Жаҳон | 13:49 / 09.09.2023
34374
16 дақиқада ўқилади

«Валютафурушлар иши» – СССРда қатл этилган долларфуруш ким эди?

1960 йил ёзда Москвадаги вокзалда бир шахсни милиция ходимлари ушлашади. Милиционерларни кўрган вақтда у чемоданни ерга ташлаб юборади ва «Бу меники эмас» деб бақира бошлайди. Кўп ўтмай ўша шахс ноқонуний валюта олиб сотганликда айбланади ва унга ўлим жазоси берилади. Кейинчалик долларфурушга ўлим жазоси берилишини шахсан давлат раҳбари Никита Хрушчёв талаб қилгани маълум бўлади.

Фотоколлаж: Kun.uz

СССР – жуда кўплаб ёлғонлар устига қурилган давлат эди. Жумладан, бу давлатда халққа мамлакатда жиноятчилик йўқлиги, одамлар бахт ва саодатда фаровон яшаётгани ҳақида уқтириларди.

Амалда эса ҳаммаси тескари эди. Жиноятчилик авжида, халқнинг турмуш даражаси эса паст эди. Айниқса қишлоқ хўжалигида банд бўлган инсонларнинг ҳаёти жуда қийин кечган.

Жиноятчиликка келсак, ҳатто кўз кўриб қулоқ эшитмаган ишлар ҳам содир бўларди. Мамлакатда гиёҳвандлик борлиги инкор қилинар, амалда эса Қозоғистон чўлларида ўсиб турган ёввойи наша ноқонуний йиғилиб, бутун мамлакатга тарқатиларди.

Худди шунингдек, СССРда валюта олди-сотдиси билан ноқонуний шуғулланиш ҳам бор эди. Айримлар бу ишни касб қилиб олган, улар мамлакатга келаётган сайёҳлар борадиган диққатга сазовор жойларда «ишлаб» хорижликларнинг валюталарини алмаштириб берарди.

Ана шундай одамлардан бири бўлган Ян Рокотов 1960 йилда ушланади ва кўп ўтмай суд уни ўлим жазосига ҳукм қилади. Аслида оддий бир «валютчик» содир этган жиноят олий жазо беришга тортмасди.

Бироқ Рокотовнинг иши ўша пайтда мамлакат раҳбари бўлиб турган Хрушчёвнинг назарига тушиб қолади ва у ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келган шахсга ўлим жазоси беришни буюради.

Гарчи Рокотов жазоланган бўлса-да, мамлакатда ноқонуний валюта олди-сотдиси тўхтаб қолмайди. Саррофликни бошқалар қилаверишади ва бу иш СССР парчаланиб кетгунча давом этаверарди.

Ян Рокотов ҳибсга олинган пайтда
Фото: alamy.com

Рокотов фаолиятини қачон бошлаган?

Агар СССР тарихига назар ташланса октябр тўнтаришидан кейин анча пайт мамлакатга хориждан ҳеч ким келмай қўяди. Фақат 1930 йиллар бошида СССР НЭП (Новая экономическая политика – Янги иқтисодий сиёсат) деб номланган иқтисодий ислоҳотлар бошланади.

Октябр тўнтаришидан кейин мамлакатда кўзга кўринган олимлар, муҳандислар бошқа билимли одамлар хорижга чиқиб кетгани учун хориждан мутахассисилар чақиришга мажбур бўлишади. Шу тариқа, СССРда 1930 йилдан 1937 йилгача кўплаб корхона ва иншоотлар хорижликлар томонидан қурилади.

1937 йилда кенг кўламда Сталин қатағонлари бошлангач жуда кўп хорижликлар ва улар билан бирга ишлаган совет фуқаролари ноҳақ жосусликда айбланиб қатағон қилинади. Кўп ўтмай уруш бошланади ва узоқ йиллар давомида СССРга хорижликлар на сайёҳ сифатида, на ишга келади.

1950-йиллар бошида вазият бироз ўзгаради. Бу пайтга келиб дунёнинг бир қанча давлати СССР таъсир доирасига тушган ва уларда социалистик тузум ўрнатилган эди.

