Жаҳон | 08:43 / 06.09.2023
7841
5 дақиқада ўқилади

Беларус фуқаролари энди чет элда паспортини алмаштира олмайдиган бўлди. Тафсилотлар

Шунингдек, Лукашенконинг янги фармонига биноан, беларусликлар мамлакатига қайтмагунча у ердаги ўз мулкига эгалик қила олмайди.

Фото: Антон Спиридонов / Коммерсантъ

Беларус президенти Александр Лукашенконинг 278-сонли «Ҳужжатларни бериш ва ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги фармони кучга киргач, Беларус фуқаролари элчихоналар ва консулликларда ўз паспортини алмаштира ёки янгилай олмайди, бунинг учун улар Беларусга шахсан келиши керак. 

Нима ўзгаради? 

Янги фармон расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради ва у аллақачон давлат реестрига киритилганлигидан келиб чиқилса, бу яқин вақт ичида содир бўлади. Биринчидан, Беларус элчихонаси ёки чет элдаги консуллигида амалга оширилиши мумкин бўлган маъмурий процедуралар рўйхати қисқартирилади. Иккинчидан, ҳокимият Беларусда чет элда берилган ишончнома бўйича ҳужжатларни олиш ва битимларни расмийлаштириш имкониятини чеклайди - бу фақат Беларусга келиш ёки Беларус ҳудудида ишончнома бериш орқали амалга оширилиши мумкин. 

«Чет элда бўлган беларусликлар фуқаролик паспортларини консуллик идораларида ололмайди ёки муддатини узайтира олмайди, дейди ҳуқуқшунос ва «Беларус ҳуқуқшунослари: Мустақиллик ва ҳамкорлик» ташаббуси асосчиси Антон Гашинский. - Шунингдек, кўчмас мулк, автомобилларни сотиш ёки сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ битимлар учун ишончномалар бериш имкони йўқолади».

Бундан ташқари, чет элда берилган ишончнома орқали бошқа давлатда ишга ёки университетга киришда талаб қилиниши мумкин бўлган апостил қўйилган дипломни олиб бўлмайди. 

Фармон барчага таъсир қилади

Беларус элчихонасида берилган ишончномалар ҳақиқий бўладими? «Ҳамма нарса мурожаат қилиш амалиётига боғлиқ бўлади, лекин қонуний равишда элчихона - Беларус ҳудуди эмас», - дея огоҳлантирди Антон Гашинский. 

Унинг сўзларига кўра, ушбу фармон Беларусдан ташқарида бўлган барча беларусларга таъсир қилади - улар ҳозир қайси давлатда яшашидан қатъи назар. 

«Бола туғилган тақдирда, беларуслик элчихонада туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ололмайди. Беларусга бориб, бу ҳужжатни у ерда олиш керак бўлади, - деб тушунтирди адвокат. - Паспорт билан ҳам худди шундай. Беларусларда паспорт муддати эртами-кечми тугайди ва уни узайтириш ёки янгисини олиш эҳтиёжи юзага келади».

Элчихонада навбат кутиб, фармон кучга киргунга қадар рўйхатдан ўтганлар паспорт олиши мумкинми? «Мунозарали масала, ҳамма нарса қўллаш амалиётига боғлиқ бўлади, – деди Антон Гашинский. - Фармонда айтилишича, у кучга киргунга қадар бошланган маъмурий тартиб-таомиллар эълон қилингунга қадар амалда бўлган қоидаларга бўйсунади. Лекин менинг фикримча, бунда рўйхатда борларга рад жавоби берилади».

Демократик кучлар ёрдам берадими? 

«Лукашенко режими беларусларга консуллик ёрдамини рад этди, - деди демократик кучлар раҳбари Светлана Тихановская. - Шу тариқа, давлат фуқароларига ғамхўрлик қилиши керак бўлган муҳим соҳадан узоқлашди. Кўплаб муҳим хизматлардан фойдаланиш имкони йўқолди».

Тихановская чет элдаги беларусларни ваҳима қўзғамасликка ва шошилинч ҳаракатлар қилмасликка чақирди. «Паспорт муддати тугаган бўлса ҳам, агар сиз таъқибга учраган бўлсангиз, ватанга қайтмаслигингиз керак, ахир, дунёда бирорта ҳужжат инсон эркинлигига арзимайди, асосийси ўзингиз ва хавфсизлигингиз ҳақида қайғуринг», — деди у. 

Тихановская идорасининг юридик маслаҳатчиси Кристина Рихтер DW нашрига тушунтиришича, Литва ва Полшада бундай муаммоларни ҳал қилиш механизмлари аллақачон мавжуд: бу мамлакатларда Беларусда берилган паспортнинг амал қилиш муддати тугаши билан «чет эллик паспорти»ни олиш мумкин.

Кристина Рихтер, шунингдек, демократик кучлар «Янги Беларус» паспортларини тан олиш устида иш олиб бораётганини эслатиб ўтди: «Бу жараён вақт талаб этади. Чет элда паспорт олишнинг иложи йўқлиги билан боғлиқ вазият бу жараённи тезлаштириши мумкин, чунки халқаро ҳамкорларимиз вазият мураккаблигини тушунади».

Рихтернинг сўзларига кўра, идора 2020 йилги воқеалардан кейин беларусларни қабул қилган мамлакатлар билан доимий алоқада бўлиб, барча даражадаги қонунийлаштириш масалаларини кўтаряпти.

Мавзуга оид