Ўзбекистон | 14:10 / 04.09.2023
28053
2 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги ҳодиса бўйича расмий маълумот берилди

ОТМ биносида қулаган плита бўлаклари икки нафар талабага енгил жароҳат етказгани маълум қилинди. Расмийларга кўра, ҳозирда уларнинг умумий аҳволи яхши.

Фото: Kun.uz

Самарқанд давлат университетининг матбуот хизмати олийгоҳнинг Каттақўрғон шаҳридаги филиалида рўй берган ҳодиса бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, 4 сентябр куни соат 9:28 да филиал биносининг фаоллар зали томидан, саҳна қисмининг ўнг бурчагидан 1 дона плита тушиб кетган. Плита қулаган жойда талабалар ва ўқитувчилар бўлмаган. Икки нафар 1-курс талабаси плита бўлакларининг тегиши натижасида енгил тан жароҳати олган.

“Ушбу талабалар Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига етказилиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда ушбу талабаларнинг умумий аҳволи яхши эканлигини маълум қиламиз”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалининг Каттақўрғон шаҳар Амир Темур кўчаси 27-уйда жойлашган ўқув биноси собиқ Самарқанд давлат институти академик лицейи биноси учун қурилган бўлиб, 2008 йилда фойдаланишга топширилган.

2008-2018-йилларда Самарқанд давлат чет тиллари институти қошидаги академик лицей, 2019-2021-йилларда Каттақўрғон шаҳар 7-мактаби шу бинода жойлашган.

2021 йилда Самарқанд давлат университети Катттақўрғон филиали ташкил этилиши муносабати билан мазкур бино филиал балансига ўтказилган.

Аввалроқ университет расмий вакили Kun.uz'га плита қулаши натижасида уч нафар талаба қиз жароҳатланганини айтганди.

Мавзуга оид