Шу сабабли СССРга социалистик давлатлардан сайёҳлар кела бошлайди. Сталин вафотидан сўнг Ғарб билан муносабатлар ҳам бироз юмшайди ва хорижлик сайёҳлар пайдо бўлади. Кўп ўтмай уларнинг сони ортади.

Ана шу пайтдан бошлаб СССРда хорижликлар кўп борадиган жойларда ноқонуний валюта алмаштирувчи одамлар пайдо бўлади. Улар асосан гуруҳ бўлиб ишлашган ва гуруҳга жиноят олами вакиллари раҳбарлик қилишган.

Сталин даврида давлатга хиёнат қилишда айбланиб ноҳақ қамалган ва қарийб 10 йил умирини қамоқда ўтказган Ян Рокотов ҳам ана шундай гуруҳлардан бирига бошчилик қилганди.

Ян Рокотов 1927 йилда Москвада Николай Орликов исм-шарифли шахснинг оиласида туғилади ва уч ойлигида онаси вафот этади. Кўп ўтмай отасини Узоқ Шарққа ишга юборишади ва у аммасининг тарбиясида қолади.

Аммасининг эрининг фамилияси Рокотов эди ва у «Интернациональная литература» журнали бош муҳаррири бўлиб ишларди. У Янга ўз фамилиясини беради. Шу тариқа, Ян Рокотов фамилиясини олади.

Рокотов суд мажлисида
Фото: yaplakal.com

Ян биринчи марта 1946 йилда Москва давлат университетида ўқиб юрганида қамалади. Сталин хотинининг жияни Жонрид Сванидзе Ян билан синфдош эди. Кунларнинг бирида Жонридни совет тузумига қарши гуруҳ тузганликда айблаб ҳибсга олишади.

Сўнг «Сванидзе иши» бўйича Жонрид билан бир курсда ўқийдиган ва у билан дўстона муносабатда бўлган курсдошлари ушланади. Қўлга олинганлар орасида Ян ҳам бор эди.

Ўшанда Янга 25 йиллик қамоқ жазоси хавф солади, бироқ унга раҳм қилишади. Ян Москвадан сургун қилинади холос. Бироқ Ян пойтахтдан чиқиб кетмайди ва яширинади. Қўлга тушгач уни саккиз йилга қамаб юборишади.

20 ёшли Янни қамоқда аввалига маҳбуслар қийнашади. Кўп ўтмай у қамоқхонада ўз «истеъдод»ини намойиш этади ва маҳбусларнинг ҳурматини қозониш билан бирга, анчагина бойиб ҳам олади. Яннинг «истеъдод»и қамоқхонада ўзаро маҳсулот алмаштиришни зўр эплагани эди.

1953 йилда Сталин вафот этади. Шундан сўнг сиёсий маҳбусларнинг ишлари қайта кўрилади ва кўплаб одамлар озод қилинади. 1954 йилда Ян Рокотовга ҳам навбат келади ва у ноҳақдан қамалган деб топилади.

Ян озод қилинади ва МГУ ҳуқуқшунослик факултетидаги ўқишига иккинчи курсдан тикланади. Бироқ қамоқхонада «анча тажриба тўплаган»  Ян ўқишни хоҳламайди. У Москванинг гавжум жойларида хорижлик сайёҳларнинг валюталарини алмаштириб бериш билан шуғуллана бошлайди.

Ян Рокотов биргина ноқонуний валюта алмаштириш билан шуғулланмайди. У ғарблик сайёҳлардан турли хориж маҳсулотларини ҳам сотиб олади ва қайта сотиш билан шуғулланади.

Рокотов валюта ва хориж маҳсулотларини олиб сотишни бир ўзи қила олмасди. Шу сабабли у гуруҳ тузади ва атрофига Владислав Файбишенко (лақаби Червончик) ва Дмиртрий Яковлев (лақаби Дим Димич) уддабурон йигитларни йиғади. Улар ёрдамида иш фаолиятини анча кенгайтиради.

