Варшава Киевга фақат эски шартномалар асосида қурол етказиб беряпти
Варшава Полша Украинага қурол етказиб беришни фақат аввал келишилган шартномалар бўйича давом эттиришини айтди. Шу билан бирга, Полша бош вазири Киевни хавф остига қўймаслигини таъкидлади.
Полша энди Украинани қурол билан таъминламайди, дея маълум қилди Варшава ҳукумати. Бош вазир ўринбосари Яцек Сасин 21 сентябр, пайшанба куни Plus радиостанциясига тегишли саволга жавоб берар экан, ҳаммаси бош вазир Матеуш Моравецкий айтганидек содир бўлаётганини айтди. «Биз бу келажак учун нимани англатишини кўрамиз», дея қўшимча қилди сиёсатчи.
Мавзуни давом эттирган Полша ҳукумати вакили Петр Мюллер PAP давлат ахборот агентлигига Полша фақат олдиндан келишилган ўқ-дори ва қурол-яроғ етказиб беришни, шу жумладан Украина билан имзоланган шартномалар доирасида амалга ошираётганини айтди.
Моравецкийнинг мунозарали баёнотлари
Кеча Полша ҳукумати раҳбари Polsat News етакчи ахборот каналининг Полша Украина ғалласини олиб киришни тақиқлаганига қарамай, Украинани қурол-яроғ ва ҳуманитар ёрдам етказиб беришда қўллаб-қувватлашда давом этадими, деган саволига шундай жавоб берди: «Биз энди Украинага қурол етказиб бермаяпмиз, чунки ўзимизни энг замонавий қуроллар билан таъминлаймиз». Унинг сўзларига кўра, Полша қурол-аслаҳа буюртмаларини сезиларли даражада оширган. «Агар сиз ўзингизни ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз, ҳимоя қиладиган нарсангиз бўлиши керак - бу биз эътироф этадиган қоидадир», деди Моравецкий ва Полша Европадаги энг кучли қуруқликдаги армиялардан бирига эга бўлиши учун мамлакат қуролли кучларини модернизацияси кераклигини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, интервюнинг яна бир нуқтасида Моравецкий Варшавадаги ҳукумат ҳеч қандай ҳолатда Украинани хавф остига қўймаслигини таъкидлади. «Бизнинг Жешувдаги марказимиз америкаликлар ва НАТО билан келишилган ҳолда, келажакда ҳам ҳозиргидек рол ўйнайди», деб ишонтирди у. Ғарбнинг аксарият ҳарбий ёрдами Украинага Россияга қарши мудофаа курашида Полша жануби-шарқидаги Жешув орқали келади.
Dpa агентлиги таъкидлаганидек, PAP ахборот агентлигининг Полша хизмати Мораветский баёнотларини инглиз тилидаги хизматдан бошқача талқин қилган. Полша версиясида ҳукумат раҳбарининг баёноти қурол етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида аниқ хулоса чиқариш мумкин бўлган тарзда етказилмаган.
Украинадан ғалла импорти билан боғлиқ келишмовчиликлар
Варшавадан мунозарали баёнотлар Украина ва Полша ўртасида Украина ғалласини импорт қилиш бўйича давом этаётган можаро фонида янграган. Полша, Венгрия ва Словакия, Европа Иттифоқи қарорига зид равишда, ўз деҳқонлари манфаатларини ҳимоя қилиш истагини билдирган ҳолда, Украинадан ғалла ва бошқа бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш бўйича миллий эмбаргони узайтириш ҳақида эълон қилди. Бу қарордан ғазабланган Киев ЖСТга шикоят қилди. Шу билан бирга, Варшаванинг таъкидлашича, тақиқ фақат Украинадан Полша бозорига ғалла импортига тааллуқлидир, унинг мамлакат ҳудуди орқали халқаро бозорларга «бирдамлик коридорлари» орқали олиб ўтилиши бунга тегишли эмас.
Мавзуга оид
22:12
Ҳэппи энд бўлмайди: уруш тугаши бўйича сценарийлар
21:02
Украина биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталари билан Россия ҳудудига зарба берди — ОАВ
20:34
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:24