Иқтисодиёт | 11:49 / 21.09.2023
51061
4 дақиқада ўқилади

Электр энергияси ва табиий газнинг таннархи маълум қилинди

Энергетика вазирлигига кўра, бир йилда ўртача 1,15 млрд доллар маблағ аҳоли хонадонларининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти. Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, бу маблағларни ижтимоий соҳага сарфлаш мумкин бўлади, дея маълум қилган вазирлик.

Фото: Kun.uz

Нарх шаклланишининг бозор механизмлари йўқлиги сабабли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўляпти, лекин соҳани доимий субсидиялаган ҳолда ривожлантириб бўлмайди, дея баёнот берди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.

Вазирликка кўра, 1 kWh электр энергиясининг таннархи 970 сўм, 1 куб метр газ таннархи эса 1890 сўмни ташкил этади.

Таққослаш учун, амалдаги тарифларда хонадонларга 1 kWh электр 295 сўмдан, 1 куб метр табиий газ 380 сўмдан етказиб бериляпти. 1 октябрдан бошлаб аксарият тадбиркорлик субъектларига нисбатан 1 kWh электр учун 900 сўм, 1 куб метр табиий газ учун 1500 сўмлик тариф амал қила бошлайди.

“Демак, бир ойда ўртача 200 kWh электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.

Худди шундай, 1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм бўлса, иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.

Бу дегани бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилмоқда.

Бу бир йилда ўртача 1,15 миллиард АҚШ доллари аҳолининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти, деганидир”, – дейилади расмий ахборотда.

Энергетика вазирлигининг 19 сентябр кунги баёнотида таъкидланишича, соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти. Бунинг натижасида эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган ушбу тафовутни қоплашга сарфланмоқда.

Расмийлар нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб ҳақ тўланишини жорий этиш зарурлигини қайд этган.

“Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, эртага бу маблағлар тежалади. Натижада тежалган маблағни ижтимоий соҳани ривожлантиришга, янги мактаблар, тиббиёт муассасаларини қуришга, ҳар бир соҳада ишлаб чиқаришни тараққий эттириш учун замонавий технологияларни олиб киришга, қолаверса, энергетика тизимини чуқур модернизация қилишга ҳам сарфлаш мумкин.

Бундан ташқари, яшаш учун зарур бўлган бошқа товарлар сингари энергия борасида ҳам бозор қоидалари билан яшаш истеъмолчилик маданиятини, ортиқча исроф қилмасликни, харажатларни мустақил назорат этиш ва оқилона тақсимлаш каби ҳаётий кўникмаларимизни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга ҳам туртки бўлиши, шубҳасиз”, – дея маълум қилган Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистон табиий газ импортини 7,2 баробарга оширгани, бунинг ортидан давлат бюджети харажатлари ўтган йилнинг мос даврига қараганда 25 фоизга ошиб кетиб, консолидациялашган бюджет тақчиллиги қарийб 6 фоизга етгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид