ЙҲХБ инспектори қўллаган жарима судда бекор бўлди. Саводи чала ходим фуқароларни жазоламоқда
Тошкент шаҳрида тақиқловчи йўл белгисида ҳаракатланган такси ҳайдовчисига 3,3 млн сўм жарима ёзилди. Суд эса ЙҲХБ инспекторининг қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўришга юборди. Жариманинг бекор бўлишига тақиқловчи белги лицензияли таксилар учун амал қилмаслиги инобатга олинмагани бўлган. Ёзма расмийлаштирилган баённомани ўқиб эса инспекторнинг “саводи” қанчалик эканига баҳо бериш мумкин.
2023 йил 4 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ҳайдовчи Акбархўжа Холиқовнинг аризасига биноан унга нисбатан қўлланган жарима билан боғлиқ иш кўриб чиқилди. Судда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди.
Маълум бўлишича, 2023 йилнинг 24 июл куни соат 14:06да тегишли лицензия асосида таксичилик фаолияти билан шуғулланувчи Акбархўжа Холиқов мижозни манзилга етказиб қўйиш мақсадида Cobalt машинасида Чилонзор тумани прокуратураси қаршисида 3.2-ҳаракатни тақиқловчи йўл белгиси ўрнатилган кўчага кирган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган инспектор Муродулло Муҳаммедов ҳайдовчига қарама-қарши йўлда ҳаракатланганини айтиб, баённома расмийлаштирган.
Шу тариқа, Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБнинг 2023 йил 23 августдаги қарори билан такси ҳайдовчиси МЖтКнинг 1285-моддаси 2-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 3,3 млн сўм жарима қўлланган.
МЖтКнинг 1285-моддаси 2-қисмида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузар назарда тутилган.
Бироқ ҳайдовчи Акбархўжа Холиқов йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланмаганлигини, 3.2 тақиқловчи белгиси ўрнатилган кўчага кирганини ва йўл ҳаракати қоидаларига биноан такси ҳайдовчиси сифатида бунга ҳақли эканини айтиб, ЙҲХБ қарорини бекор қилишни сўраган ҳолда ариза билан судга мурожаат қилган.
Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, 3.2 йўл белгиси тақиқловчи йўл белгилари сирасига киради. 3.2-3.8 белгилари таъсир оралиғида жойлашган корхоналарга хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларига, шунингдек, ушбу белгилар таъсир оралиғида яшовчи ёки ишловчи фуқароларга хизмат қилувчи ёки уларга тегишли бўлган транспорт воситаларига таъсир қилмайди. Бундай ҳолларда транспорт воситалари белгиланган жойга яқин чорраҳадан кириб ёки чиқиб кетишлари керак бўлади. Шунингдек, ушбу тақиқловчи йўл белгиси талаблари жамоат транспортларига (автобус, троллейбус, трамвай ва йўналишли таксиларга) ҳамда ногиронлар бошқарадиган автомобилларга таъсири йўқлиги қайд этилган.
Ишни ўрганиб чиққан суд суриштирув органи томонидан иш ҳужжатларига юзаки, бир томонлама ёндашилиб, Акбархўжа Холиқовнинг важлари эътиборга олинмасдан ҳолат тўлиқ текширилмаган деб ҳисоблади. Суд қарори билан Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБнинг Акбархўжа Холиқовга нисбатан жарима қўллаш ҳақидаги қарори бекор қилинди ҳамда иш қайта кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБга юборилди.
Инспекторга ким ҳуштак чалади?
Kun.uz'нинг эътиборини тортган яна бир жиҳат ЙҲХБ инспектори Муродулло Муҳаммедов расмийлаштирган баённома бўлди. Инспекторнинг йўл белгиларини қўллаш тартибини билмаслиги бир фожиа бўлса, унинг саводи (саводсизлиги деса ҳам бўлади) бу фожиа кўламини янада катталаштиради.
Баённомада 35 та сўз ёзган инспектор 15 та грамматик ва орфографик хатога йўл қўйган.
Сурхондорйо– Сурхондарё
Сурхандорйv – Сурхондарё
Шурчи – Шўрчи
Воктинча – Вақтинча
Коблт – Кобалт (Cobalt)
Йенгил – енгил
Ок – Оқ
Узбек – ўзбек
угли– ўғли
Абдурохмонова – Абдураҳмонова
Xaydovchi – Haydovchi
pirakratura – prokuraturasi
kuchasi – ko’chasi
xarakotlonish – harakatlanish
yul – yo’l
Бузилмаган йўл қоидаси учун ҳуштагини чалган инспекторга бузилган тил қоидаси учун ҳуштакни ким чалади?
Ишни қайта кўриб чиқадиган Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ баённоманинг қонунийлигидан ташқари инспекторнинг хат-саводи устида ҳам бош қотиради, деб умид қиламиз.
Kun.uz Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси инспекторлари бир варақ қарорда 113та хатога йўл қўйгани ҳақида ҳам ёзган, мақоладан сўнг ўша пайтдаги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги танқид қилинган инспекторлардан назорат диктанти олганди.
Руслан Сабуров
Kun.uz
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
15:10 / 13.12.2024
Онкологик касалликлар давоси ҳақида реклама жойлаштирган МЧЖ жаримага тортилди
21:02 / 12.12.2024