Чапдан, Дмитрий Яковлев, Ян Рокотов ва Владислав Файбишенко
Фото: alamy.com

Улар хорижлик сайёҳлардан валюта, тилла ва бошқа турли буюмлар, кийим-кечакларни (айниқса Ғарбда жинсидан ишлаб чиқарилган кийим-кечакларни) сотиб олиш ва қайта сотиш бўйича анча пишиқ тизим ишлаб чиқишади.

Ўша пайтда СССРнинг хорижий давлатлар билан алоқаси унча яхши эмас, муносабатлар илиқ бўлган социалистик давлатлардан эса сифатли маҳсулотлар келмасди.

Шу сабабли СССРда Ғарб маҳсулотларига, тилла буюмларига талаб жуда кучли эди. Ана шундай вазиятда Рокотовнинг гуруҳи анча муваффақиятли ишлайди ва зўр фойда кўра бошлайди. Бироқ бу ҳолат узоқ давом этмайди.

1960 йилда ноқонуний валюта олди-бердисида айбланиб Рокотов ҳибсга олинади. Уни ушлашган вақтда қўлида чемодан бор эди. Орган ходимлари чемоданни очиб кўришганда унинг ичида кўп миқдорда хориж валюталари, тилла тангалар, совет рубли чиқади.

Рокотовнинг уйи кўздан кечирилганда у ерда жуда катта миқдорда рубл, доллар ва тилла буюмлар чиқади. Ҳисоблаб кўрилганда уларнинг қиймати 1,5 млн долларга тенг экани аниқланади.

Кейинчалик Рокотовнинг шерикларини ҳам ушлашади. Тергов жараёнида биргина Рокотовнинг ўзи фаолияти давомида 12 млн рубллик валюта, тилла танга ва турли хориж буюмларини олиб сотгани аниқланади.

Судда Рокотов ва унинг шерикларига саккиз йил қамоқ жазоси беришади. Бироқ кўп ўтмай негадир Рокотовнинг иши қайтадан кўриб чиқилади ва суд қайта ўтказилади.

Рокотов ва унинг шерикларига берилган 8 йиллик қамоқ 15 йилга узайтирилади. Бироз ўтиб «Рокотов иши» яна қайта кўриб чиқилади. Бу сафар унга ўлим жазоси берилади.

Ян Рокотов ва унинг шериклари суд мажлисида
Фото: alamy.com

Ўша пайтда Рокотов нега икки марта суд ҳукми бекор қилиниб, унга тегишли жиноят иши такрор ва такрор кўриб чиқилганини тушунмайди. Алалоқибат, бошида бир неча йил қамоқ билан қутуламан деб ўйлаган 33 ёшли Рокотов ва унинг икки нафар шериги олий жазога ҳукм қилинади.

Аввал Рокотов ва Файбишенкони отиб ташлашади. Уч ойдан сўнг Яковлев ҳам ўлдирилади. Кейинчалик, «Рокотов иши» нега икки марта такрор кўрилгани ва Янга ўлим жазоси берилгани ойдинлашади.

Маълум бўлишича, «Рокотов иши» шахсан мамлакат раҳбари Хрушчёвнинг эътиборига тушган ва Янга ўлим жазоси беришни у талаб қилгани маълум бўлади.

Хўш, мамлакат раҳбари Рокотовнинг жинояти ва унга берилган ҳукм ҳақида қаердан хабар топади? Гап шундаки Хрушчёв 1961 йилда ГФР таркибида бўлган Ғарбий Берлинга ташриф буюради.

Шу ерда немис амалдорларидан кимдир унга Москвадаги валюта алмаштириш ва хориж кийим-кечаклари сотиладиган «Қора бозор» дунёнинг ҳеч бир бурчагида учрамаслиги ҳақида гапириб қолади.

