Ўзбекистон | 08:38 / 05.09.2023
57564
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди 

Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат вакиллари Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Миллий қўшиқчилик санъатининг атоқли намояндаси, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев шу йил 4 сентябр куни 77 ёшида вафот этди.

Шерали Жўраев 1947 йил 12 апрелда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилди. 1971 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Шодлик” ашула ва рақс ансамблининг хонандаси сифатида бошлади. Кўп йиллар Андижон вилояти филармонияси, Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси каби ижодий ташкилотларда фаолият кўрсатиб, халққа сидқидилдан хизмат қилди.

Шерали Жўраев ўзининг ноёб  истеъдоди, бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати билан юзлаб ёрқин қўшиқлар яратиб, халқ ўртасида муносиб обрў-эътибор топди. Мумтоз ва замонавий адабиётнинг кўплаб шеърий намуналарини куйга солиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг “олтин фонди”ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшди.

Шерали Жўраев кўп йиллик самарали ижоди билан замонавий миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш, унинг шуҳратини чет элларда кенг тарғиб этиш борасида ҳам фидойилик кўрсатди. У жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Миллий парламент депутати сифатида мустақилликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқ, аввало, ёш авлодни ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида жонбозлик билан фаолият олиб борди.

Кейинги йилларда “Ватандошлар” жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси вазифасида самарали меҳнат қилиб, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда муносиб хизмат қилди.

Моҳир санъаткор ўзбек миллий қўшиқчилигида ўз ижодий мактабини яратиб, кўплаб ёш истеъдод эгаларини тарбиялади.

Шерали Жўраевнинг миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди.

Мавзуга оид