Жамият | 21:11 / 19.09.2023
19259
2 дақиқада ўқилади

Олтинни ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб истеъмол қилиш дуруст эмас — Фатво маркази 

Шунингдек, бу «молни исроф ва зое қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уриш» экани айтилди. 

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Фатво маркази олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиб ёки алоҳида истеъмол қилиш шаръий ва инсоний урфга зид эканини маълум қилди. 

«Олтиннинг ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динимизда дуруст эмас. Биринчидан, аслида олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас. Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган», дейилади хабарда. 

Фатво маркази хабарига кўра, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмас. Шунингдек, бу «молни исроф ва зое қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уриш» ҳисобланади. 

Марказнинг маълум қилишича, айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин. Бу зарурат юзасидан жоиз, умуман олганда, алоҳида мавзу экани айтилган. 

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Қўқондаги ресторан мижозларга ейиладиган олтин билан қопланган кабоб, музқаймоқ ва палов таклиф қилаётгани, жумладан, «олтин» кабобнинг бир сихи 470 минг сўм, 1 кг «тилла» палов эса 40 миллион сўм экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мавзуга оид