Иқтисодиёт | 07:47 / 18.09.2023
14543
2 дақиқада ўқилади

Вашингтонда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми якунлари бўйича 12 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи арафасида Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, форум ишида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШнинг 300 та компанияси фаолият юритмоқда, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Мамлакат иқтисодиётининг автомобилсозлик – General Motors, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш – John Deer, CNH, газ ишлаб чиқариш – Air Products, қишлоқ хўжалиги – Silverleafe ва бошқа соҳаларида АҚШ компаниялари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, тоғ-кон саноати, кимё ва энергетика саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари каби иқтисодиёт тармоқлари қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олинди. Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишда катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Тадбир давомида глобал рақобат, таъминот занжири барқарорлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш, стратегик прогнозлаш, хусусийлаштириш ва молиявий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича алоҳида сессиялар ўтказилди.

Бизнес-форум Ўзбекистон ва АҚШ вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва етакчи компаниялари раҳбарларининг G2B ва B2B форматидаги учрашувлари билан давом этди. Унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишга муваффақ бўлди.

Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди.

Мавзуга оид