Хрушчёв бу гапдан ҳайратга тушади ва жаҳли чиқади. У Москвага қайтиб келиши билан «Қора бозор» ҳақида суриштиради. Давлат раҳбарига дарҳол «Қора бозор йўқлигини, 2-3 нафар шахс ноқонуний тарзда хорижлик сайёҳларнинг пулини алмаштириб бергани ва улар ушланиб чора кўрилгани ҳақида ҳисобот беришади.

Ҳисоботда ноқонуний валюта алмаштирган уч нафар шахс 8 йилдан қамоқ жазоси олгани ёзилганди. Хрушчёв жиноятчилар ҳақида Ғарбий Берлиндагилар ҳам хабардорлигини инобатга олиб уларнинг оддий одам эмаслигини дарров фаҳмлайди.

СССРни 1953-1964 йиллар давомида бошқарган Никита Хрушчёв
Фото: alamy.com

Шундан сўнг давлат раҳбари Ички ишлар вазирига бу ишни қайта кўриб чиқиб, жиноятчиларга муносиб жазо тайинлашни буюради.

«Бу ҳақиқий душманлик, уларга эса бор-йўғи саккиз йил қамоқ жазоси беришибди. Шу ҳукмни чиқарган судяларнинг ўзини суд қилиш керак», дейди ўшанда «Маккажўхори қироли» (Хрушчёв АҚШга бориб келиб ҳамма ёққа жўхори эктиргани учун шу лақабни олган).

Шу тариқа Рокотов ва унинг гуруҳи иккинчи марта суд қилинади ва бу сафар уларга 15 йилдан қамоқ жазоси тайинлашади. Бироқ воқеалар ривожини назорат қилиб турган Хрушчёвни бу жазо ҳам қониқтирмайди.

Шундан сўнг кўп ўтмай Рокотов ва унинг икки шеригини учинчи марта суд қилишади ва бу сафар уларни ўлим жазосига ҳукм қилишади. Апелляция ва кассация тартибидаги шикоят рад этилади.

Шу тариқа, 1961 йил июл ойида Рокотов ва унинг икки шериги Москвадаги Бутирка қамоқхонасида отиб ташланади.

Рокотов ва унинг шерикларига берилган жазо замонавий жиноят ҳуқуқи тарихида давлат раҳбарининг судга босим ўтказиши туфайли чиқарилган биринчи ҳукм сифатида қолган.

Рокотов ўлим жазоси ижро этилишини кутиб ётган пайтида Хрушчёвга мактуб ёзади. У мактубида йигит ёшида Сталин қатағонлари туфайли қарийб 10 йил умрини ноҳақдан қамоқда ўтказганини, бу учун ҳеч ким ундан узр ҳам сўрамаганини, товон пули ҳам тўлаб бермаганини, яъни давлат содир этган хато учун ҳеч ким жавоб бермаганини, энди эса фуқаро хато қилганда уни энг оғир жазо билан жазолашаётганини ёзганди.

Рокотов ўзига олий жазо берилишининг тепасида Хрушчёв турганини билмасди. Шу сабабли у мактубининг охирида Хрушчёвдан ўзини кечиришини сўраганди.

Ян Рокотов ва унинг шериклари суд мажлисида

Ўша пайтда Рокотовга ўлим жазоси берилар экан, СССР ва хориждаги жуда кўплаб таниқли шахслар ҳам Хрушчёвга мактуб юборишади ва ҳукмни бекор қилишни сўрашади.

Улар орасида америкалик таниқли файласуф ва жамоат арбоби Бертран Рассел, СССРдаги таниқли врач Лев Голубих ва бошқалар бор эди. Бироқ Хрушчёв на Рокотовнинг, на бошқаларнинг мактубини инобатга олмайди.

Рокотов билан содир бўлган ҳодиса узоқ йиллар давомида сир сақланади. Чунки «Улуғ советлар мамлакати»да ноқонуний валюта ва хорижий кийимларнинг олди-сотдиси каби ишлар бўлмаган деб уқтириларди.

1991 йилда Рокотовнинг аччиқ тақдири оммага ошкор бўлгач одамлар кимлардир биргина «валютчик»лик ёки хориж кийимларини олиб сотгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинганини билиб ҳайратга тушишади.

