Жаҳон | 08:36 / 22.09.2023
5998
4 дақиқада ўқилади

Ереван БМТни Қорабоғга тинчликпарвар кучларини юборишга чақирди

Арманистон ТИВ раҳбари БМТнинг Тоғли Қорабоғда кузатув миссиясини тузиш ва у ерга «мовий дубулғалар»ни юборишни таклиф қилди.

Фото: Russian Defence Ministry/TASS/IMAGO

Арманистон «Қорабоғда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун БМТ мандати остидаги тинчликпарвар кучлар учун имконият яратиш»га чақирди. Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян 21 сентябр, пайшанба куни ушбу ташкилотнинг минтақадаги можарога бағишланган йиғилишида БМТ Хавфсизлик кенгашига шундай таклиф билан мурожаат қилди

Мирзоян, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, ҳуманитар вазият ва хавфсизликни назорат қилиш мақсадида «Қорабоғда БМТнинг идоралараро миссиясини зудлик билан жойлаштиришни» таклиф қилди. Бундан ташқари, Арманистон ТИВ раҳбари Қорабоғдаги аҳоли пунктларида «ваҳима ва провокацияларга йўл қўймаслик» учун Озарбойжон ҳарбийлари ва полициясини олиб чиқиб кетишга чақирди.

Мирзоян минтақада БМТ тинчликпарвар миссиясини «музокаралар якунига қадар» ушлаб туришни таклиф қилди. Бундан ташқари, у «Озарбойжон томонидан Қорабоғ ҳарбий ва сиёсий арбобларига нисбатан жазо чоралари қўлланмаслигини» талаб қилди. 

Шу билан бирга, Жанубий Кавказда Европа Иттифоқининг фуқаролик миссияси мавжуд - у 2023 йил бошида яратилган. Бироқ, Европа Иттифоқи тинчликпарвар кучлари фақат Арманистоннинг чегарадош ҳудудларида патруллик қилади. 

Озарбойжон Қорабоғдаги ҳаракатларини қонуний деб билади 

Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов БМТ Хавфсизлик кенгашининг айни йиғилишида сўзга чиқиб, мамлакат кучлари БМТ Низомига мувофиқ минтақада «аксилтеррор чора-тадбирлари» амалга оширганига ишора қилди. 

Дипломат Арманистонни «халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини яшириш учун Хавфсизлик кенгашини суиистеъмол қилишда» айблади ва «барча давлатларда халқаро ҳуқуқ доирасида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, миллий озчиликларга мансуб шахсларни интеграция қилиш ҳаракатларига зарар етказмаслик, қўшни давлатлар ҳудудида сепаратизмни қўзғатмаслик мажбурияти борлигини» таъкидлади. 

Арманистон ТИВ раҳбари озарбойжонлик ҳамкасби нутқи чоғида БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлислар залини тарк этди, деб хабар бермоқда ТАСС. 

Ереванда Қорабоғдаги вазият юзасидан норозилик намойишлари давом этмоқда 

Озарбойжоннинг Қорабоғдаги ҳаракатлари муносабати билан Ереванда бўлиб ўтаётган норозилик намойишларининг учинчи кунида камида 46 нафар намойишчи қўлга олинди, дея хабар бермоқда РИА «Новости» Арманистон полицияси матбуот хизматига таяниб. 

Аксарияти Республика майдонидаги Арманистон ҳукумат биноси олдида ўтаётган намойишлар иштирокчилари бош вазир Никол Пашинян ва унинг ҳукумати истеъфосини талаб қилмоқда. Намойишчилар, шунингдек, Қорабоғдаги вазият муносабати билан Россиянинг ҳаракатларидан норозилик билдирмоқда.

Арманистонда мамлакатнинг собиқ бош вазири Вазген Манукян вакили бўлган мухолифат кеча-ю кундуз давом этадиган «итоатсизлик ҳаракатлари»га чақирмоқда, деб ёзади «Осторожно, новости» Telegram-канали. Шу тариқа, Манукян вазирлар маҳкамасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилишига йўл қўймаслик ва Ереван кўчаларини тўсиш мақсадида тарафдорларини 22 сентябр куни эрталаб соат 10 да ҳукумат биноси олдига йиғилишга чақирди.

Мавзуга оид