Ўзбекистон | 09:48 / 18.09.2023
22651
3 дақиқада ўқилади

«Миллат саломатлигига бефарқ бўлманг». Ирода Тўлаганова Яшнободдаги теннис мажмуаси бузилишига қарши чиқди

Фото: E-Auksion

Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Ирода Тўлаганова Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган «Авиасозлар» саройи қаршисидаги теннис майдонлари бузилишига қарши видеомурожаат билан чиқди

Тўлагановнинг айтишича, ҳозиргача Жиззах шаҳрида 2 та, Термиз шаҳрида авваллари халқаро турнирлар ўтказиб келинган 1 та теннис майдони бузиб ташланган. Тошкент шаҳрида бўлса сўнгги бир неча йилда 20 дан ортиқроқ теннис кортлари бузилган.

«Мамлакатимизда спорт объектларини, жумладан, теннис кортларини бузиш бўйича қарор қабул қиладиганларга мурожаат қиляпман. Спорт юртимизда миллат саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди. Барча вилоятларимизда, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманда теннис кортлари қурилганди. Бироқ, афсуски, ҳозирда кўплаб теннис кортлари бузиб ташланди. 

Айни чоғда «Авиасозлар» теннис стадиони келажаги сўроқ остида турибди. Агар миллат саломатлигини мустаҳкамлашга бефарқ бўлмасангиз, мен сизларни нафақат мавжуд теннис кортларини асрашга, балки янги спорт мажмуаларини қуришга чақираман. Боиси статистикага кўра, юртимизда йилдан йилга аҳоли ўртасида теннис тобора оммалашиб боряпти», — дейди собиқ теннисчи. 

Facebook’аги «Яшнабадский район» номли гуруҳда фуқаролардан бири ҳам шу мазмунда мурожаат йўллаган. Аёл 3 йил аввал мажмуани бузиб ташлашлари мумкин бўлгани, бироқ улар ўшанда теннис кортни ҳимоя қилишга муввафақ бўлишганини таъкидлаган. 

Gazeta.uz’нинг ёзишича, мазкур спорт мажмуаси «Universal Tennis Plus» МЧЖ бошқарув компанияси томонидан 2023 йилнинг май ойида кимошди савдосига қўйилган. 16 май кунги аукцион 4 соат 48 дақиқа давом этган.

Ғолиблик талабномаси Отабек Нурмуҳаммедов томонидан тақдим этилган. У лот учун бошланғич баҳодан 5 фоиз кўпроқ — 30,99 млрд сўм таклиф қилган ва ғолибга айланган. 

Очиқ манбаларга кўра, лотни ютиб олган Отабек Нурмуҳаммедов узум етиштириш билан шуғулланувчи, устав капитали 957,3 млн сўм бўлган «Mirazizhoji» МЧЖда 11 фоиз, шунингдек, қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқарувчи, устав капитали 6 млн сўм бўлган «М-Тrans Service» МЧЖда 50 фоиз улуш эгаси эканлиги қайд этилган.

Устав капитали 5,4 млрд сўмга тенг бўлган «Universal Tennis Plus» МЧЖдаги давлат улуши илк марта 2022 йилда сотувга қўйилган. У дастлаб 29,52 млрд сўмга баҳоланган. МЧЖ бир нечта очиқ ва ёпиқ теннис кортларига эга «Авиасозлар» спорт мажмуасини бошқарган. Объект 0,76 гектар майдонда жойлашган.

Мавзуга оид