Чунки бу пайтга келиб собиқ иттифоқнинг барча ҳудудларида «валютчик»лар урчиб кетган ва хориж кийимларини олиб сотадиган одамлар учрар, уларга ҳеч ким ҳеч нарса демасди.

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россия ҳам бозор иқтисодиётига асосланган савдо муносабатларига ўтади. Бир пайтлар Рокотов қилган ишлар энди оддий тадбиркорлик деб ҳисоблана бошланади.

Шундан сўнг Рокотовнинг шахсиятига қизиқиш кучайиб кетади. У ҳақда бир нечта асарлар ёзилади. Бир қанча ҳужжатли филмлар суратга олинади.

Исаак Филштинскийнинг «Биз конвой қўриқчилигида қадам ташлаймиз», Юрий Брохиннинг «Горкий кўчасидаги ҳаракатланувчи маҳсулот» (бу асар илк марта 1975 йилда чоп этилган, кейин тўлдирилган) асарлари, «Бир ҳукмнинг хроникаси», «Совет мафияси. Қинғиркўзнинг отиб ташланиши» (Қинғиркўз деб Рокотов назарда тутилмоқда), «Қўрғошиннинг эриши. «Валютчик»лар иши», «Яширин белгилар. Доллар курси бўйича ўлим» каби ҳужжатли филмлар шулар жумласидан.

2015 йилда Рокотов ҳақида россиялик киноижодкорлар суратга олган 8 серияли «Фарца» филми ҳам экранларга чиқарилади. Филмда Ян Рокотов ролини россиялик таниқли актёр Евгений Циганов ижро этган.

Бундан ташқари, Рокотов отиб ташланганига 50 йил бўлиши муносабати билан 2013 йилда Ню-Йоркда собиқ иттифоқдан кўчиб борган муҳожирлар Rokotov & Fainberg компаниясини ташкил этишади.

Rokotov & Fainberg компанияси тайёрлайдиган жинсилар АҚШда анча машҳур ҳисобланади.
Фото: rokotoff.com

Бу компания асосан кийим-кечак тикиш билан шуғулланади ва ўзига логотип сифатида 88 рақамини танлайди. Чунки РСФСР жиноят кодексининг 88-моддасида айнан ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланганлик учун жазо белгиланган ва Рокотов шу модда билан айбланганди.

2017 йил 7 август куни (Рокотов туғилган кун) Rokotov & Fainberg компанияси кумушдан эсдалик тангаси чиқаради. Танганинг бир томонида жинси кийган ковбой тасвирланган ва остида ROKOTOFF ёзуви туширилганди. Танга чекланган миқдорда чиқарилади ва 33 доллардан сотилади.

Ян Рокотов шарафига АҚШда чиқарилган кумуш танга
Фото: partner-inform.de

Бундан ташқари, Ню-Йоркдаги кўчалардан бирига Рокотов номи берилган.

Рокотов иқтисодий жиноят учун ўлим жазосига ҳукм қилинган ягона одам эмасди. Хрушчёв бошқарувининг сўнгги уч йилида иқтисодий жиноятлар учун 5 мингга яқин одам отиб ташланади.

1961 йилда СССРда иқтисодий жиноятлар учун одамлар узоқ муддатларга қамала бошлаганда ва отувга ҳукм қилинаётганда Халқаро ҳуқуқ иттифоқи СССРни ўз сафидан чиқариб ташлайди.

РСФСР жиноят кодексидаги 88-модда эса 1964 йил Хрушчёв СССР раҳбарлигидан йиқитилгач таҳрир қилинади ва унда назарда тутилган жазо анча енгиллаштирилади. Унгача эса жуда кўп одам шу модда туфайли жуда узоқ муддатларга қамалади ёки отувга ҳукм қилинади.

Бугун жуда кўпчилик Ян Рокотов Сталин тузумидан кейин СССРдаги илк тадбиркор эди ва у ноҳақ қатл этилган деб билади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид