Жаҳон | 12:12 / 09.09.2023
13028
7 дақиқада ўқилади

4 минг йиллик тарихни ўзида жамлаган “чўл атиргули” – Қатар миллий музейидан фоторепортаж

Чўлдаги кристаллни эслатувчи ташқи дизайн, 8 мингга яқин археологик артефактлар, 1,5 млн доллардан ҳам қиммат турувчи дур-у жавоҳирлар. Қатар миллий музейи нафақат ҳудуд аҳолисининг узоқ йиллик тарихи, балки бугунги кун ҳаёт нафасини ҳам ўзида жамлай олган. Kun.uz музейдан тайёрлаган фотожамланмани тақдим этади.

Қатар миллий музейи пойтахт шаҳар, Доҳада жойлашган. У 2019 йилдан бери оммага қатарликларнинг узоқ тарихи ва бугунги кунгача эришган ютуқлари ҳақида маълумот бериб келади.

Музей дизайни ўз вақтида француз архитектори Жан Ноувел томонидан яратилган. Маълумотларга кўра, франциялик мутахассис бинонинг фасадини яратишда чўлларда учрайдиган кристаллдан илҳомланган. Кристалл ташқи кўришдан атиргулга ўхшайди, шу сабаб ҳам уни “чўл атиргули” деб номлашади. Шундан келиб чиқиб, музей меҳмонлари ҳам “чўл атиргули” бўйлаб саёҳат қилишларини айтишади.

Қатар миллий музейига кириш / Фото: Kun.uz
Қатар миллий музейига кириш / Фото: Kun.uz
Фақатгина чўлда учратиш мумкин бўлган кристалл, “чўл атиргули” / Фото: Kun.uz

Бино 11 та бўлимдан иборат бўлиб, унинг ҳар биридан катта таассуротлар олиш мумкин. Дастлабки 4 та бўлим ҳудуднинг флора ва фауна олами ҳақида. Бу бўлимни айланиш давомида Қатарнинг иқлим шароити, у ерда қандай ҳайвонлар яшаб ўтган, ҳозирда уларнинг қандай турлари мавжудлиги, қолаверса, қандай ўсимликлар ўсишини кўриш мумкин. Бўлимнинг интерактив қурилгани унинг ўзига хослиги ҳисобланади. У ерда нафақат кўриш, балки денгиз, чўл, ундаги ҳайвонларнинг овозини эшитиш, ҳис қилиш ҳам мумкин. Замонавий технологиялар шунга имконият яратган.

 

Маълумотларга кўра, Қатар яримороли 700 млн йил аввал, дастлаб денгиз, сўнг унинг устида қуруқлик пайдо бўлган. Суратда шу жараён акс этган монито ва археологик артефакт олинган / Фото: Kun.uz
Денгиздан топилган археологик тош / Фото: Kun.uz
Қатарда яшаган ҳайвон қолдиқлари / Фото: Kun.uz
Музейнинг 2-бўлимида Қатардаги қуруқлик ва сув ҳайвонлари билан танишиш мумкин / Фото: Kun.uz
4-бўлимда Қатарнинг ўсимлик дунёси акс этади / Фото: Kun.uz

Қатар халқи азалдан ўтроқ эмас, кўчманчи халқ ҳисобланиб, асосан ўтовларга ўхшаш турар жойларда яшагани ҳақида маълумот келтирилади. Дунёда 3 та кўчманчи халқнинг ўтови алоҳида таъкидланади, уларга мўғуллар, африкаликлар ҳамда қатарликлар киритилган.

Музейнинг бешинчи ҳамда олтинчи бўлимларида ҳақиқий Қатар оилалари қандай бўлишини тасаввур қилиш мумкин. Галереяда қатарликларнинг рўзғорда қандай буюмлардан фойдалангани, гиламлари, кийимларини томоша қилиш мумкин.

Қатар оилалари фойдаланган гиламлар / Фото: Kun.uz
Қатарликларнинг аёллари кийган либослар / Фото: Kun.uz
Қатарликлар денгизга чиққанида фойдаланган кийим ва буюмлар / Фото: Kun.uz
Маҳсулот сақланиши учун мўлжалланган бочка / Фото: Kun.uz
Кундалик рўзғорда ишлатилган буюмлар / Фото: Kun.uz
Кундалик рўзғорда ишлатилган буюмлар / Фото: Kun.uz
Қатар гиламлари / Фото: Kun.uz
Қатар гиламлари / Фото: Kun.uz

Ҳудуд жиҳатдан унча катта бўлмаган Қатарнинг бой давлатга айланиши ХХ аср ўрталари нефт топилиши билан боғланади. 1971 йилга келиб эса Буюк Британия протекторатлиги тугаб, Қатар амирлиги ташкил топади. Шу вақтдан бошлаб мамлакатнинг туганмас-битмас бойликларга эга экани янаям очиқ манбаларда қайд этила бошланади.

