Жанубий Кавказда навбатдаги кескинлик. Боку талаб қилаётган Зангезур коридори қанақа лойиҳа?
Озарбойжон Арманистон билан чегарада, Зангезур коридори яқинида қўшин тўплаётгани айтилмоқда. Илҳом Алиев 2020 йил кузидаги урушда эришилган ғалабадан кейин мамлакатнинг эксклав ҳудудига Арманистон орқали ўтувчи йўлакни ҳарбий йўл билан бўлса-да очишга ваъда берган. Никол Пашинян халқаро ҳамжамиятдан “янги портлаш”нинг олдини олишни сўрамоқда.
Ижтимоий тармоқларда Озарбойжон ҳарбий колоннаси Арманистон билан чегарага, Зангезур коридори томон кетаётгани айтилган видео тарқалди.
Арманистон ҳукуматининг 7 август, пайшанба кунги йиғилишида бош вазир Никол Пашинян минтақадаги “ҳарбий-сиёсий вазият кескин ёмонлашгани”ни айтди.
“Бунинг сабаби, охирги кунларда Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ва Арманистон чегарасига туташув чизиқларида қўшин тўпламоқда. Аксиларман риторикаси кучайди. Арманистоннинг суверен ҳудудларига даъво қилувчи сиёсат давом этяпти”, – деди Пашинян. У халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик кенгашини минтақада “янги портлаш” бўлишининг олдини олиш учун жиддий чоралар кўришга чақирди.
Бунга жавобан Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Пашиняннинг сўзларини “сиёсий манипуляция” деб атади.
“Озарбойжон минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятни кескинлаштираётгани ва ҳудудда кучларни тўплаётгани ҳақидаги айблов Арманистон томонининг навбатдаги сохта сиёсий манипуляциясидир”, – дейилади расмий Бокунинг муносабатида. Озарбойжон томони Қорабоғ яқинига ҳарбий қисмлар кўчирилаётганини рад этмаяпти, бироқ буни ўқув-машғулотлари билан изоҳламоқда.
Август ойи охиридан буён ҳар икки томон бир-бирини ўт очишда айблаб келаётган эди. Хусусан, Арманистон Мудофаа вазирлигига кўра, 1 сентябр куни Арманистоннинг Сотк қишлоғида рўй берган тўқнашувда 4 нафар арман ҳарбийси ҳалок бўлган. Бугун, 8 сентябр куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги арман ҳарбийлари озарларнинг Нахчивандаги позициясини ўқотар қурол билан ўққа тутгани ва бунга жавоб чоралари кўрилганини маълум қилди. Бундан ташқари, вазирлик Арманистон ҳарбийлари томонидан Россия тинчликпарвар контингенти жойлашган ҳудудда Озарбойжоннинг Агдам вилоятидаги озар позицияларига яқинлашиш мақсадида янги хандақлар қазишга уриниш бўлганини қайд этган.
Айни пайтда, халқаро нашрларда Бокудан Исроилнинг Овда аэродромига парвозлар фаоллашгани, 15 августдан 5 сентябргача Озарбойжоннинг Silk Way авиакомпанияси Овда авиабазасига 5 та рейсни амалга оширгани хабар қилинмоқда. Аввалроқ Исроилнинг Haaretz нашри ўз суриштирувига асосланиб Овда портлашдан хавфли юкларни ташишга рухсат берилган Исроилдаги ягона аэродром экани, ҳарбий мақсадлардаги товарлар экспорти айнан шу ердан амалга оширилишини хабар қилган. Бошқа нашрлар 2016 йилдан буён Silk Way авиакомпаниясининг юк самолётлари Овда аэропортига қарийб 100 марта қўнганини аниқлаган. Стокҳолм тинчлик тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, 2016-2020 йилларда Озарбойжон хориждан сотиб олган қурол-яроғларнинг 69 фоизини Исроил етказиб берган.
Мавжуд кескинлик фонида, 6 сентябрда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқот қилди. Шу куни Алиевнинг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу қабулида бўлди.
Зангезур коридори ҳақида
“Зангезур йўлаги” – 2020 йилда рўй берган ва Арманистоннинг амалда мағлубияти билан тугаган Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Озарбойжон ва Туркия томонидан илгари сурилаётган лойиҳа. Унда Озарбойжоннинг шарқдаги ҳудудларини ўзининг эксклав ҳудуди бўлмиш Нахчиван Автоном Республикаси билан Арманистон ҳудудидан ўтувчи коридор орқали боғлаш назарда тутилади.
