Ўзбекистон | 18:53 / 25.09.2023
27748
4 дақиқада ўқилади

Темирйўл соҳасида чипта сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳоли норозилиги айтилди  

Президент темирйўл соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалаларга эътибор қаратди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ҳузурида темирйўл соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Қайд этилишича, халқаро майдондаги вазият ҳисобига транспорт-логистика харажатлари бир неча баробар ошиб кетган. Ўзбекистон каби дунё океанларига тўғридан тўғри чиқиш имкони йўқ мамлакатлар учун энг қулай ва арзон транспорт бу – темирйўл ҳисобланади. Лекин, ҳозир ички бозорда маҳсулотнинг атиги 5 фоизи, экспортда эса 45 фоизи темирйўл орқали ташилмоқда. Яъни темирйўл компанияси автомобилда юк ташиш билан рақобат қила олмаяпти.

Йиғилишда темирйўл соҳасидаги ислоҳотлар суръати иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган янгиланишлардан ортда қолаётгани, бу соҳада ҳам туб ўзгаришларни амалга ошириш вақти келгани таъкидланди.

Жумладан, бундан икки ой аввал соҳага янги раҳбар тайинланган эди. Тизимда эскича фикрлайдиган, ташаббус билдирмайдиган 30 га яқин раҳбар янгиланди. Самарасиз штатлар қисқартирилди.

Президент топшириғига кўра, 191 та темирйўл станциясига борилиб, улардаги ҳақиқий аҳвол таҳлил қилинди, 500 дан зиёд тадбиркорлар билан учрашилди. Ушбу тадбирлар натижасида соҳада ҳал қилиниши бўлган асосий муаммолар аниқланиб, уларнинг ечимлари белгилаб олинди.

Жумладан, айрим темирйўл корхоналари рентабеллиги паст, вагонлар паркининг бир қисми таъмирталаб ва янгиланишга муҳтож, соҳада хусусий сектор иштироки учун зарур имкониятлар яратилмаган, чипта сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳолимиз норози. Буларнинг барчаси соҳани ислоҳ қилиш заруриятини кўрсатмоқда.

Давлат раҳбари айрим темирйўл станцияларининг даромади ўз харажатларини қопламаётганига эътибор қаратди.

Масалан, «Назарбек» станцияси атрофида ҳам акциядорлик жамиятига қарашли, ҳам хусусий логистика компаниялари жойлашган. «Темирйўл»га қарашли «Юксарой» корхонаси йилига 1 гектар майдондан 277 миллион сўм даромад топган бўлса, хусусий корхоналар 1 миллиард сўмдан ортиқ даромад олаяпти.

Шу муносабат билан темирйўл станцияларига хусусий секторни жалб қилиш ва инвестиция киритиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда импорт вагонларининг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида станцияларда тирбандлик юқори бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан темирйўл юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлиги қайд этилди. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракатини қисқартиришга, туманларга қўшимча инвестиция киришига хизмат қилади.

Соҳада рақамлаштириш қониқарли даражада эмаслиги ҳам таъкидланди. Жумладан, жорий йилнинг етти ойида юк ташиш хизматининг атиги 8 фоизи электрон расмийлаштирилган, йўловчи чипталарининг 57 фоизи кассалар орқали сотилган.

Бундан ташқари, марказий вокзалларга кириб-чиқиш имконияти чекланган. Автомобил сақлаш жойлари вокзаллардан узоқ. Вокзалларда савдо ва сервис хизматлари лозим даражада йўлга қўйилмаган.

Поезд тўқнашувлари ҳолатларининг олдини олиш учун барча автомобил ва темирйўл кесишмаларини назорат қилиш, йўл белги, шлагбаум ва камералар ўрнатиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ушбу муаммолардан келиб чиқиб, давлат раҳбари соҳа олдида турган устувор вазифаларни белгилаб берди.

«Ўзбекистон темирйўллари»ни ҳолдингга айлантириб, тизимда замонавий бошқарувни жорий қилиш, жумладан, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланди.

Вагонлар паркини янгилашга мўлжалланган кредит ва компенсация ажратиш механизмларини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид