Бир жиноят тарихи – қизининг қотилига «ҳукм ўқиган» аёл
1981 йил 6 март. Германиянинг Любек шаҳрида ўтказилаётган суд мажлисида педофил қурбони бўлган 7 ёшли қизчанинг онаси қотилликда айбланаётган эркакни отиб ўлдиради. Бу қотилликка прокурорнинг педофилга енгил жазо сўрагани ва унинг қизга туҳмат қилгани сабаб бўлади. Аёлни дарҳол қўлга олишади ва у бир неча йилга қамалади.
Бу дунёда энг кучли муҳаббат онанинг фарзандига бўлган муҳаббатидир. Оналар ўз болалари учун ҳар қандай машаққатларга, ҳаёт синовларига дош беришга тайёр туради.
Германияда яшовчи аёл Марианна Бахмайер ҳам педофил томонидан ўлдирилган қизи учун қотилдан ўч олади. У педофилни отиб ўлдиради.
Бу ҳодиса ўз вақтида нафақат ГФРда, балки бутун Европада шов-шув бўлган эди. Ўшанда жуда кўпчилик қизининг қотилидан ўч олган аёлни қўллаб-қувватлайди.
Қотиллик
1980 йил 5 май куни Германиянинг Любек шаҳрида яшовчи етти ёшли Анна онаси Марианна Бахмайер билан жанжаллашиб қолади. Сўнг дугонасиникига боришга қарор қилади.
Орадан кўп ўтмай нотаниш бир аёл қўнғироқ қилиб, қотилликка гувоҳ бўлганини, эри ёш қизчани ўлдириб, уни қутига жойлаб дарё ёқасига кўмганини айтади
Полиция дарҳол эркакни қўлга олади. У 35 ёшли Клаус Грабовски эди. Кўмилган жойдан қизнинг жасади ковлаб олинади. Дастлабки сўроқдаёқ Грабовски қизни ўлдирганини тан олади. Бироқ унга жинсий зўравонлик қилганини тан олмайди.
Суриштирувларда 35 ёшли эркак аввал ҳам икки марта ёш қизларга жинсий зўравонлик қилгани учун қамалиб чиққани ва 1976 йилда кимёвий бичилгани, кейинчалик гормонал тиклангани маълум бўлади.
Тергов
Грабовски Аннани ўлдириш нияти бўлмаганини айтиб, терговчиларни чалғитишга уринади. Эркакнинг терговда айтишича, қизча унинг олдига ўзи келган ва эркакнинг эркалашлари ёқишини айтган.
Сўнг Грабовскидан пул сўраган, у бермаган. Шунда Анна «Онамга менга тирғалди» деб айтаман», деган. Грабовски қўрқиб кетган ва қизни ўлдирган.
Марианна Бахмайер Грабовскининг кўрсатмаларини газетада ўқиб даҳшатга тушади. У эркак Аннага жинсий зўравонлик қилган, сўнг уни ўлдирган деб ҳисобларди.
Аёл Грабовски ўзини оқлаш учун олчоқларча Аннага туҳмат қилганига чидай олмайди ва уни ўлдириш пайига тушади.
Кейинчалик маълум бўлишича, Анна дугонасиникига бораётиб, кўчада мушукни кўриб қолади. Уни олиб эркалатмоқчи бўлганида мушук Грабовски яшайдиган ҳовлига кириб кетади. Қиз мушукнинг ортидан кирган чоғда Грабовскига дуч келади.
Эркак Аннага жинсий зўравонлик қилиб, сўнг қизчани ўлдиради. Буларнинг барчасини Грабовскийнинг хотини кўриб қолади.
Марианна ҳақ эди. Агар Грабовскининг хотини кўриб қолмаганда Аннанинг қотили умуман топилмаслиги ва ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолиб кетиши мумкин эди.
Қотилнинг ўлдирилиши
1981 йил март ойида тергов тугагач суд жараёни бошланади. Биринчи ва иккинчи суд мажлисида асосан Грабовски сўроққа тутилади. Эркак суд давомида терговда айтган гапларини такрорлайди ва Аннага жинсий зўравонлик ишлатмаганини, аксинча қиз ўзига тирғалганини айтади.
Суд жараёнида Марианна Бахмайер судя ва прокурор қотилга хайрихоҳ бўлиб, унга енгил жазо тайинланиши учун уринишаётганини англаб етади. У Грабовскини ўлдириш учун қатъийроқ ҳаракат қилиш керак, деган қарорга келади.
Шундан сўнг Марианна қизининг қотилини қандай қилиб ўлдиришни ўйлай бошлайди ва катта таваккал қилади. У учинчи суд мажлиси бошланган пайтда сал кечикиб келади. Ўртадан юриб борар экан, жойига ўтиришдан аввал сумкасидан пистолет чиқариб, Грабовскига қарата саккизта ўқ узади.
Аёл Beretta 70 пистолетидан фойдаланган ва ўқларнинг еттитаси Грабовскининг кўксига қадалган эди. Қотил ўша жойни ўзида ҳалок бўлади. Грабовски йиқилгандан сўнг аёл пистолетни оёқ остига ташлайди.
Марианна ҳибсга олишаётганда умуман қаршилик кўрсатмайди ва «Қотил менинг қизимни ўлдирди. Мен унинг башарасини мўлжалга олишни хоҳлагандим, бироқ ўқлар кўксига тегди. Умид қиламанки у ўлди», дейди.
Кейинчалик аёл ўз интервюларида нима қилиб бўлса ҳам Грабовскийнинг овозини ўчириш ва уни қизи ҳақида бўлмағур гапларни бошқа гапира олмайдиган қилиб қўйишни жуда хоҳлагани ҳақида айтади.
Ҳодисадан сўнг Марианнани тўғри касалхонага олиб боришади ва унинг руҳий ҳолати текширилади. Аёлнинг қўлига ручка ва қоғоз бериб нимадир ёзишини айтишганда у «Мен бу ишни сен учун қилдим, Анна» дейди. Шифокорлар уни руҳий соғлом деб топишади.
Марианнанинг оғир ўтмиши
Марианна Бахмайер содир этган иш Германияда жуда катта шов-шув келтириб чиқаради. Мамлакатнинг барча бурчагидан ОАВ вакиллари Любекка қараб ошиқади. Уларнинг барчаси Марианна содир этган жиноят тафсилотларини ёритишни хоҳларди.
Марианна Бахмайер тергов қилинар экан, ўша пайтда унда адвокатлар учун тўлашга маблағ ҳам йўқ эди. Шу сабабли аёл ўзининг ҳаёт йўли тарихини сотишга қарор қилади.
Марианна бошидан ўтказган ҳодисаларни Германиядаги энг оммабоп Stern журналига 100 минг маркага сотади. Аёл пулларнинг асосий қисмини адвокат ёллаш учун сарфлайди. Кўп ўтмай журналда аёлнинг бошидан ўтказган воқеалар эълон қилинади.
Маълум бўлишича, Марианна 1950 йилда собиқ СС зобити оиласида туғилган. Отаси уруш тугагандан сўнг барча нарсасини ташлаб, Шарқий Пруссияга қочган ва мағлубиятдан сўнг маст қилувчи ичимликларга ружу қўйган.
Отаси Марианна туғилганидан кейин ҳам маст бўлиб юришни камайтирмайди. Оилада мудом жанжаллар бўлавергани учун Марианнанинг ота-онаси ажрашади ва у онаси билан кетади.
Ўсмир ёшдаги қизнинг хархашаларидан чарчаган онаси қизни уйидан қувиб юборади. Шу тариқа 15 ёшли Марианна кўча-кўйда дуч келган жойда яшаб юради.
У Аннани 22 ёшида туғган ва унгача иккита фарзанд кўриб, бошпанаси бўлмагани учун уларни болалар уйига топшириб юборганди. Анна туғилгандан сал ўтиб, у эри билан ажрашади. Бироқ бу пайтда анча ўзини ўнглаб олган аёл қизини ўзи боқишга қарор қилади.
Аёл қизини жуда яхши кўрган. Бироқ ёшликда олган руҳий жароҳатлар сабабли Марианна қизи улғая бошлагач у билан тез-тез жанжаллашиб қолаверади. Анна уйдан чиқиб кетган куни ҳам арзимаган нарсадан жанжал келиб чиққанди.
Ўша пайтларда аёл тунда барлардан бирида сотувчи бўлиб ишлар, кундузлари вақтини ухлаш билан ўтказарди. Оқибатда Анна қаровсиз қолар ва жанжал асосан шундан келиб чиқарди.
Шундай пайтларда аёл бир неча марта Аннани болалар уйига топшириб юбормоқчи ҳам бўлади. Бироқ охирги сонияларда фикридан қайтади.
Ҳукм ва қамоқ
Марианна ҳақида журналда ўқиган ва эшитган одамлар аёлнинг аччиқ тақдиридан хабар топиб унга раҳми келади. У қизининг қотилини отиб ташлагани ҳақида хабар топишгач, уни қўллаб-қувватлашади.
Ҳар куни аёлга мамлакатнинг турли ҳудудларидан кўплаб мактублар кела бошлайди. Унга гуллар ва бошқа совғалар юборишади. Одамлар шу йўл билан Марианнага бирдамликларини билдиришади. Ҳатто пул йиғиб аёлга адвокат ҳам ёллашади.
Шунингдек, одамлар Ғарбий Германиядаги суд тизимини танқид қилиб, Марианнага озодлик беришни талаб қилишади. Аёлнинг бошига тушган кўргиликлар ҳақида даврий матбуотда мақолалар, телевидениеда кўрсатувлар берилади.
