Президентнинг байрамдаги чиқиши ва таълим мавзусида видеоселектор — Ўзбекистон ҳафта ичида
Мустақиллик тантаналари, байрам олдидан эълон қилинган афв, Сурхондарёда мактаб директорига ҳужум ва бошқа воқеалар — Kun.uz дайжестида.
Мустақилликнинг 32 йиллик тантаналари
«Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилган байрам тантаналарида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини қутлаб, нутқ сўзлади.
Президент мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар билан қаторда ҳали олдимизда турган, ҳал этилишини кутиб ётган вазифаларни ҳам тилга олди. Жумладан, экологик муаммолар ва сув танқислиги ҳақида гапирди.
«Бизнинг вазифамиз — ҳар икки йўналишда ҳам мувозанатни сақлашдан иборат. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, табиий ресурслар — бу келажак авлодларимизга ҳам тегишли бўлган бойликдир. Шу боис, улардан нафақат бугунги, балки эртанги кунимизни ҳам ўйлаб, оқилона фойдаланишимиз зарур.
Бу борада сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Биз учун «яшил» ва рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди», — деди давлат раҳбари.
Президент ўз нутқида қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилашнинг аҳамиятига ҳам урғу берди.
«Биз — низоларни уруш билан эмас, тинчлик билан ҳал этиш йўлини танлайдиган халқмиз. Биз барча халқлар билан ҳамиша муросаи мадора, дўстлик ва ҳамкорликда яшаб келганмиз. Бугунги тараққиёт йўлимизда ҳам айнан шу тамойилларга таянамиз», — деди президент.
Президент нутқида пахта сиёсати Орол денгизини қуритгани, иқтисодиётни, таълим тизимини издан чиқаргани, оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етганини афсус билан таъкидлади.
«Ўтмишга назар ташлар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: «ўзбек» деганда, фақат эртаю кеч пахта даласида меҳнат қиладиган заҳматкаш инсонлар тасаввур қилинар эди. Афсуски, шу даражага тушиб қолган эдик.
Пахта ҳукмронлиги ўзбекнинг пешонасига ёзилган бало бўлди. Пахта сиёсати Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди.
Оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди. Биз бунинг асоратлари билан ҳалигача курашяпмиз. Бугун пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топди», — деди президент.
Президент илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳаларни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётганини қайд этиб ўтди.
«Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда.
Биз транспорт-логистика тизими билан бирга, бугун замоннинг ўзи талаб қилаётган илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳаларни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратяпмиз. Айнан шу йўналишлар Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин келажакдаги асосий локомотивларига айланади», — деди президент.
Ўз нутқида таълим масаласига чуқурроқ тўхталган президент янги ўқув йилидан мактабларда хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари дарс беришини эълон қилди.
«Биз бир йил аввал тараққиётимизнинг 5 та асосий йўналишини белгилаб олган эдик. Унда таълим соҳасини ривожлантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қайд этилган. Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир», деди президент.
Давлат раҳбари нутқи ниҳоясида Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқ бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаёти маъноси деб билиши кераклиги таъкидланди.
«Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» — деди давлат раҳбари».
Мактаб таълими мавзусидаги видеоселектор
Президент Мирзиёев раислигида мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказилди.
Селекторда умумтаълим мактабларида малакали ўқитувчилар етишмаётгани масаласи ҳам кўтарилди.
Энг асосийси ҳудудларда мактаблар танқислиги масаласига эътибор қаратилди.
Ўтган 6,5 йилда 320 минг хонадонли янги уй-жой барпо этилгани билан, уларга мос қувватдаги мактаблар қурилмагани, янги қурилган массив ва маҳаллаларда ҳозирнинг ўзида 350 минг янги ўқувчи ўринларига мактабга талаб мавжудлиги таъкидланди.
Ҳокимлар ўзлари ҳам маблағ топиб, мактаб инфратузилмасини яхшилаш тўғрисида «бош қотириши» кераклиги қайд этилди. Мирзиёев таълим сифатини ошириш учун республика бўйича 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими жорий этилишини эълон қилди.
Бунда Президент ва ихтисослашган мактаблар уларга «таянч мактаб» бўлиши айтилди. Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилиши таъкидланди.
Мактабларнинг юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаради. Бунда олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган 10-11-синф ўқувчиларига: «Кимё — биология»; «Математика — физика»; «Математика — чет тили»; «Она тили ва адабиёт — чет тили» фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.
Шунингдек президент директорлар сертификциядан ўтказилиши, уларнинг маоши 50 фоизгача оширилиши, ҳақида гапириб ўтди.
