Осиё ўйинлари кундалиги. Яна 7 медал қўлга киритилди
Баҳсларга қўшилган таэквондочилар ҳам медал олишни бошлади, боксчилар Ҳасанбой Дўсматов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев дастлабки босқичдан ўтишди. Баҳсларнинг навбатдаги кунидан кейин Ўзбекистон делегацияси умумий рейтингда 4-ўринда бормоқда.
25 сентябр куни Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Кун давомида Ўзбекистон делегацияси 15 та спорт турида иштирок этди. Кун якунига келиб Ўзбекистон номига жами 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медаллари қўшиб қўйилди.
Бугунги медаллар академик эшкак эшувчилар, дзюдочилар ва таэквондочилар жамоалари томонидан қўлга киритилди.
Академик эшкак эшиш
Ўзбекистонга куннинг илк медали академик эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида кечган яккалик дастурида ғолиб бўлган Анна Пракатен томонидан тақдим этилди. У финалда рақибларини катта фарқ билан ортда қолдирди ва ўз фаолиятидаги яна бир чемпионликни нишонлади.
Асли беларус бўлган ушбу спортчи Токио-2020 олимпиадасида Россия номида қатнашиб, кумуш медал олган, 2021 йилги Европа чемпионатида эса олтин медални қўлга киритганди. 2023 йил апрелида спорт фуқаролигини ўзгартириб, мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашадиган бўлганди.
Шу кунги дастурларда қатнашган бошқа ўзбекистонлик эшкакчиларнинг барчаси медалларга эга бўлишди. М4 дастурида Шеҳроз Ҳакимов, Давр Давронов, Дилшод Худойбердиев ва Алишер Турдиев квартети маррага биринчи бўлиб етиб келди ва жамоа ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.
M4x дастурида Шаҳзод Нурматов, Шаҳбоз Холмирзаев, Меҳрож Маматқулов ва Собиржон Сафаралиев квартети
эса кумуш билан кифояланди.
Шу тариқа, академик эшкак эшувчиларимиз Осиё ўйинларидаги иштирокларини якунлашди. Спортчиларимиз мусобақа давомида 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, мазкур дастурда Хитойдан сўнг иккинчи ўринни эгаллашди. Бу Осиё ўйинлари тарихида ўзбекистонлик академик эшкак эшувчилар учун энг яхши натижа бўлди.
Дзюдо
Бугунги баҳсларда Ўзбекистон дзюдо жамоасининг беш аъзоси иштирок этди ва уларнинг икки нафари медал олди.
-57 кг вазн тоифасида Шукуржон Аминова нимчорак финалда виетнамлик рақибини иппон баҳоси билан мағлуб этганди, аммо чоракфиналда япониялик спортчига ютқазиб қўйиб, иштирокини эрта якунлади.
-63 кг вазн тоифасида Севинч Исоқова нимчорак финалда ҳонгконглик ва қирғизистонлик рақибларини мағлуб этиб, яримфиналга чиқди, аммо яримфиналда хитойлик спортчига ютқазди, кейинроқ бронза учун курашда қозоғистонлик Исмигул Куюловадан ҳам мағлуб бўлди.
-81 кг вазн тоифаси вакили Мусо Собиров дастлаб виетнамлик рақибини енгди, аммо чоракфиналда кореялик Ли Жунҳванга ютқазди, унинг бу рақиби финалгача етиб боргач, бронза учун курашадиган бўлди. У бу йўлда аввалига мўғулистонлик рақибини мағлуб этганди, аммо медал учун курашда қозоғистонлик Жубаназар Абилайхонга ютқазди.
-70 кг вазн тоифасида иштирок этган Гулноза Матниёзова эса иштирокини Макао вакили устидан ишончли ғалаба билан бошлади, чоракфиналда эронлик Марям Барбатни ҳам иппон баҳоси билан мағлуб этди, аммо яримфиналда КХДР вакили Мун Сонгуига ютқазди, бронза учун баҳсда эса Тайпей вакилли Лиао Ю Жунгни енгиб, Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги медални қўшиб қўйди.