Тергов жараёнлари тугагандан сўнг Марианна Бахмайерга қотиллик ва ноқонуний қурол сақлаш бўйича айблов эълон қилинади ва 1982 йил 2 ноябр куни суд жараёнлари бошланади.
Марианнанинг судини ёритиш учун бутун Европадан, Америкадан даврий матбуот ва телеканаллар мухбирлари етиб келади.
Аёлнинг адвокатлари у содир этган қотиллик аввалдан режалаштирилмаганини, қотил қизига туҳмат қилганига чидай олмаганини ва Грабовски енгил жазо олиши мумкинлигини ўйлаб, жаҳл устида содир этганини, ноқонуний қурол сақламаганини исботлаш учун анча тер тўкишади.
Марианнага умрбод қамоқ жазоси хавф солаётганди. Бироқ аёлнинг адвокатлари мақсадларига эришади. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Любек шаҳар суди Марианнага бор-йўғи олти йил қамоқ жазоси беради.
Ҳукм 1983 йил 2 ноябр куни ўқилади. Аёл қамоқхонада уч йил ўтиргач ўзини намунали тутгани учун озод қилинади. Марианна қамоқда бўлган даврда ҳам ҳар куни одамлардан мактуб олиб турган.
Саратон касаллиги ва ўлим
1985 йил июн ойида Марианна қамоқдан озод бўлгач немис тили ўқитувчисига турмушга чиқади ва улар Африкадаги Гана давлатига кўчиб кетади. 1990 йилда аёл эри билан ажрашади ва Италиянинг Сицилия оролига кўчиб келади.
1994 йилда Марианна немис радиоларидан бирига интервю беради. Ўша йили нашриётлардан бири унинг ҳаёти ҳикоя қилинган асарни китоб ҳолида чоп этади.
Шундан сўнг Марианна яна бир неча нашрларга, телеканалларга берган интервюсида қизининг қотилини нега ўлдиргани сабабини гапириб беради.
Унга кўра, Марианнага қотилнинг қизига бўҳтон қилгани, Грабовски енгил жазо олиб, қамоқдан чиқиб келса бошқаларни ҳам ўлдириши мумкинлигини ўйлаб, бунга йўл қўймаслик учун уни отиб ташлаганини айтади.
2006 йилда немис телеканалларидан бирида Марианнанинг ҳаёти ҳақида ҳужжатли филм намойиш этилади. Унда аёлнинг дугонаси Марианна қизининг қотилини ўлдиришни режалаштиргандан сўнг пистолет сотиб олиб, ташландиқ уйлардан бирининг ертўласида отишни машқ қилганини айтиб беради.
1990-йиллар ўрталарида Марианнада саратон касаллиги аниқланади. Шундан сўнг у Любек шаҳрига қайтиб келади. 1996 йил 17 сентябр куни Марианна 46 ёшида вафот этади. Уни қизининг ёнига дафн этишади.
Марианна Бахмайер ҳақидаги асарлар
Марианна ҳақидаги илк асар 1983 йилда у энди қамалган кезларда яратилади. Бир гуруҳ ижодкорлар «Анна жамоаси» номи билан труппа очишади ва Марианна Бахмайер ҳаёти ҳақида песа ёзиб уни саҳналаштиришади.
«Бу сен учун Анна» деб номланган песанинг қисқартирилган варианти 1983 йилда, тўлиқ варианти 1984 йилда намойиш этилади.
1984 йилда Марианна ҳақида «Аннанинг онаси» (Annas Mutter) филми суратга олинади. Ўша йили аёл ҳақида суратга олинган «Кўзёш учун вақт йўқ: Бахмайер иши» (Der Fall Bachmeier – Keine Zeit für Tränen ) филми ҳам намойиш этилади.
1996 йилда «Марианна Бахмайернинг секин ўлими» (Das langsame Sterben der Marianne Bachmeier) филми экранларга чиқарилади.
1994 йилда Марианнанинг ҳаёти ҳақида «Марианна Бахмайер» асари китоб ҳолида чоп этилади.
1993 йилда «Онанинг ҳақли адолати: Марианна Бахмайер иши» номи билан Марианнанинг Mirror TV телеканалига берган интервюси намойиш этилади.
2006 йилда ARD телеканалида «Марианна Бахмайернинг қасоси» (Die Rache der Marianne Bachmeier) ҳужжатли филми кўрсатилади.
2017 йилда ZDF телеканалида «Аёллар ўлдирганда: Марианна Бахмайер» ҳужжатли филми томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
20:26 / 12.11.2024
Германия бундестагида муддатидан олдин ўтказиладиган сайловлар санаси маълум бўлди
07:50 / 12.11.2024
Германияда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватлаш пасаймоқда
20:57 / 11.11.2024
Германия ТИВ раҳбари мудофаа харажатларини оширишга чақирди
13:26 / 11.11.2024