Ўзбекистон | 20:46 / 11.09.2023
22261
2 дақиқада ўқилади

“Ўзгидромет” кун давомидаги чанг-тўзон ва шамоллар ҳақида маълумот берди

Тошкент ҳавосидаги РМ10 майда заррачаларининг миқдори рухсат этилган қийматдан 2,4 мартага, РМ2,5 заррачаларининг миқдори эса меъёрдан 43 мартага кўп бўлган.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” бугун, 11 сентябр куни Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида кузатилган кучли шамоллар, чанг-тўзон ва чанг-ғубор ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, Кавказ ҳудудида ҳафта давомида шаклланган салқин ва нисбатан нам ҳаво оқимлари Каспий денгизи орқали Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбий ҳудудларига, 11 сентябрда эса республиканинг бошқа ҳудудларига кириб келди.

Ғарбий оқим фронти республиканинг аксар ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13-17 м/с гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 20 м/с кучайишига олиб келди. Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида шамол чанг-тўзон билан қайд этилди, кўринувчанлик 500-2000 метргача ёмонлашди.

Куннинг иккинчи ярмида фронтал булутли чизиқ Тошкентнинг ғарбий туманларига яқинлашди. Соат 15:05 дан 16:00 гача Тошкентда шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши кузатилди. Шамол ернинг қуриган юзасидан чанг зарраларини кўтарди, бу эса ҳавонинг хиралашишига ва кўринувчанлик 1400 метргача ёмонлашишига сабаб бўлди, дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, Тошкентда атмосфера ҳавосидаги РМ10 майда заррачаларининг миқдори 1322 мкг/м3 ни ташкил этди, бу рухсат этилган қийматдан 2,4 марта кўп.

РМ2,5 219 мкг/м3 майда заррачаларининг миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларидан 43 марта кўп бўлди.

“Ўзгидромет”га кўра, Тошкентда чанг-ғубор 11 сентябр куни ва кечаси давомида сақланиб туради.

Мавзуга оид