-73 кг вазн тоифасида Муроджон Йўлдошев иштирокини баҳрайнлик спортчи устидан ғалаба билан бошлади, чоракфиналда КХДР вакилига ҳеч қандай имконият қолдирмади, яримфиналда эса мўғулистонлик спортчини ҳам енгиб, финалга йўл олди. Ҳал қилувчи беллашувда япониялик Соичи Ҳашимотони вазари баҳоси билан енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Таэквондо
Бугундан ўзбекистонлик таэквондочилар ҳам Осиё ўйинларида иштирокини бошлади. Спортчилар икки вазн тоифасида ва аралаш жамоавий баҳсларда қатнашишди.
-58 кг вазн тоифаси вакили Омонжон Отажонов иштирокини 1/32 финалдан бошлади ва филиппинлик рақибини 2:0 ҳисобида енгди, аммо кейинги босқичда эронлик спортчига ютқазди.
-49 кг вазн тоифаси вакили Мадинабону Маннопова баҳсларга 1/16 финалдан киришиб, дастлаб Макао вакилини енгди, кейин виетнамлик спортчидан устун келди, аммо яримфиналда Таиланд вакилига ютқазди ва бронза медал билан кифояланди (яримфиналга чиққан спортчилар автоматик равишда бронзани кафолатлайди).
Аралаш жамоавий беллашувларда ҳам Ўзбекистон вакиллари шоҳсупага кўтарилди. Чоракфиналдан баҳсларга киришган жамоа Ҳонгконгни 101:4 ҳисобида мағлуб этди. Аммо яримфиналда Шуҳрат Салаев, Жасур Жайсунов, Озода Собиржонова ва Светлана Осиповдан иборат жамоа Жанубий Корея вакилларига 47:48 ҳисобида ютқазиб, бронза билан кифояланди.
Бокс
Бугун Ўзбекистон бокс жамоасининг уч вакили турнирдаги баҳсларга киришди.
Навбаҳор Ҳамидова (-66 кг) Осиё ўйинларидаги биринчи беллашувида рингга кўтарилди. Аммо таиландлик Жангаев Суваннапенг билан жанг қилган Ҳамидова имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этди.
Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Осиё ўйинларини ажойиб ғалаба билан бошлади. Жанубий кореялик Цехеонг Жога қарши жангда яққол устунлик қилган Дўсматов кейинги босқич масаласини муддатидан аввал ҳал қилди. Шифокорлар 2-раундда Ҳасанбойнинг кучли зарбалари натижасида жароҳат олган рақибга жангни давом эттиришга рухсат беришмади.
Жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-71 кг) ҳам илк жангини юқори нотада ўтказди. КХДР вакилига қарши рингга кўтарилган ушбу спортчи 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.
Футбол
Тимур Кападзе бошчилигидаги футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлади. C гуруҳида Ҳонгконг билан икки ўйин ўтказган (гуруҳнинг қолган икки иштирокчиси Афғонистон ва Сурия турнирга келмагани туфайли шундай қарорга келинган) ўзбекистонликлар икки учрашувда ҳам ғалаба қозонишди (1:0, 2:1) ва биринчи ўрин билан плей-офф босқичига йўл олди.
Плей-офф босқичида илк ўйин 28 сентябр куни Индонезияга қарши бўлиб ўтади.
Осиё ўйинларида биринчи бор иштирок этаётган футболчи қизларимиз йирик ҳисобда ғалаба қозонишди. Гуруҳ босқичинг илк баҳсида Мўғулистонга қарши майдонга тушган Минори Хонда шогирдлари рақиб дарвозасини жавобсиз 6 бор ишғол қилишди.
Спорт гимнастикаси
Гимнастика афсонаси Оксана Чусовитина Осиё ўйинларининг финал босқичига йўл олди. Ҳамюртимиз таяниб сакраш дастурида яна бир бор чемпионлик учун баҳс олиб борадиган бўлди. Унинг саралашдаги икки чиқиши ўртача ҳисобда 12.949 баллга баҳоланди.
Ҳандбол
Бугундан ҳандболчиларимиз ҳам Осиё ўйинларида баҳсларга киришишди. Аммо биринчи тур эркаклар ва аёллар терма жамоалари учун омадсиз якунланди. Эркаклар жамоаси Қозоғистонга 27:31 ҳисобида имкониятни бой беришган бўлса, аёллар жамоаси Жанубий Кореяга 16:42 ҳисобида мағлуб бўлди.
Шу тариқа, бугун ҳам жами 7 медал жамғарган Ўзбекистон делегацияси жами 14 медал (4 тадан олтин ва кумуш, 6 та бронза) билан умумий рейтингда 4-ўринда бормоқда.