Фан-техника | 23:58 / 21.09.2023
56395
3 дақиқада ўқилади

Илон Маск миясига Neuralink чипини ўрнатишга рози одамларни изламоқда

Neuralink компанияси ўз тадқиқотлари учун миясига чип ўрнатишга рози бўладиган одамларни изламоқда. Аввалроқ, АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика назорати идораси (FDA) одамларда синов ўтказишга рухсат берган эди.

Фото: Neuralink

Neuralink миллиардер Илон Маск компанияси бўлиб, фалажни назорат қилиш қурилмалари орқали одамларга ёрдам бериш дастурини синовдан ўтказмоқда.

Компания 22 ёшдан ошган ва умуртқа поғонаси жароҳатидан кейин фалажланган, шунингдек, ўзига қаровчи ишончли ҳамширага эга одамларни қидирмоқда.

Тадқиқот дастури ҳисобланмиш PRIME (Precise Robotically Implanted Brain-Computer Interface) доирасида учта нарса ўрганилиши керак: биринчиси, N1 импланти, Neuralink компаниясининг «мия-компютер» қурилмаси. Иккинчиси R1 жарроҳлик роботи бўлиб, қурилмани имплантация қилади. Учинчиси, N1 User App иловаси, N1 орқали мия сигналларини компютер ҳаракатларига айлантиради. Neuralink компанияси тизимнинг барча уч қисми хавфсизлиги ва самарадорлигини синаб кўришни режалаштирмоқда.

PRIME иштирокчилари дастлаб 18 ойлик тадқиқотда иштирок этади. Шундан сўнг, улар ҳафтасига камида икки соат «мия-компютер» интерфейси тадқиқот сеансларини ўтказади. Кейинги беш йил ичида яна 20 марта тадқиқотчилар билан учрашади. 

Neuralink компанияси фақат «тадқиқот билан боғлиқ харажатлар»ни, масалан, синов ўтказиладиган жойга сафар харажатларини қоплашга тайёрлигини маълум қилган.

Neuralink мия чипларини одамларда синаб кўришни режалаштираётгани ҳақида Маск 2019 йилдан бери бир неча бор хабар берган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, компания томонидан ишлаб чиқилган имплантлар фалаж ва кўрликка дучор бўлган беморларга ёрдам бериши мумкин. Neuralink вакиллари фалаж бўлган беморларга компютер матни орқали уни ёзмасдан мулоқот қилиш имконини берувчи механизм яратишни ўз мақсадларидан бири деб эълон қилган.

Neuralink 2016 йилда ташкил этилган. Унинг тахминий қиймати 1 миллиард доллардан ошади. 2021 йил апрел ойида компания миясига чип ўрнатилган маймунни кўрсатди. Ҳайвон компютер мониторидаги курсорни фикр кучи билан бошқарди ва стол тенниси ўйнади. 

Neuralink компаниясининг энг муваффақиятли рақобатчиси Synchron бўлиб, у аллақачон фалаж бўлган беморларга ёрдам бериш учун мўлжалланган BCI имплантини одамларда синаб кўриш учун рухсат олган ва бир нечта операцияларни амалга оширган. 

Мавзуга оид