2024 йилда инвестиция дастури доирасида мактаб қурилишига 3 трлн сўм ажратилиши, бунинг ҳисобига 150 минг янги ўқувчи ўрни яратилиши таъкидланди. Президент амалий чора-тадбирлар орқали 2024 йилнинг ўзида 250 минг ёки ўтган йилга нисбатан 2 карра кўп ўқувчи ўрни яратилишини билдирди.
Мирзиёев масъулларга 2030 йилгача ҳар йили 100 тадан мактаб қурилишига хусусий шериклар жалб қилишни топширди.
Ўзбекистонда ёшлар сиҳат-саломатлигини таъминлаш борасида хайрли қадамлардан бири ташланди — 21 ёшга тўлмаганларга алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиш тақиқланади.
26 августдан бошлаб Ўзбекистонда «Алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмолини чеклаш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Қонунда ушбу маҳсулотларни етказиб бериш ва тарқатиш бўйича алоҳида талаблар киритилган.
Янги қонунга мувофиқ, кўчада сигарета сотувчиларнинг фаолияти, шунингдек, тамаки маҳсулотларини ёрлиқсиз ёки доналаб сотиш тақиқланади.
Шунингдек, алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотувчиси 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса сотишни рад этиши шартлиги белгиланган.
Ўзбекистонда бунга қадар алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишнинг ёш чегараси 20 ёш бўлган.
Ҳафта ичида яна қандай эътиборга молик янгиликлар бўлди?
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова билан боғлиқ нохуш воқеа яна ҳафта мазусига айланди. У дарс соати кам ажратилган ўқитувчи аёллардан бирининг эри томонидан қаттиқ калтакланиб, шифохонага тушиб қолгани маълум қилинди.
Вилоят ҳокими беморнинг ҳолидан хабар олди. Ҳолат юзасида баданга тан жароҳати етказиш ва безорилик моддалари бўйича иш очилиб, гумондор ҳибсга олинган. Тергов ишлари кетмоқда. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов вазиятни ўз назоратига олганини эълон қилди. Директор аёл Термиз шаҳрида малакали врачлар қарамоғида даволаниш курсини ўтаётгани маълум қилинди.
Ҳафта ичида давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ соҳа вакилларига давлат мукофотлари топширилди.
Жумладан, Қурбон ҳайити арафасида президент Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан тақдирланган эди.
30 август куни ушбу мукофотни марҳум шайхнинг ўғли, шайх номидаги масжид имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Юсуф Кўксарой қаролргоҳида президент Шавкат Мирзиёевдан қабул қилиб олди.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллиги эълон қилинганининг 32 икки йиллигини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 286 нафар шахслар афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 109 нафари асосий жазодан озод этилди, 116 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 25 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 36 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Тошкентда қайта тикланган Республика болалар кутубхонаси ўз эшикларини очди. 2020 йилда Республика болалар кутубхонасини қайта тиклаш ишлари бошланган эди.
«Республика болалар кутубхонаси — шаҳримиз аҳолиси учун энг қадрли ва севимли жойлардан бири. Ушбу лойиҳада юксак меъморчилик намунасини ўтган аср бошида қурилган кўринишда сақлаб қолиш биз учун жуда муҳим эди», деди президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева кутубхонанинг қайта очилиш маросимида.
1907 йилда қурилган тарихий бино реставрация қилиниб, замонавий жиҳозланди. Кутубхона ўзбек ва жаҳон болалар адабиётига оид 180 минг китоб фондига эга. Ташриф буюрувчилар махсус ID-карта олади. У орқали китобхонларни рўйхатга олиш, китоб олиш ва топшириш жараёнлари электрон тарзда ташкил этилади.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон куз-қиш мавсумида электр энергияси етказиб бериш бўйича келишиб олди. Уч мамлакат энергетика вазирлари куз-қиш мавсумида электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, электр энергиясини соатлик ҳисобга олиш механизмларини жорий этиш, режадан ташқари оқимларни тартибга солиш бўйича шартномаларнинг амалдаги шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича келишиб олди ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Шунингдек, раҳбарлар электр энергиясининг соатлик ҳисобини юритиш механизмини жорий этиш имкониятларини ишлаб чиқиш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида режадан ташқари оқимларни ҳисоб-китоб қилиш бўйича шартномалар тузиш, режадан ташқари оқимларни ҳисоб-китоб қилиш бўйича шартномаларнинг амалдаги шартларини қайта кўриб чиқишга келишиб олди.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024