Мухтор республикани Озарбойжоннинг катта қисми билан Арманистоннинг Сюник вилояти ажратиб туради. Боку бу вилоятдан ўтувчи коридор очиш орқали ўзининг марказий ҳудудлари ҳамда мухтор ҳудуди ва Туркия ўртасида тўсиқсиз йўлак ташкил этишга интилмоқда (Озарбойжон ва Туркия 17 километрлик умумий чегарага эга). Таҳлилчилар бу лойиҳа Кавказ давлатлари, Туркия, Россия ва Марказий Осиёнинг кенг кўламли стратегик манфаатларига дахлдорлигини айтади.
2020 йил кузидаги 44 кунлик урушда Озарбойжон армияси асосий ҳужумларини жанубий йўналишда ташкил этиб, Эрон билан чегара бўйлаб Арманистоннинг Сюник вилоятигача етиб борди. Ўша йили 9 ноябрда Озарбойжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш бўйича уч томонлама битимни имзолади.
Битимнинг 9-бандига кўра, “Арманистон Республикаси фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларнинг тўсиқсиз ҳаракатини ташкил этиш учун Озарбойжон Республикасининг ғарбий ҳудудлари ва Нахчиван Автоном Республикаси ўртасидаги икки томонлама йўналишдаги транспорт алоқасининг хавфсизлигини кафолатлайди”. Томонларнинг баёнотига кўра, транспорт алоқаси устидан назоратни Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари амалга ошириши белгиланган. Шунингдек, ўшанда томонлар Озарбойжон ва Арманистоннинг ўзаро келишувига асосан Нахчиван Автоном Республикасини Озарбойжоннинг шарқий ҳудудлари билан боғловчи янги транспорт коммуникациялари қурилиши айтилганди.
Би келишувдан 2 ой ўтиб, Озарбойжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари битимнинг 9-бандини амалга ошириш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳақида қўшма баёнот имзолади. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бу янги уч томонлама баёнот амалда “ўтган йилги воқеалар остидан чизиқ тортиши”, Озарбойжонга 30 йил ичида илк марта Нахчиван Автоном Республикаси билан алоқани (ерусти йўналишида) тиклашига имкон беришини айтди. Алиевга кўра, бунинг эвазига Арманистон Озарбойжон темирйўллари орқали Россия ва Эронга чиқади.
2021 йил февралидаёқ Озарбойжон Тоғли Қорабоғ яқинида, 2020 йил кузида қайтариб олган ҳудудларида Горадиз–Агбенд темирйўли қурилишини бошлади. 100 километрлик магистрал Озарбойжоннинг асосий қисми ва Нахчиван мухтор ўлкасини тўғридан тўғри темирйўл алоқаси билан боғлаши маълум қилинди.
“Зангезур коридорининг ташкил этилиши бизнинг миллий, тарихий ва келажак манфаатларимизга тўла мос келади. Арманистон истайдими-йўқми, биз Зангезур коридорини рўёбга чиқарамиз. Агар хоҳласа, осонроқ ҳал қиламиз, хоҳламаса – куч билан. Урушдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам мен улар ўз ихтиёри билан бизнинг ерларимиздан кетиши кераклигини, йўқса уларни куч билан чиқаришимизни айтганман. Шундай ҳам бўлди. Зангезур коридорининг тақдири ҳам ана шундай бўлади”, – деганди Илҳом Алиев 2021 йил апрелида.
“Арманистон буни хоҳлайдими-йўқми, Зангезур коридори албатта очилади”, – дея яна бир бор ваъда берган Алиев 2023 йил кириб келишидаги янги йил табригида.
Ереван бу лойиҳага қаршилигини билдириб келади. Арманистон бош вазири Никол Пашинянга кўра, оташкесим ҳақидаги уч томонлама битимда “на Зангезур, на коридор сўзи тилга олинган”. “Келишув фақат минтақавий коммуникацияларни блокдан ечишга тааллуқли”, деган у. Пашиннинг сўзларига кўра, Арманистон “коридор логикаси”ни “муҳокама қилмаган, муҳокама қилмаяпти ва муҳокама қилмайди ҳам”. Шу билан бирга, Пашиняннинг айтишича, “транспорт йўлларининг очилиши биринчи навбатдаги вазифа, чунки бу келишув доирасида Арманистон Эрон ва Россия билан тўғридан тўғри темирйўл алоқасига эга бўлади”.
Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Арманистон Республикасининг суверен ҳудудида бошқа бир суверен давлатнинг коридори бўлиши мумкин эмас, деб баёнот берган. У ҳам Озарбойжон томони билан ҳеч бир келишувда бу масала кўзда тутилмаганини қайд этган.
“Туркий дунё Зангезур йўлаги орқали бирлашади”
Шарқшунос таҳлилчи Сабина Латипова бу коридорнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
— Сўнгги кунларда Жанубий Кавказда сустлашган олов тутуни яна аланга ола бошлади. Ўтган кун ижтимоий тармоқларда Озарбойжон армияси Зангезур коридори томон ҳарбий техникаларни юбораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хўш, бу коридор минтақа учун қанчалик муҳим ва стратегик аҳамиятга эга?
Зангезур йўлаги Жанубий Кавказдаги стратегик дарвоза сифатида ажралиб туради. Бу йўлак Озарбойжоннинг Нахчиван Мухтор Республикасини ўзининг асосий ҳудуди билан боғлайдиган ва Арманистоннинг минтақавий ҳамда иқтисодий интеграциясини қамраб олувчи транспорт ва савдо йўли ҳисобланади. Зангезур йўлагининг аҳамияти минтақадаги сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик динамикасида улкан аҳамиятга эга. Совет Иттифоқига қадар Зангезур асосан мусулмон турклар яшайдиган ҳудуд эди. 1920-йилларда Совет Иттифоқи томонидан Арманистонга қўшилгач, минтақанинг демографик тузилиши ўзгара бошлади. Зангезур йўлаги тарихан минтақадаги турли маданиятлар, этник гуруҳлар ва давлатлар ўртасидаги боғловчи йўлак бўлиб келган.
Иқтисодий нуқтайи назардан Зангезур йўлаги минтақада савдо ва транспортни жонлантиришда катта муваффақиятлар келтириши кутилмоқда. Бу йўлак минтақанинг энергия ресурсларини Европа бозорларига олиб чиқиш имконини беради. Озарбойжоннинг бой нефт ва табиий газ захиралари Зангезур йўлаги орқали халқаро энергетика лойиҳаларига қўшилиши мумкин. Бу минтақадаги мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини қўллаб-қувватлаши ва Ғарбга энергия ресурсларини диверсификация қилишда ёрдам бериши тахмин қилинмоқда.
Стратегик хавфсизлик нуқтайи назаридан Зангезур йўлаги минтақадаги сиёсий мувозанатга таъсир қилиши мумкин. Йўлак Нахчиванни Озарбойжон билан боғлаш орқали Озарбойжоннинг минтақавий қудратини оширар экан, Арманистонни ҳам минтақавий интеграцияга киритади. Шундай қилиб, тинчлик ечими ҳамда минтақавий ҳамкорлик учун мос муҳит яратилади.
Лойиҳанинг амалга ошиши орадан анча вақт ўтиб туркий дунёга Зангезур йўлаги орқали бирлашиш имконини беради. Йўлак туркий дунёда савдо, логистика ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам бериши кўзланмоқда. Зангезур йўлаги ва Каспий денгизи орқали янги йўналишнинг очилиши Туркия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида энг тез юк етказиб беришни йўлга қўйиш имконини беради.
Бу йўлак ташаббуси Эрон, Арманистон, Озарбойжон, Россия ва Туркия каби кўплаб давлатларнинг манфаатлари тўқнашадиган йўлак ҳамдир. Келажакда Марказий Осиё ва Туркия ўртасида таклиф этилаётган Транскаспий табиий газ қувури лойиҳаси амалга оширилса, Арманистон ҳам транзит мамлакат сифатида фойда кўриши мумкин. Шунингдек, бу коридорнинг очилиши Россия ва Туркияни ер усти транспорт алоқалари билан узлуксиз боғлаши кутилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Зангезур йўлаги Жанубий Кавказдаги стратегик транзит йўналиши бўлиб, минтақанинг сиёсий, иқтисодий динамикаси ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнаши мумкин.
Мавзуга оид
22:47
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
21:32
Azerbaijan Airlines самолётининг Қозоғистондаги ҳалокатида 38 киши вафот этди
21:10
Azerbaijan Airlines Бокудан Грозний ва Маҳачқалъага учадиган рейсларини тўхтатди
20:54