Жаҳон | 16:36 / 06.09.2023
26211
3 дақиқада ўқилади

«Уфқда тинчликка эришиш имкониятлари кўринмаяпти». Эрдўған Путин билан музокаралардан сўнг

У Туркия биринчи кунданоқ тинчлик, мулоқот ва дипломатия тарафдори бўлганини қайд этган.

Фото: Getty Images

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған РФ президенти Владимир Путин билан музокаралардан қайтганидан кейин унга ҳамроҳлик қилган журналистларга ташриф якунлари тўғрисида қисқача маълумот берди.

Хусусан, Украинада давом этаётган урушга тўхталаркан, Эрдўған айни вақтда «уфқда ҳеч қандай тинчлик истиқболлари кўринмаётгани»ни айтган. У Туркия биринчи кунданоқ тинчлик, мулоқот ва дипломатия тарафдори бўлганини қайд этган.

«Биз қон тўкилиши давом этишининг олдини олиш учун қаттиқ ҳаракат қилдик. Муаммони янада чуқурлаштириб, оловга мой сепилиши ўрнига, ҳар икки томонни умумий фикрга олиб келишга эришишга интилдик. Афсуски, бир ярим йилдан буён олиб борилаётган уруш ҳамон давом этмоқда», — деган Эрдўған ва Туркия дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришини қўшимча қилган.

«Биз умид қиламизки, икки қўшнимиз ва минтақамизга зарар етказган бу уруш халқаро ҳуқуққа асосланган адолатли ва мустаҳкам тинчлик билан якунланади», дея унинг сўзларини келтиради Milliyet нашри.

Эрдўған шунингдек РФ президенти билан учрашувида асосий мавзу бўлиши айтилган ғалла келишувини тиклаш эҳтимоли юзасидан ҳам муносабат билдирган. Унинг айтишича, БМТ бош котиби РФнинг SWIFT тизимига тўғридан тўғри алоқадор бўлмаган ғалла битимидаги иштироки учун воситачилик механизмини таклиф қилган. Шунингдек, Туркия президенти сўзларига кўра, БМТ санкциялар туфайли Россия кемаларини суғурталашда юзага келган тўсиқларни бартараф этиш устида ишламоқда. Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, у БМТ Бош ассамблеяси чоғида бош котиб Антониу Гутерриш билан ғалла келишувини муҳокама қилишни режалаштирган.

Эрдўған ва Путиннинг музокаралари 4 сентябр куни Сочида бўлиб ўтди. Унда асосий мавзу ғалла келишувини тиклаш масаласи бўлди. Учрашувдан кейин президентлар Қора денгизда қамал қилинган портлар орқали Украина ғалласини олиб чиқишни қайта тиклаш бўйича келишувга эриша олмагани маълум қилинди.

Мавзуга оид