Иқтисодиёт | 09:43 / 12.09.2023
13954
2 дақиқада ўқилади

НКМК дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар ўнлигидан жой олди 

Kitco компанияси 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида дунёнинг энг кўп олтин қазиб олган йирик компаниялари Топ-10 рейтингини эълон қилди. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ рейтингда 5-ўринда эътироф этилди.

Фото: Jihoz-vent.uz

Рейтингга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида НКМК томонидан 1,425 млн унсия олтин ишлаб чиқарилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 фоизга ошган. Дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири ҳисобланадиган “Мурунтов” кони НКМКга тегишли экани қайд этилган.

Топ-10 рўйхатда 2,513 млн унсия олтин ишлаб чиқарган “Newmont” компанияси етакчилик қилган. Компаниянинг кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга камайган.  

Рейтингнинг юқори бешлигидан мос равишда “Barrick” (1,961 млн унсия олтин ишлаб чиқарган), “Agnico” (1,686 млн унсия олтин ишлаб чиқарган) ҳамда “Polyus” (1,448 млн унсия олтин ишлаб чиқарган) компаниялари жой олган.

Рўйхатда НКМКдан кейинги ўринларни “AngloGold Ashanti”, “Gold Fields”, “Newcrest”, “Zijin Mining” ва “Kinross” компаниялари эгаллаган.

Мавзуга оид