия мудофаасини чарчатиш стратегиясига ўтишган. Аммо ҳозирча ким кўпроқ ва тезроқ ҳолдан тойиши ҳақида аниқ гап айтиб бўлмайди. Қарши ҳужум бошланганидан буён (4 июн) ҳам Россиянинг, ҳам Украинанинг ҳарбий техникалари йўқ қилингани ва шикастлангани акс этган юзлаб видеолар намойиш этилган. Бундай видеолар миқдорини солиштириш икки томон йўқотишлари кўлами бўйича фақат тахминий ҳисоб-китобларга ярайди. Россия ва Украина томонидаги базалар маълумотлари асосидаги бундай таққослар кўрсатадики, аксарият позициялар бўйича икки томоннинг йўқотишлари қарийб бир хил даражада:

  • Агар эълон қилинган видеоларга қараб баҳоланса, РФ қуролли кучлари украинларнинг қарши ҳужуми бошланганидан буён қарийб икки баробар кўпроқ танкларидан айрилган (115 тага қарши 206). Август ойида бу борадаги кўрсаткичларда жиддий ўзгариш кузатилмаган — украинларда 27, россияликларда 46.
  • Бундай уруш учун энг муҳим техника — артиллерия қуроллари бўйича йўқотишлар эса бир-биридан кўп фарқ қилмайди. Интернетда россияликларнинг 120 миллиметр калибрдан юқори миномётлари ва қуроллари яксон қилинган ёки зарбага учрагани акс этган 159 видео тарқалган — украинларнинг шундай техникалардаги йўқотишлари акс этган видеолар 148 та. Украина қуролли кучлари июл ойи ўрталаридан буён асосий эътиборни россияликлар артиллериясига қарши курашга қаратган, айнан шу қарор украинлар юришини секинлаштиргани айтилади. Шу билан бирга, август ойида РФ ҚК 36 та артиллерия қурилмалари, миномётлари ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан айрилган, Украина ҚК эса — 33 та.
  • Украина қуролли кучларининг энг кўп йўқотишлари пиёдаларни миналанган майдонлар бўйлаб олдинги чизиқларга етказиш, бу майдонларни миналардан тозалаш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланилаётган зирҳланган техникалар (БМП, БТР, миналардан тозалаш машиналари ва бошқа муҳандислик техникалари, зирҳли автомобиллар) борасидаги йўқотишлари сезиларли даражада юқори. Видеоларда украинларнинг 401 та зирҳли машиналари шикастлангани ёки йўқ қилингани акс этган, россияликларда эса бу рақам 336 га тенг. Аммо август ойида Россия қўшинининг «зирҳланган техникалар» бўйича йўқотишлари ортган — украинларнинг 80 та машинасига қарши 87 та.

Мавзуга оид