Буни музейнинг 7-бўлимида дур-у жавоҳирлар, қимматбаҳо либосларни ҳам кўриш мумкин. Бундай либос, тақинчоқлардан асосан бойлар турли хил байрам тадбирларида фойдаланишади. Маълумотларга кўра, музейнинг бу галереясига қўйилган жами марваридларнинг қиймати 1,5 млн доллардан ҳам ошади.

Қатар денгизларидан топилган дур, марваридлар / Фото: Kun.uz
Қатар денгизларидан топилган дур, марваридлар / Фото: Kun.uz
Аёллар зеб-зийнатлари / Фото: Kun.uz
Араб бой хонимларининг қимматбаҳо либослари / Фото: Kun.uz
Шайхларнинг рафиқалари фойдаланган тилла тақинчоқлар / Фото: Kun.uz
Қатарнинг бой оилаларига мансуб кийиниш усуллари, либослар / Фото: Kun.uz

Миллий музейнинг 8-бўлими Қатарнинг сиёсий ўтмиши ҳақида маълумот беради. Унда 1500–1913 йилгача бўлган тарихни турли қурол-аслаҳалар, маълум шахсларнинг портретидан ташқари, экранда намойиш этиладиган видеолардан ҳам томоша қилиш мумкин.

Музейнинг 8-галереясидан суратлар / Фото: Kun.uz
Музейнинг 8-галереясидан суратлар / Фото: Kun.uz
Музейнинг 8-галереясидан суратлар / Фото: Kun.uz

Музейнинг сўнгги бўлимларига ўтишдан аввал, йўл-йўлакай учрайдиган қизиқ машғулотлар ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим. Гап шундаки, музейда берилган маълумотларнинг барчасини эслаб қолиш мумкин эмас, бу айниқса болаларга қийинчилик туғдиради. Уларга тарихни қизиқроқ ва самаралироқ етказиш учун ҳам алоҳида хона ажратилган. Мисол учун, бу хонада бир нечта жавонлар қилинган, ўша жавонлардаги бир тортманинг тутқичи замонавий чойнак шаклида ясалган. Бола тортмани очгач, унинг ичида бошқа чойнак турганини кўради. Қизиғи шуки, у тарихий буюм бўлади. Яъни келувчи жажжи меҳмонлар аввал фойдаланилган, ҳозирда эса у ўзгарган буюмларни жавонлар орқали ҳам ўргана олади.

Музейда болалар учун ажратилган интерактив хонадан суратлар / Фото: Kun.uz
Музейда болалар учун ажратилган интерактив хонадан суратлар / Фото: Kun.uz
Музейда болалар учун ажратилган интерактив хонадан суратлар / Фото: Kun.uz
Болалар хонасидан ташқарида антистресс учун ҳам бурчаклар қилинган, шу бурчакдан олинган сурат / Фото: Kun.uz
Музейдан чиқаверишда швейцариялик ижодкорнинг «Your Brain to Me, My Brain to You» номли антистресс хонасига кириш мумкин / Фото: Kun.uz

Ана энди музейнинг сўнгги, 9-10-11-бўлимларига келсак. Қатар миллий музейининг 9-галереясидан бошлаб нефт топилиши ва қатарликларнинг ҳаёти тамомила ижобий томонга ўзгариб кетиши – умуман олганда мамлакат бой давлатлар қаторига қўшилиши ҳақида маълумот берилади.

Музейда саёҳат тугар экан, Қатарнинг сўнгги йилларда қанчалик ривожланганига ҳам амин бўлиш мумкин. Мамлакат нефт, ёқилғи маҳсулотлари сабаб тезкорлик билан тараққиётга эриша олган.

Мамлакатнинг ривожланиши йиллар кесимида келтирилгани аск этган интерактив стол / Фото: Kun.uz
Транспорт соҳасининг ривожланиши суратларда / Фото: Kun.uz
Фото: NMoQ
Фото: NMoQ
Фото: NMoQ
Фото: NMoQ

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид