Жаҳон | 22:54 / 20.09.2023
25974
3 дақиқада ўқилади

«Вето агрессор қўлида — БМТни боши берк кўчага қамаган нарса шу» — Зеленский БМТ Хавфсизлик Кенгашида чиқиш қилди

Украина президенти Володимир Зеленский кеча БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлагач, бугун Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳам иштирок этиб, чиқиш қилди.

Зеленский БМТ Хавфсизлик Кенгашида. Фото: The New York Times

Ўз чиқишида Украина президенти БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш зарурияти ҳақида гапирди.

«Тан олишимиз керак, ташкилот агрессияларга жавоб беролмасдан боши берк кўчага кириб қолган. Инсоният миллатларнинг суверен чегараларини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганида БМТдан умид ҳам қилмай қўйган. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига қарши агрессияга йўл қўйилмаслиги учун дастлабки чоралар кўриш механизмини ишлаб чиқиш керак», — деди Украина президенти.

Зеленский Бош Ассамблея жами овозларнинг учдан икки қисми билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзосининг ветосини айланиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Бутун жаҳон БМТни нима ожиз қилаётганини кўриб-билиб турибди. Хавфсизлик Кенгашининг курсиларидан бирини Совет иттифоқи тарқалганидан сўнг парда ортидаги манипуляциялар ёрдамида эгаллаб олган Россия номидан ёлғончилар эгаллаб олиш ва уларнинг иши Россия амалга ошираётган агрессия ва геноцидни оқлаб беришдан иборат», — деди Зеленский.

Зеленский БМТнинг ожизлигига сабаб қилди Россия қўлида вето ҳуқуқи борлигини кўрсатди.

«Вето агрессор қўлида — БМТни боши берк кўчага қамаган нарса шу. Сиз ким бўлишингиздан қатъи назар, БМТнинг мавжуд тизими сизни бир неча давлатларда мавжуд ва биттаси — Россия мудом фойдаланадиган вето ҳуқуқидан паст қилади», — деди Володимир Зеленский.

Зеленскийга кўра айнан вето ҳуқуқидан фойдаланиш БМТ Низомига кучни қайтарувчи асосий ислоҳот бўлиши керак.

Айни пайтда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорлари мажбурий, Бош Ассамблея қарорлари тавсиявий характерга эга. Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси — АҚШ, Хитой, Франция, Буюк Британия ва Россиядан бири вето қўйса, қарор қабул қилинмайди

Зеленский хавфсизлик архитектурасини тиклаш учун Россия қўшинлари ва ҳарбий тузилмаларини Украинадан тўлиқ олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

«Украинанинг 1991 йилги суверен ҳудудидан Россия қўшинлари, ҳарбий тузилмалар, жумладан Қора денгиз флоти ёки ундан қолган тешик тоғораларни билан олиб чиқиб, Украинага давлат чегараси ва Қора ва Азов денгизларидаги мултақ иқтисодий зонаси устидан назоратни тўлиқ қайтариб бериш лозим», — деди Зеленский.

Зеленский ўз чиқишини якунлаб бўлгач, Россия вакили Сергей Лавров сўзга чиқишини кутмасдан мажлислар залини тарк этган.

Мавзуга оид