Британия компанияси таклиф этган Тошкент ва Янги Тошкентнинг умумий лойиҳаси маъқулланди (фото)
5 сентябр куни Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси президентга тақдим этилган эди. Тақдимотдан кейин қурилиш вазири ўринбосари, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси раҳбари Давронжон Одилов лойиҳа бўйича айрим маълумотларни очиқлади.
“Ҳурматли президентимиз: “Табиат билан яқиндан мулоқот қиладиган, урф-одатларимизга таянган ҳолда, маҳалла ҳамжамиятини, жамоатчиликни бир-бирига яқинлаштирадиган, улфат қиладиган шаҳар қуришни хоҳлаяпман”, деб топшириқ берган эдилар. Бунинг учун энг қулай жойни танлаб берган эдилар. Танланган жой бўйича барча экологлар ва мутахассислар ижобий хулоса берди.
Икки дарё оралиғида қуриладиган бу шаҳар бизнинг ҳам қуруқ ёзимиз, ҳам қишимизда аҳолига майинлик берадиган, яъни шамол йўналишларидан тортиб, қуёш чиқиши ва ботишигача ҳисобга олинган, барча тенденциялар инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштирилган”, – деди Одилов “Менимча” кўрсатувида намойиш этилган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, янги шаҳарни ҳозирги Тошкент билан муваффақиятли бирлаштиргани учун Буюк Британиянинг Cross Works архитектура компанияси таклиф этган лойиҳа танлаб олинган. Тақдимот слайдларида бу компания Янги Тошкент бош режасининг ишлаб чиқувчиси сифатида кўрсатилган.
“Ҳозирги мавжуд Тошкент билан интеграцияси жуда катта савол бўлиб турган эди. Тўғри, биз уни Янги Тошкент деб номлаяпмиз, лекин бу ўзи билан “эски” Тошкентни ҳам янгилаб юбориши керак эди. Битта жараёнда булар иккалови битта қон, битта артерия бўлиб кетиши кетиши керак эди, яъни “эски” ва янги шаҳарлар тикилиши керак эди. Президентимиз уларнинг алоҳида-алоҳида шаҳарлар бўлиб қолишини мақсад қилмаганлар. Президентнинг мақсадлари – янги шаҳардаги янги ғоя, янги куч, янги ғайрат “эски” шаҳарни ҳам ўзи билан тортиб олиб кетиши керак эди.
Ҳозирги мавжуд Тошкент билан бирлашган лойиҳа Британиянинг Cross Works деган компанияси томонидан ишлаб чиқилган, президентнинг ўзилари ҳам шу лойиҳани танладилар. 20 дан ортиқ хорижий ва бир нечта маҳаллий ташкилотларнинг хулосалари билан шу лойиҳага юқори баҳо берилган эди”.
Вазир ўринбосарига кўра, лойиҳани ишлаб чиқишда яшилликка алоҳида эътибор берилган.
“Дунё стандартларига кўра, аҳоли жон бошига яшиллик 8-10 квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак. Ҳозир биз янги шаҳарда аҳоли жон бошига 20-30 квадрат метр яшилликни назарда тутганмиз. Бу кўрсаткич янги шаҳарни боғ шаҳар қилиб юборади. Эски Тошкент билан ягона балансда умумий олганимизда, Тошкентда яшиллик кўрсаткичи халқаро нормалардан анча баланд бўлиб, умумий аҳолига 12-13 квадрат метр яшил майдон тўғри келадиган бўлади”.
Одиловнинг айтишича, янги Тошкентнинг иқлими “тропик шаҳарнинг иқлимига яқинлашади”.
“Яъни шаҳарнинг исталган нуқтасидан 20-25 дақиқа яёв юриб, соҳил бўйига тушишингиз мумкин. Инсон учун зарур бўладиган кундалик барча хизмат турлари, спорт майдончалари, болалар майдончалари билан таъминланган соҳил бўйида бемалол ҳам маданий ҳордиқ чиқаришингиз, ҳам соғлиғингизни тиклашингиз мумкин”.
Янги Тошкентни қуриш дирекцияси раҳбари қурилиш ишлари қачон бошланади деган саволга берди.
“Қурилиш ишларини иккига бўлишимиз мумкин: шаҳарнинг тагини ва устини қуриш. Аввало шаҳарнинг тагини қуришимиз керак. Шунинг учун биринчи инфратузилма, логистика қурилишларини ҳозир йўл қуришдан бошлаганмиз. Йўллар таги инфраструктурасининг ҳам лойиҳалаш ишларини охирига етказяпмиз, амалий ишларни фаол равишда октябр ойидан бошлаймиз. Ундан кейин ер устидаги қурилишлар ҳақида гапирсак бўлади”.
Тошкентбошплан ЛИТИ директори ўринбосари Саидазим Шариповнинг айтишича, Янги Тошкентни лойиҳалаштиришда ижтимоий объектларнинг 15 дақиқалик пиёда йўл босиш масофасида жойлаштиришга эътибор бериляпти.
“Концепциядаги асосий ғояларимиздан биттаси – инсонларнинг 15 дақиқа яёв юриш масофаси, яъни 1200 метрда ижтимоий объектларни жойлаштириш. Яъни кундалик ҳаётда қондириш керак бўлган эҳтиёжлар пиёда юриш масофасида бўлиши назарда тутилган”, – деди Шарипов.
Шаҳарнинг юқоридан кўриниши эскизлари
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024